Ибратли ҳикоялар

Қуш уясида кўрганини қилади

Оқшомда она болаларига дарс тайёрлашда ёрдам бермоққа чоғланди. Уларга халақит қилмасин учун тўрт ёшли ўғлини нимагадир машғул қилиб қўйиш мақсадида унинг қўлига қалам ва қоғоз берди. Сўнг қолганларига хотиржам ёрдамлашмоқчи эди ҳамки, қайнотасига кечки овқатни бермагани ёдига тушди.  

Қайнота ҳовли чеккароғидаги хонада яшар, касаллиги боис ташқарига кам чиқарди. Аёл имкон қадар қайнотасининг хизматини қилар, эри ҳам унинг хизматидан розидек эди. Аёл ўрнидан туриб, отанинг кечки овқатини олиб бориб берди ва бирор эҳтиёжи бўлса чақириши мумкинлигини айтиб болалари ёнига қайтди. Кичкина ўғлининг ғайрат қилиб нималарнидир чизаётганини кўриб:

– Нима чиздинг? – дея эркалатиб сўради.

Ўғли онасининг гапига жавобан қўлидаги қоғозни кўрсатди. Қоғоз юмалоқ, тўртбурчак шаклларга тўла эди.

Она:

– Бу нима? – деди.

Бола:

– Катта бўлсам мен ўзим яшайдиган уй хоналарини чиздим, – деди. Кейин ҳар бир шаклни “Бу ошхона, у ерда овқатланаман, буниси ётоқхона, у ерда ухлайман, буниси меҳмонхона...” дея бир-бирига туташ бўлган шаклларни бирма-бир тушунтира кетди.

Она қоғоз чеккасида, бошқаларидан алоҳида ва кичик қилиб чизилган шаклга эътибор қилиб:

– Бу қандай хона, нега уни бошқа хоналардан ажратиб қўйдинг? – деди.

Бола:

– У сизнинг хонангиз, у ерда сиз бобомдек катта бўлганингизда яшайсиз, – деди.

Бу гап онанинг қулоғига чақмоқдек урилди, қалбини ларзага солди.

Эртаси куни биринчи қилган иши меҳмонлар учун безатилган хонага қайнотасини кўчириб ўтказиш бўлди. Кечқурун ишдан қайтган эри бу ҳолни кўриб, ҳайратланиб, нима гаплигини сўради. Хотини “Қариганимизда яшаш учун жой ҳозирлаяпман”, деди. Эр гап нимадалигини тушуниб, мамнуният ила кулиб қўйди.

Араб тилидан Ш.ЧЎЛПОНОВ таржимаси

7173 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Шаҳзода ва олим Ҳамма гап қандай қарашда »

Мақолалар

Top