Мақолалар

Тани жонга тажовуз – осийлик

Инсонга берилган ҳаёт неъмати, муборак жисми-жони – Аллоҳнинг омонати. Зеро, Аллоҳ таоло яратган барча махлуқотлар ичида энг мукаррам ва азизи инсондир. Бу ҳақда У: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (Исро, 70), деб хабар берди. Омонатга хиёнат қилувчи – Яратганга исён қилувчидир. Шу боис одам фарзандининг танасига тажовуз қилувчи барча зарарлар ҳаром қилинди. У хоҳ ақлига, хоҳ жисмига: қайси аъзосига зарар етказишидан қатъи назар гуноҳи азим деб ҳисобланди. Бандага гуноҳ саналган осийликдан сақланиш фарз ҳисобланади.

Эътибор қилсангиз, Қуръони каримда бандаларни ўзи ва бировларнинг яшаш ҳуқуқларига тажовуз қилмаслик тўғрисида:

“...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара, 195);       “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”  (Нисо, 29), деб бундай ноинсоний тажовузга қўл уришдан қайтаради. Ҳаёт неъматига тажовуз қилишдан сақланиш лозимлигини такрор-такрор таъкидлайди. Негаки, бу дунёда инсон учун ҳаёт неъмати мукофот қилиб берилган. Тирик жон учун ҳар бир олган ва чиқарган нафаси қанчалик бахт-саодат экани баён қилинган.

Ўз жонига қасд қилганларга нисбатан ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”, деганини Имом Бухорий раҳматуллоҳу алайҳ ривоят қилганлар.

Луқмони Ҳакимдан: “Сиз ҳаётни нима деб биласиз?” деб сўрадилар. У киши: “Агар фаразан курраи заминни айлантираётган ер ўқини менинг бошимга ўрнатса-ю етти қават ер бошим устида айланса, мен шу ҳолда ҳам яшаб турсам, вафот этганимдан яхшироқдир”, деб жавоб қилди.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳажжатул вадоъда:

“Эй одамлар, хоҳ ўзингизнинг, хоҳ бир-бирингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди;

Эй одамлар, бир-бирингизнинг мол-мулкингизга тажовуз қилишни ҳам Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди;

Эй одамлар, ушбу арафа кунида одам ўлдириш ва бошқалар жонига қасд қилиш қанчалик ҳаром бўлса, мол ва жонингизга тажовуз қилиш ҳам  шунчалик ҳаромдир”, деб жиддий огоҳлантирдилар.            

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу каби муборак ҳадисларда ҳар бир инсоннинг яшашга бўлган ҳуқуқи муқаддаслигини ёритиб бердилар. Хусусан, бу қутлуғ насиҳат ила инсоннинг ўз жонига қасд қилиши ҳаром ва гуноҳи кабира эканини  яна бир бор таъкидладилар.

Айнан шу ҳадисдан Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига нақадар меҳрибон бўлганлари, уларни гумроҳликдан, ақлсизликдан, ҳаёт неъматига беписанд бўлишдан қайтарганига гувоҳ бўламиз.

Ушбу ояти карима ва ҳадиси шарифларга амал қилган ҳолда юртимизда яшаётган барча мўмин-мусулмонларга тавсия қиламизки, Аллоҳ таолонинг тақдирига имон келтирганмиз, турмушда учрайдиган яхши-ёмон синовларга сабр-тоқат қилишга буюрилганмиз. Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт неъматини зое қилмаслик фарз эканига ишонганмиз. Унутмаслик керакки, ҳар бир етган азият ва мусибат учун сабр-бардошимиз эвазига ажру савоблар ато этишига умид боғлаганмиз.   

Ҳозирда адашган фирқалар ўзларининг нопок мақсадларига етиш учун пуч даъволар қилиб, ғаразли мақсадларини бажариш учун ўз жонига қасд қилган кимсани “шаҳид” деб эълон қилишлари фитна-фасод, кўрнамакликдан бошқа нарса эмас. Аслида бу ҳаракатлар негизига назар солсангиз онги паст кимсанинг ўз ҳаётига тажовуз қилгани, Аллоҳнинг амрига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига қарши бўлганини кўрасиз холос. Ўз жонига қасд қилиш муқаддас динига, она юртига, жамиятига кўр-кўрона душманликдир.

Аллоҳ таоло барчамизга берган ҳаётини яшашни, бу неъматга шукрона келтиришни насиб этсин. Имон-эътиқоддан жудо қилиб қўювчи балолардан Ўзи асрасин! 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилояти вакили

5683 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Бўйрачи Она тарбияси – буюкликка йўлланма »

Мақолалар

Top