Мақолалар

Исроф – улкан гуноҳ

Аллоҳ таоло бандаларини яратгач, улар ҳаётда фаровон турмуш кечиришлари учун барча неъматларини ҳозирлаб қўйган. Бунинг учун биз бандалар ҳар қанча шукроналар қилсак ҳам, ҳаққини адо этолмаймиз.

Лекин ҳаёт эканмиз, имконимиз борича ҳаракатда бўлишимиз лозим. Аллоҳ таолонинг неъматларига шукрнинг ёрқин кўриниб турган томонларидан бири – бу исрофга йўл қўймасликдир. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани ўлчов билан яратган Зотдир. Шу сабаб Ўзининг каломи Қуръони каримда исрофдан қайтаргандир.

Шу ўринда “исроф ” тушунчасига қисқача тўхталиб ўтсак. Халқ орасида исроф тушунчаси бироз тор маънода тушуниладиган бўлиб қолган. Мисол, одамлар фақат ейиш-ичишда, баъзан кийинишда исроф бор, деб фикр юритишади. Биз бу ҳолни ўзаро суҳбатларда, муомала-муносабатларда кўпинча кузатамиз. Лекин, аслидачи, исроф биргина шулар билан чекланмайди-ку.

Шу мавзуни мулоҳаза қиладиган бўлсак, исроф ўзининг ичига жуда кўплаб маъноларни жамлаган. Мисол тариқасида булардан баъзиларини санаб ўтсак. Умрнинг исрофи – бу инсонга бир мартагина бериладиган-омонат фурсати эканлигини англамасдан, уни беҳуда, бесамар ўтказишдир.

Вақт исрофи – бу ҳам ортга қайтариб бўлмайдиган неъматлигини тушунмасдан, бекор, фойдасиз нарсаларга сарф этиш.

Илм исрофи – уни эгаллаган инсон борки, қайси соҳада бўлмасин, уни ўзи ва бутун жамият равнақи йўлида татбиқ этмаслиги.

Маблағ исрофи – уни хайрли мақсадларга, манфаатли ишларга эмас, ношаръий, ножўя ва номақбул тарзда сарфлашлик.

Куч-қувват исрофи – буни ҳам Аллоҳ таоло буюргандек, савобли амалларга йўналтирмаслик – катта исрофлардандир. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Мақсад, исрофнинг турларини яхшилаб ўрганиш, мулоҳаза қилиш ундан сақланишга имкон яратади. Исроф қилишдан Яратган эгамиз ва Расулимиз алайҳиссалом қайтарганини ва бунинг улкан гуноҳлардан саналишини тўлиқ англаб етишга интилиш, ҳар бир мўмин мусулмоннинг бурчидир.

Ҳаётда исрофдан сақланиб, бошқаларга ўрнак бўлишга жидду жаҳд қилиши лозим. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).

 

Абдурашид қори Исмаилов ,
Ангрен шаҳар “ Қорабоғ”жоме масжиди имом-ноиби

2059 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top