Мақолалар

Аллоҳ буюк ёрдамчи

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким мўминнинг дунё машаққатларидан бирини аритса, Аллоҳ унинг охират машаққатларидан бирини кетказади. Ким мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ унинг дунё ва охиратда айбини яширади. Банда биродарига ёрдам бераркан, Аллоҳ таоло унга мадад беради,”, дедилар (Имом Термизий).  

Машаққат мурод ҳаёт қийинчиликлари ва камчиликлари, қайғу, ғам-аламдир. Шубҳасиз қиёмат кунининг машаққати оғир ва қаттиқ бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат кунининг ташвишидан нажот топиш кимни ҳурсанд қилса, қийналган одамга ёрдам берсин!” деганлар (Имом Муслим).

Қиёматдаги машаққат ва қийинчиликлар ҳақида Қуръони каримда бундай огоҳлантирилади:

“Эй инсонлар! Раббингиздан қўрқингиз! Зеро, қиёмат зилзиласи улкан (даҳшатли) нарсадир. Уни кўрадиган кунингизда ҳар бир эмизикли она эмизиб тургани (боласи)ни унутар ва ҳар бир ҳомиладор ўз ҳомиласини ташлар ҳамда одамларни «маст» ҳолда кўрасиз, ҳолбуки, улар маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир” (Ҳаж, 1-2).

Ёш болаларнинг сочи оқариб кетиши, катта ёшдагиларнинг маст ҳолатга тушиши, ҳомиладорларнинг бола ташлаши, буларнинг ҳаммаси ўша куннинг нақадар даҳшатли ва оғир кечишидан далолатдир (Шайх Абдулаиз Мансур).

 Ким қийналганга ёрдам бериб, оғирини енгил қилса ва ҳожатини чиқарса, унинг қиёмат кунидаги машаққатини Аллоҳ енгил қилади. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким биродарини ҳожатини чиқарса, унинг ҳожатини Аллоҳ чиқаради”, деганлар (Имом Муслим ривояти). 

Бир мўминнинг оғирини енгил қилишнинг миқдори, қийналган одамнинг машаққатига боғлиқ. Сиздан бир дўстингизни қарзи бор, унга муҳлат бериш ёки қарзни кечиб юбориш ёрдам ва енгиллик бўлади. Маҳалладаги боқувчиси йўқ ва мутожларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиш, машаққат ва ташвишни кетказиш бўлади. Муҳими мўмин-мусулмонлар меҳр-оқибатли бўлиб, бир-бирларига манфаатлари тегиши, уларни қиёматда нажот топишларига ҳамда Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандалари бўлишларига сабаб бўлади. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Бир киши Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига келиб: “Аллоҳга севимли инсон ким? ва Аллоҳга севимли амал қайси?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга энг севимли инсон, одамларга кўп манфаати тегадиган киши. Аллоҳга энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик бахш этиш, унинг ташвишини кетказиш, қарзини тўлаб бериш, уни қорнини тўқлаш. Мен бир дўстимнинг эҳтиёжи учун юришим, Масжидун Набавийда эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир…”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

Бошқанинг айбини беркитиш суннат амал. Ким бошқанинг айбини ошкор қилмаса, унинг камчилик ва нуқсонларини Аллоҳ таоло яширади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда бошқа биродарининг айбини ошкор қилмаса, қиёмат куни унинг айбини Аллоҳ беркитади”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).

Ҳадисдаги “айб” сўзининг маъноси умумий бўлиб, ундан инсон хилқати ва хулқи боғлиқ камчиликлар ҳамда диний ва дунёвий ноқисликларнинг барчаси тушунилади. Одамлар кўз-ўнгида очиқдан очиқ гуноҳ қилмайдиган киши бирор айб қилса, уни ошкор қилмаган яхши. Ёмонлик ва фасод ишларни қилиб юрадиган кимса айб қилса уни ошкор қилинса зарари йўқ. Айбдор аёл бўлса эрига, ёш бола бўлса отасига айбни айтиш ва ошкор қилиш лозим. Шунингдек, айбдорлар қайси соҳа вакили бўлса ҳам унга одоб бериб, тўғри йўлга бошлайдиган инсонга айбини ошкор қилинади. Ошкор қилинмаган айб яна такрорланиши мумкин. Унинг ёмонлигидан мусулмонларга азият етмаслиги лозим.

Манбалар асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли

тайёрлади

 

6868 марта ўқилди

Мақолалар

Top