Мақолалар

“Жоруллоҳ” деган шарафли номга муяссар бўлган аллома

1075 йил (бундан 946 йил олдин) – ҳижрий 467 йил ражаб ойининг йигирма еттинчи куни (милодий 1075 йил 18 мартда) Хоразм илм-фан ва маданиятини дунёга танитган буюк сиймо, арабшунос олим, шоир, ёзувчи ва имом Абдулқосим Маҳмуд ибн Умар ибн Ахмад Жаруллоҳ Замахшарий таваллуд топди.

Замахшарий “Араб ва ғайри араблар устози”, “Хоразм фахри” каби шарафли номлар билан улуғланган. У кўп асарларини Маккада ёзганлиги учун “Жоруллоҳ” (“Аллоҳнинг қўшниси”) деган шарафли номга муяссар бўлади.

Замахшарий араб грамматикаси, луғатшунослик, адабиёт, аруз илми, география, тафсир, ҳадис ва фиқҳга оид 50 дан ортиқ асарлар яратган. Уларнинг аксарияти бизгача етиб келган. Замахшарийнинг “Ал-Муфассал” (“Грамматика бўйича муфассал китоб”) асари араб тили наҳву сарфини ўрганишда йирик қўлланма сифатида азалдан Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам шуҳрат топган. Шом (Сурия) ҳокими Музаффариддин Мусо кимдаким Замахшарийнинг ушбу асарини ёд олса, унга 5 минг кумуш танга ва сарупо совға қилишни ваъда берган. Бир қанча кишилар асарни ёд олиб, мукофотга сазовор бўлишган.

Замахшарийнинг “Ал-Кашшоф” асари Қуръон тафсирига бағишланган. Дунёнинг турли қўлёзма хазиналарида “Ал-Кашшоф”нинг 100 га яқин қўлёзмалари ва асарнинг ўзига битилган 20 дан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар мавжуд. Қоҳирадаги машҳур Ал-Азҳар дорилфунунининг талабалари ҳам бошқа тафсирлар билан бир қаторда
Замахшарийнинг ушбу асари асосида Қуръон ўрганадилар.

uza.uz

2896 марта ўқилди

Мақолалар

Top