Мақолалар

Мутаассиб оқимлар таъсиридан эҳтиёт бўлинг!

Бугунги кунда носоғлом эътиқод эгалари мўмина аёлларга турли усул ва воситалар орқали таъсир ўтказишга тинимсиз уринмоқдалар. Бунинг оқибатида оила, маҳалла, жамият хавфсизлигига рахна солинмоқда. Бу жараёнда ғаламислар аёллар психологиясидаги нозик жиҳатлардан фойдаланишяпти.

Психологларнинг таъкидлашича, эркаклардан фарқли равишда аёлларда бўйсунувчанлик, ташқи таъсирларга берилувчанлик, бўлар-бўлмас ахборотга ўчлик, ўйламай ижтимоий муносабатларга киришиш кўп учрайди.

Мутаассиб кимсалар мақсадларига эришиш учун турли найранг, зуғум ҳамда психологик таъсир этишнинг замонавий усулларини қўллайдилар. Мутахассислар салбий кучлар таъсирига тушиб қолмаслик учун қуйидагиларни тавсия этишади.

1. Бегона суҳбатдошдан 2 метр оралиқ масофани сақланг! Сизга психологик таъсир қилишни истаган шахс яқинроқ келишга ҳаракат қилади. Мутахассислар фикрига кўра, 60 см. масофада ҳар қандай сўз, фикр тингловчининг онг тўсиғини ёриб ўтиб, унинг онг ости соҳасига таъсир кўрсатади.

2. Суҳбатдошингизни тинглаётганда, бошингизни унга нисбатан тўғри тутинг! Чунки инсон бош мияси икки ярим шар фаолияти билан алоқадор. Бош миянинг бу икки қисми турли вазифаларни бажаради. Ўнг ярим шар, асосан, мантиқий тафаккур ва математик амалларни бажаришга масъул бўлса, чап ярим шар, асосан, ҳиссий-эмоционал операцияларни амалга оширади. Бунда суҳбатдошни ҳеч қачон қия ҳолатда, яъни, ён томон билан тингламаслик зарур.

3. Суҳбатдошингизнинг кўзларига тик қарамасликка ҳаракат қилинг!

* * *

Афсуски, бугун аёллар экстремистик кучларнинг ўлжасига осонликча айланишмоқда. Ўзбек хонадонларида аёллар, асосан, рўзғор юмушлари билан машғул бўлишади. Шу сабаб уларда ижтимоийлашув жараёнлари нисбатан секин кечади. Бундай вазият аёл руҳиятида мавжуд ҳолатдан қониқмаслик ҳиссини пайдо қилади. Мутаассиблар эса бу вазиятдан унумли фойдаланиб, уларга қуйидагича психологик таъсир ўтказишга уринадилар:

– ҳаётидан норози аёл онгида ўзини оқлаш, (яъни, мен ёмон одам эмасман. Шундай экан, бошқаларнинг касрига нега мен қолишим керак?” деган ғояни шакллантирадилар;

– аёлларни ғаламис гуруҳга қўшиб, унга хушомад қилиб, “ҳақиқий ҳаёт аслида мана шу” деган ёлғон фикрни сингдирадилар. Аёлларга бундай эътибор ва хушомад кучли таъсир қилади;

– ўз ғоялари ва “буюк” вазифалари ҳақида, ўлим ва охират, мукофот ва жазо ҳақида таъсирчан нутқ сўзлайдилар. Оқибатда аёллар ўзларини билиб-билмай, уларнинг қўлларига топшириб қўйишади;

– мутаассиб шахслар аёлларнинг ички “мен”ини кучайтиради. Оқибатда улар онгида “мен яхшиман, бошқалар эса ёмон” тамойили устуворлик касб эта бошлайди.

Мутаассиб оқимлар аъзолари тарғиботни босқичма-босқич кучайтириб, аёлларга жамоавий таъсир ўтказишга интилади. Аёллар муайян фикрнинг мутлақо нотўғри эканлигини билсалар-да, жамоавий босим остида уни қабул қилишга мажбур бўлишади.

Аёлларга жаннат, унинг таърифу тавсифлари шу қадар чиройли бўёқларда етказиладики, натижада аёллар бу қоронғу дунёда қийналиб яшашдан кўра, тезроқ боқий жаннатга кетиш учун барча нарсага тайёр бўлишади. Бундай руҳий ҳолатга олиб чиқилган аёлдан мутаассиблар террорчи сифатида фойдаланишади. Қоп-қоп ваъдалари ёлғон, пучлигича қолиб кетаверади

Хулоса қилганда, мутаассиб шахслар ўзларининг нопок мақсадларини амалга оширишда динимиз қадрлаган аёлларнинг руҳияти асрорларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, юртимиз, фаровон ҳаётимизга хавф солиб, асрлар давомида шаклланган оила муқаддаслиги тушунчасини поймол этадилар. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллаларда мутахассислар ёрдамида мутаассиб оқим ва секталарнинг психологик таъсир усулларини фош қилиш, уларнинг зарарли оқибатларидан огоҳлантиришни талаб этади.

Феруза АКРАМОВА,

психология фанлари номзоди, доцент

“Мўминалар” журналининг 2020 йил, 3-сонидан

1855 марта ўқилди

Мақолалар

Top