Мақолалар

Қушча

Кўп йиллар бурун уйда нимадир ишга андармон бўлиб туриб, “Эй аср бўлиб қолибди-ку” деб шошиб ўрнимдан турмоқчи бўлгандим. Рафиқам: “Ҳали аср киргани йўқ”, деди мутлақо хотиржам оҳангда. “Нега? Кунни қаранг!..” десам, “Ҳали қушимиз келмади”, деб жавоб қилди. “Қайси қушимиз?” дея ҳайрон бўлиб сўрадим-у шу чоқда ҳар куни деразамиз ортида сайрайдиган қушча эсимга тушиб қолди. “Эй шу қуш аср вақтида келадими?” дедим ажабланиб. “Фақат асрда эмас, ҳамма намозда келади. Олдинги уйимизда ҳам келарди, сизга илгари айтувдим-ку, эсингиздан чиқиб кетдими?” деди хоним. Эс қолибдими одамда, бугун нима еганини эслай олмайди-ю. Шу гапларни  бир оз гаплашиб турганимиздан кейин дераза ортидан қушнинг сайроғи эшитилди. Мен югуриб бориб деразадан бўйладим. Аммо уни кўрмадим. Уйнинг томидами ёки барглар орасидами турган кичкинагина қуш бўлса керак-да деб қўйдим ўзимча. Рафиқам ҳам фарзандларимиз ҳам уни ҳеч кўрмаган экан.

Алҳосил, ўша қушчанинг сайраганини эшитар эдим-у, баъзида сайраши намоз вақтига тўғри келиб қолди деб ўйлаб қўярдим. Ўзини ҳеч ҳам кўрмагандим. Шу воқеадан сўнг ҳар доим намоз вақтида унинг сайрашини кутишни ва у сайрагани заҳоти олазарак бўлиб уни ахтаришни одат қилдим. Ҳамма вақт у айни вақтида келарди-ю, лекин сира ҳам кўзга чалинмас эди. Бир неча кун уни излаб топа олмаганимдан сўнг у кўринмайдиган қуш экан, деган хаёлга бориб изламай қўйдим.

Икки ҳафта бурун меҳмон келган эди. Шом чоғида бизнинг хотиржам ўтирганимизни кўриб, “Шом ўқимайсизми?” деди. Биз “Ҳозир қушимиз келади, кейин ўқиймиз”, дедик. У бизнинг гапимизга ҳам ажабланди, ҳам намоз вақти кечаётганини ўйлаб бетоқат бўлди. Орадан қанчадир вақт ўтгандан сўнг қушимиз сайради. Биз: “Ана энди намоз вақти кирди”, дедик. Шунда меҳмон деразага бўйлаб туриб уни топа олмади ва: “Шу қушларингизнинг боласи йўқми?” деб сўради. “Ўзини топа олмаяпмиз-у...” деб кулишдик.

Орадан бир-икки кун ўтиб қор ёғиб қаттиқ совуқ бўлди-ку, ўша куни шомда қушимизни роса кутдик. Соат миллари қўлимиздаги тақвимда кўрсатилган вақтдан хийла ўтиб кетди. “Ҳа, бугун қушимиз совуққа чиққиси келмасдан, намозни уясида ўқиб қўя қолибди-да”, деб ҳангомалашдик-да шомни ўқиб олдик. Намозни ўқиб жойнамозни йиғаётганимизда қушимиз келиб сайради. Соатга қараб вақтни эслаб қолдим. Эртаси куни Хасти Имомга келган эдим. Масжиднинг тепасидаги намоз вақтлари кўрсатилган таблога  қарасам айни қушча сайраган вақтни кўрсатиб турибди.

Ҳа дарвоқе, қайси куни бир жойдан кечроқ қайтдим. Таҳоратхонага югуриб кетарканман, тасодифан қушимизнинг учиб бораётганини кўриб қолдим: кичикинагина, қорагина қушча экан.

Кеча оқшом алламаҳалгача компьютер қаршисида ўтириб, чарчаб ухлагандим. Бомдод чоғида жуда маст уйқуда ётган эканман қушимиз одатдагилардан шу қадар баланд овоз сайради-ки, уни эшитиб уйғонмаслик мумкин эмас эди. Уйғондим-у, ўрнимдан туришга мажолим йўқ. Бир амаллаб туриб олдим, кўнглим ёришиб қушимизга раҳмат айтдим. Агар у бунчалик жон-жаҳди билан сайрамаганида намозни қочириб қўйишим тайин эди-да.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист 

5175 марта ўқилди

Мақолалар

Top