Мақолалар

Рамазон – тақво ойи

Рўзадор нафақат емоқ-ичмоқни тарк қилиши, балки бутун жисми-аъзолари ҳам рўза тутмоғи зарур. Бунинг учун кўзлар ҳаромдан тийилсин. Тил асло фаҳш сўзларни сўзламасин. Рамазонни зикр ва истиғфорда ўтказмоқлик муҳим. Кимдир озор бериб жоҳиллик қилса ҳам унга яхши сўз айтиш керак. Рўзадор одам ҳулқи ва одобини ҳам рамазонда сайқалламоғи лозим. Рўзадор одамнинг бақир-чақир қилмоғи, уят сўз демоғи рўзанинг файзини ва савобини кетказади, рўзадорни беқадр қилади.

Қуйидаги ҳадиси шариф айни шу масалада бизга таълим беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз рўза тутган куни фаҳш сўз айтмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса: “Мен рўзадорман”, десин» (Муттафақун алайҳ).

Ҳа азизлар, рўзамиз комил ва қабул бўлсин десак одоб аҳлоқимизни ҳам сайқалламоғимиз, юриш-туришда ҳам намуна бўлиб, Аллоҳ рози бўладиган ва рўзаси қабул бўладиган амаллар билан банд бўлмоғимиз зарур. Чунки рамазондан мурод тақводир. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Тақводорларнинг белгилари бор. Улар: тўғрисўзлик, силаи-раҳм, гўзал хулқ”.

 

Абдураҳмон домла АРТИҚОВ

815 марта ўқилди

Мақолалар

Top