Мақолалар

Соғлом ота-она – соғлом бола демакдир

Тараққиётнинг янги босқичида ҳам “соғлом она ва  соғлом бола”, “соғлом онадан соғлом бола” каби эзгу ғоя асосида жуда кўплаб дастурлар амалга оширилмоқда. Бу бежиз эмас албатта. Чунки фарзанд – Аллоҳ таолонинг инсониятга ато этган беҳисоб неъматлари ичида энг қадрибаланд ва азизи эканини, шу билан бирга, чексиз умидлар ила бир ёстиққа бош қўйган икки инсонга “ота ва она” деган шарафли номни юкланишига асос эканини ҳам ҳеч ким инкор этолмайди. Фарзанднинг қанчалар буюк неъмат экани, уни Яратгувчи Аллоҳдан ўзга ҳеч ким бера олмаслигини теранроқ англаш учун “ўзгаларга ибрат” бўлган бефарзандларнинг ҳаётига нигоҳ ташлаш лозим бўлади. Шунда унинг қанчалар чексиз ва буюк неъмат эканини англаб етиш имкони янада зиёда бўлади.

Ислом таълимотига мувофиқ, келажакда ота ёки она бўлмишларнинг бўлажак фарзандлари олдидаги энг биринчи бурчи унга муносиб она ёки ота танлаш мажбуриятидир. Чунки ҳадислардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уруғларингизга ихтиёрни яхши қилинг. Никоҳингизга тенгни топинг ва уларга никоҳланинг» дедилар. Мазкур ҳадисдан хар бир турмуш қурадиган ўғил-қиз, келажакда дунёга келадиган дилбандига дунё ва дин масаласида муносиб бўлган она ва ота танлаши улуғ бир вазифа экани англашилади. Шу билан бирга турмуш қуришда мусулмон инсон нафақат шахсий манфаатини балки, зурриёдининг ҳам манфаатини ўйламоғи лозим экани аён бўлади. Сабаби фарзанднинг барча шахсий сифат ва хусусиятлари насл яъни ирсият орқали ўз ота-онасидан ўтиши барчага кундек равшандир. Айнан мана шу сабабдан боланинг ота ва онасини танланаётганда уларнинг аввало маънавий ва жисмоний жиҳатдан соғлом ва баркамол эканига эътибор қаратиш лозим бўлади. Оқибатда эса мазкур фарзанд бутун ҳаёти давомида ўзини дунёга келтирганлардан кўнгли сурур ва фахрга тўлиб ҳаёт кечиради.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш ҳам шариат изн берган нарсалардандир. Зеро, бу жараённи куёв ва келин ўзларининг сабабидан келажакда дунёга келадиган фарзандларининг ақлан ва жисмонан саломатлиги хақида куйиниши ва қайғуриши дейилса ҳам асло муболаға бўлмайди.

Мазкур жиҳатлардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, дунёга келадиган боланинг ҳам руҳий-маънавий, ҳам жисмоний саломат бўлишининг ташвишини буюк неъмат – фарзанд дунёга келмасдан аввал эмас, балки ҳомила вужудга келмасдан аввал бошламоғимиз, бунинг учун эса энг аввало: «кимга қиз узатяпмиз?» ва «кимни келин қиляпмиз?» каби саволлар асосида чуқурроқ мулоҳаза қилмоғимиз лозим бўлади.

 

ЎМИ мутахассиси Акмалхон АҲМЕДОВ

1648 марта ўқилди

Мақолалар

Top