Мақолалар

Даврий нашримизда: Қашшоқликка қарши энг яхши чора

Китоб ўқиш орқали инсон ҳалол ва ҳаромни, яхшилик ва ёмонликни, эзгулик ва ёвузликни, ҳақ ва ноҳақни, адолат билан залолатни ажратиб олади. Яхшиликлар натижаси раҳмат, ёмонликлар оқибати эса мазаммат эканини англаб етади. Китоб инсоннинг икки дунёсини обод қиладиган хазинадир.

Уламоларимиз китоб ўқишнинг бир қанча фойдаларини санаб ўтганлар. Жумладан:

– китоб мутолааси киши­ни тинч­лантиради (олти да­қиқа китоб ўқиш асабийлашишга барҳам берар экан)

– китоб ўқиш қалбни юмшатади (тадқиқотларга кў­ра, бадиий асар ўқиган инсон ҳаётда ҳам бошқаларнинг ҳис-туйғуларини яхши тушунар экан);

– мутолаа мия фаолиятини яхшилайди (китобхоннинг ақлий салоҳияти бир неча кун юқори ҳолатда бўлиб, миядаги асаб толалари кўпаяди);

– китоб ўқиш уйқусиз­лик­дан қутулишга ёрдам беради (телевизор ва телефондан тарқаладиган нур мияга бе­зовталик ҳақида сигнал берса, китоб, аксинча, тинчланиш ва дам олишга таъсир кўрсатади);

– мутолаа тушкунликка қарши курашишга ёрдам беради (тушкунликка тушган беморлар китоб мутолаасидан кейин соғайишган. Қоронғида қолган кишининг йўлини чироқ ёритгани каби китоб жаҳолатга барҳам бериб, қалбни мунаввар қилади, кўнгилга ҳузур бағишлайди);

– китоб ўқиш инсоннинг хулқини гўзаллаштиради;

– мутолаа ҳаётдаги мақ­садни англашга, қийинчи­ликларни енгишга ёрдам беради;

– китоб ўқиш хотирани кучайтиради. Фикрлаш қоби­лиятини яхшилайди;

– мутолаа билан сўз бой­лигимиз ошади, дунёқара­шимиз кенгаяди;

– ота-она фарзандлари билан биргаликда китоб ўқишса, ўртада меҳр, яқинлик пайдо бўлади;

– мутолаа молиявий қийин­чиликларни бартараф этишда ёрдамчи (статистик маълу­мотларга кўра, китоб ўқимай­диганларнинг 43 фоизи қаш­шоқликда яшар экан).

Пайғамбаримиз соллал­лоҳу алайҳи ва саллам айтадилар“Кимнинг ажали илм талаб қилаётган вақт­да етиб қолса, Аллоҳ тао­лонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради” (Имом Табароний ри­вояти).

Аждодларимиз китобга муҳаббатли эдилар. Улуғ зотлар юқоридаги ҳадисга амал қилиб кун кечирганлар. Уларнинг аксарият вақти илм олиш, билим бериш, китоб ўқиш ва китоб ёзиш билан ўтган.

Ибн Рушддан қанча китоб ўқигани ҳақида сўралганда, бундай деган: “Икки кеча китоб ўқий олмаганман, холос. Никоҳ кечам ва отам вафот этган кеча”.

Имом Қатода бир туя китобни ёд олган экан. Имом Ғаззолий, Имом Фахриддин Розий, Имом Суютий каби олимлар кунига ўртача 15–20 бет асар битишган. Имом Табарийдек буюк олим 86 йил умр кўрган бўлса, ёзиб қолдирган китоблари 358 000 варақни ташкил қилади. Тах­минан, балоғат ёшлари 14 йил деб, умрларидан айирсак, 72 йил қолади. Шунда у зотнинг ёзган китоблари умрнинг ҳар бир кунига 14 варақдан тўғри келади.

Бугун халқимиз, ёшла­римиз қалбида китобга му­ҳаббат уйғотиш мақсадида жуда хайрли ишлар амал­га оширилмоқ­да. Ҳар бир ма­ҳаллада кутубхона ташкил этилиб, “Энг яхши китобхон” танловлари ўтказилаётгани фик­римиз ис­ботидир. .

Жасурбек ЛАТИПОВ,

Шофиркон тумани

«Хожа Ориф Ревгарий»

жоме масжиди

имом-хатиби

 

“Ҳидоят” журналининг 6-сонидан олинди

1791 марта ўқилди

Мақолалар

Top