Мақолалар

Нақшинкор ҳассалар сири

Кун пешиндан оғса-да, қуёш бутун борлиқни қиздирмоқда. Ҳовлининг ўртасидан оқаётган ариқчанинг нам қирғоғида бағрини захга бериб ётган олапар ҳам думини ликиллатиб атрофга аланглаб боқмоқда. Сардор гилос дарахтларига арқон тортиб қўлбола ясалган ҳалинчакда осмонга тикилиб хаёллар оғушида ётаркан, таниш овоз жаранглади.

– Сардо-ор..., Сардо-ор...

   Эринибгина бошини кўтариб қаради. Остонада турган Вали қўли билан “кетдик, чўмилишга” ишорасини қилаётганди.

   Сардор оёғига шиппагини иларкан шакароб ёпаётган ойисига:” Ойижон, биз чўмилишга кетаяпмиз, ҳозир келамиз”, деди. Онаи зор-да:” Ҳой болам, эҳтиёт бўлиб  дарёнинг чеккасида чўмилинглар”, деб қолди хавотирланиб.

– Хў-ўп. Олапар, кетдик!

    Олапар хўтикдек катта бўлса ҳам, лекин жуда беозор. Ёш болалар ўйнаб қулоғидан тортса ҳам, Сардор завқи келиб устига ўтириб олса ҳам индамай тураверади.

    Шалдираб оқаётган дарё. Мазза. Чунки “Сардор қўйларни қайтар”, “Вали молларни қайтар”, деб иш буюрадиган катта болалар йўқ-да.

    Болалар ўзларини сувга отди, завқланиб чўмиларкан, Сардор чуқурликка тойиб кетди, жон ҳалпида “Вали-и, Олапар, Олапар”, деб қичқирди. Аксига олиб жўраси ҳам сузишни билмасди. Қулоқлари динг бўлган Олапар лапанглаб келиб ўзини сувга отди. Оёқ-қўли тинмай типирчилаётган Сардор Олапарни маҳкам қучиб олди. Кўзини очганда боши узра тўпланган жўралари ва бир чеккада кўзлари мўлтираб турган Олапарни кўрди. Шу воқеадан кейин Сардор ҳаётини сақлаб қолган Олапарга меҳр қўйди. Бола-да, ўзи нима еса “Олапар, ма”, деб итга илинди.

Сардор улғаяркан, йиллар давомида ҳайвонот оламига чуқурроқ кириб борди, улар инсонларнинг баъзи сўзларини тушуниши, лекин гапира олмаслигини фаҳмлади. Қўшнисининг ити нобуд бўлганда Олапар кучукваччаларга меҳр кўрсатганига гувоҳ бўлди. У мактабни битираркан қизиқиши туфайли “кинология” соҳасини танлади. Ўқишни муваффақиятли тугатгани учун ишга божхонага йўлланма беришди. Энди унинг “Учар” лақабли зийрак ити бор. Бир куни  божхонага оҳиста қадамлар билан яқинлашиб келган қадди долдек эгилган учта қариянинг либослари, соқоллари, қошлари, дўппилари қордек оппоқ эди.

Нақшинкор ҳассалари шунчалик ажойибки, гўё  уларни ясаш учун уста бутун маҳоратини ишга солгандек эди.  Учарнинг важоҳатли акиллаши асоларга ҳавас билан боқиб турган ходимларни сергаклантирди.

– Текширинглар!

Мўйсафидларнинг қиёфаси мулойим бўлса-да, қалблари қабоҳатга тўла экан. Нақшинкор ҳассанинг ичини ўйиб героинга тўлдирибди азаматлар.

        Бу заҳри қотил юрагида Ватан ишқи жўш урган, порлоқ манзилларни кўзлаган, тараққиётга, илм-маърифатга ташна бўлган баркамол авлодга қаратилганди. Зеро, инсоният ва ҳайвонот олами тинчликни истайди. Бу  азиз  Ватан барчамизники, шу боис доимо огоҳ ва сергак бўлиб яшаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Тойиржон ТУНГАТОВ,

 Чиноз туманидаги “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби

5118 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Тоға Катта фақиҳларга фатво берган хоним »

Мақолалар

Top