Мақолалар

Алишер Навоийнинг ўзбек тилига бўлган муносабати

Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намоёндаси, шерият мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий тарихда номлари олтин ҳарфлар билан ёзиб қўйиладиган шоир ва олимлар сарасига кириб, унинг ёзган асарлари ҳам дунё адабиётида шоҳ асарлар қаторидан ўрин олгандир.
Ҳазратнинг пурмаъно шеър ва ғазалларида, илоҳий ишқ, одамийлик, диёнат, ҳалоллик, сахийликка ўхшаш инсонни камолот сари етакловчи гўзал хулқлар ўз аксини топган. У ўз асарларида инсонни маънавий камолот сари етаклаш, халқпарварлик ва диний қадриятларни катта аҳамиятга эга эканлигини алоҳида таъкидлайди.

Одамий эрсанг демагил одамий,
Оники йўқ халқ ғами, дин ғами.

Ушбу жумладан халқ ва динни ғамини еб, юксалиш учун ҳаракат қилмайдиган худбин кимсаларни одамийликдан йироқ тоифа деб тушуниш мумкин.
Собиқ Совет иттифоқи даврида динимиз, миллий қадриятларимиз поймол қилинганлиги сабабли буюк мутафаккирларимиз асарларини динимиз билан боғлиқ жойлари ўзгартирилиб, баъзилари бутунлай тилга ҳам олинмаган эди. Шу жумладан юқоридаги жумлаларда ҳам "халқ ғами, дин ғами" жумласи вергулсиз "халқ ғамидин ғами", деб талқин қилинган эди.
Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки мустақиллик неъмати бизларга насиб қилганидан кейин, ўзбек халқининг маънавий дунёсини юксалишига бутун умрини бағишлаган  Навоий каби улуғ мутафаккирларимизнинг бебаҳо асарлари тўлалигича халқимиз қўлига етиб борди ва бормоқда.

Ўзбек тили ва адабиётини Навоийсиз тасаввур қилиш қийин. Нафақат ўзбек адабиёти балки барча туркий халқлар адабиёти  Навоий ижоди билан бевосита боғлиқдир. Навоий "Зуллисонайн" - форсий ва туркий, икки тилда ижод қилган шоир бўлиб, ўзининг "Муҳокамат ул-луғатайн" асарида, туркий тил форсий тил каби ривожланмаган бўлсада туркийни форсийдан устунлигини таъкидлайди. У туркий тилни бир ёввойи от мисолида ифодалаб, уни тарбиялаб, сайқалласа комил тил бўлишини таъкидлайди.  Навоий туркийларни сиёсат билан бирга тилда ва шеърда, дунёда ўзини кўрсатишга қодир эканлиги ғоясиги илк бор ишонч билан олға сурди. Шу билан бирга уни исботлаб ҳам берди. Қуйидаги рубоъий сўзимиз тасдиғидир.

Дилбар эрур тенгсиз жаҳонда.
Эрур анга ҳама хуштору банда.
Тенгсиз хуштору шайдоси манам.
Жаҳонда банда манам анга.

Ушбу рубоъийни шахмат усулида яъни вертикал ва горизонтал ҳолатда ўқилса ҳам маъноси ҳамда сўзлари бир хилдир.
Бундай ижод қилиш учун нақадар юксак илоҳий истеъдод соҳиби бўлиш кераклигини англаймиз. Шу ўринда ҳазрат Навоий бобомиз шаънларини улуғлаб, раҳматли президентимиз И. Кармовнинг "Юксак маънавият - енгилмас куч" асаридаги жумлалар, у зот ҳақида нақадар гўзал ҳақиқат эканини айтмай иложимиз йўқ.
"Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак шоирларнинг султонидир".

Бугунлик кунда биз бу зотни ҳамда юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларимизни гавҳардан қиммат асарларини ўрганиб, ҳаётимизга тадбиқ қилиб, миллий маънавиятимизни камолга етказиш учун ҳаракат қилмоғимиз даркор.
Навоий бобомизни руҳи муборакларини Аллоҳ ўзи шод ва охиратларини обод қилсин!

Шофиркон туман "Қори Фазлиддин" масжиди имоми М. Исоев.

2644 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Ота-она дуоси ИМОМ МОЛИК »

Мақолалар

Top