Мақолалар

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси қандай ташкил этилган эди?

Ўтган асрнинг бошларидаги Октябрь инқилобидан сўнг совет ҳокимиятининг Ўрта Осиёда ўрнатилиши кўплаб масжид ва барча мадрасаларнинг ёпилишига олиб келди ва 1929-йилга келиб диний таълим тизими батамом тўхтатилди. Орадан қарийб 15 йил ўтгач, Иккинчи жаҳон уруши даврида совет тузумининг диний сиёсатида кескин ўзгариш киритилди. Ислом динига бўлган муносабат ижобий томонга ўзгара бошлади. Буни сезган Шайх Эшон Бобохон 1943-йилнинг қишида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмон жамоаларига бирдамликка даъват билан мурожаат қилди. Уруш давом этаётган бир пайтда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси таъсис этиш ҳаракати фаоллашди. Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси Йўлдош Охунбобоев орқали Эшон Бобохон бир гуруҳ дин арбоблари билан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасини ташкил этиш тўғрисида СССР ҳукумати билан музокаралар олиб борди.
1943 йил 12 июнида уламолар: Абдураззоқ Эшон Муҳаммад Алимов, Акрамхон Тозихонов ва Мулла Содиқ Исломов Эшон Бобохон бошчилигида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний марказини тузиш тўғрисида СССР Олий Совети Президиуми раиси номига мактуб жўнатишади. СССР Олий Совети Президиуми 1943 йил 31 июлда 55-сонли қарори билан ҳукумат томонидан диндорларга виждон эркинлиги берилиши ва уларга диний ташкилотлар тузишга ижозат бўлганлиги ҳақида қарор қабул қилди.
1943 йилда Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ташкил қилиниб, унинг таъсис этилганлиги Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари вакилларининг қурултойида эълон қилинди.
Идорани ташкил этишнинг амалий чораларини кўриш мақсадида минтақа мусулмонларининг ташкилий комиссияси тузилади. Комиссия таркибига Ўзбекистондан Шайх Эшон Бобохон бошличигида, Қозоғистондан Шайх Абдуғаффор раҳбарлигида, Тожикистондан Шайх Солиҳ Бобокалон раҳбарлигида, Қирғизистондан Шайх Олимхон Тўра Шокир раҳбарлигида, Туркманистондан Шайх Анна Эшон раҳбарлигида, бир қанча кўзга кўринган диний арбоблар кирдилар. Бу ишда иштирок этиш учун собиқ иттифоқнинг Европа қисми ва Сибирия мусулмонлари диний бошқармаси раиси Шайх Абдураҳмон Росули ва бошқа обрўли уламолар таклиф этилди. Изчил саъй-ҳаракатлар натижасида 1943 йилнинг 20 октябрь ойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг биринчи қурултойи бўлиб ўтди. Бу қурултойда минтақанинг беш республикасидан 160 дан ортиқ вакил қатнашди. Қурултойда Тошкент шаҳрида «Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати» номи билан янги диний марказ ташкил этилганлиги ҳақида қарор қабул қилинди.
Унда 11 кишидан иборат олий ҳайъяти, беш кишидан иборат тафтиш комиссияси таркиби тасдиқланди. Бу диний назоратга раис этиб ҳамма бир овоздан шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхонни сайладилар. Диний назорат фаолиятида муқаддас Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салам суннатлари бошқарув асоси қилиб олинди. Диний назорат низомида бошқарувнинг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари олий органи сифатида ҳуқуқ ва мажбуриятлари тасдиқланди, марказ ва жойлардаги бўлинмаларнинг вазифалари белгилаб қўйилди.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ўша кезлари ўз фаолиятини Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ҳовлисида иш бошлаган. 1956 йилдан ХV-ХVI асрларда қурилган иморатлардан таркиб топган тарихий меъморий ёдгорлик – «Бароқхон» мадрасаси биноси таъмирланиб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси қароргоҳига айлантирилди ва ўз фаолиятини юрита бошлади.

Муслима Эргашева,
Тошкент Ислом институти талабаси тайёрлади.

1164 марта ўқилди

Мақолалар

Top