Мақолалар

Даврий нашрларда: Икки нур шафоати 

Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: Рўза ва Қуръон бандани Қиёмат куни шафоат қилади. Рўза: “Ё Раб, уни кундузлари таом ва шаҳватдан ман этдим. Мени унга шафоатчи қилгин”, дейди. Қуръон: “Мен уни кечалари уйқудан қолдирдим. Мени унга шафоатчи қилгин”, дейди. Кейин иккаласи шафоат қилади» (Имом Аҳмад ривояти).  

Тийбий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «Ҳадисдаги Қуръондан мурод таҳажжуд намозида ўқиладиган қироатдир. Сабаби, Исро сурасининг: “Ва Қуръанал фажри” (78-) оятидан “тонгги ўқиш”, яъни бомдод намозидаги қироат назарда тутилган. Ҳадисдаги: “Мен уни кечалари уйқудан қолдирдим” жумласи ҳам шунга далолат қилади».

Рўза ва Қуръоннинг шафоати ҳақида уламолар ихтилоф қилишган. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Рўза ва Қуръон жисм шаклига кириб, бандани шафоат қилади”, деган. Али Қори раҳимаҳуллоҳ: “Жисм шаклига кирмасдан, балки ҳолат тақозоси билан ҳам шафоат қилиши мумкин”, дейди.

Уламолар яна ҳадисдаги нозик бир нуқтага эътибор қаратишди. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг азалий, абадий каломи бўлиб, махлуқ – яратилган эмасдир. Шу боис ҳадиси шарифда: “Ё Раб”, деб мурожаат қилмаяпти. Зеро: “Ё Раб”, деган хитоб мурожаат қилувчининг махлуқ эканига далолатдир. Бу фикрни Али Қори раҳимаҳуллоҳ “Мишкатул масобиҳ”га ёзган шарҳи “Мирқотул мафотиҳ”да баён қилган.

Ҳадисдаги хабар ғайб оламига тегишли бўлгани боис унинг таъвилига киришган ёки қандай бўлса шундайлигича қабул қилган олимлар ҳам бор. Хусусан, бу ҳақда Тийбий раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Рўза ва Қуръоннинг шафоат қилишини изоҳлаш мумкин. Лекин уни шундайлигича қабул этиб, таъвилига киришмаган маъқул. Мана шу тўғри йўлдир. Сабаби, инсон ақли илоҳий оламни идрок этишдан ожиз”.

Уламолар ушбу ҳадиснинг шарҳида: “Рўза шафоати банданинг гуноҳлари кечирилиши, Қуръон шафоати эса даражасининг кўтарилишидир”, дейишган. Баъзи олимлар эса: “Икки шафоат ва уларнинг қабул этилиши Парвардигорнинг ғазаби сўниши, бандани раҳматига олиб, даражасини кўтариши ва Ўзининг ҳузурида муқарраблардан қилишидан башоратдир”, дейишади. Ушбу ривоятни Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ “Шуъабул имон” китобида келтирган. 

“Мирқот” асосида Зангиота тумани

Мўмин ҳожи ота” жоме масжиди

имом ноиби Абдуллоҳ ҒОФУРОВ

тайёрлади.

1550 марта ўқилди

Мақолалар

Top