Мақолалар

Мустақиллик – буюк неъмат

Дунё давлатларида энг тантанали нишонланадиган байрам  бу – мустақиллик куни. Негаки, айнан мустақиллик кунида миллат тарихида янги саҳифа очилади. Аллоҳ таолонинг ҳисобсиз неъматлари ичида юртимиз мустақиллиги халқимиз учун чинакамига буюк неъмат бўлди.

Яратганнинг ҳисобсиз неъматлари ҳақида Қуръони каримда шундай баён қилинади:

وَآتَاكُمْ مِنْ كُلِّ مَا سَأَلْتُمُوهُ وَإِنْ تَعُدُّوا نِعْمَتَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا

Ва  У  сизга  барча  сўраган  нарсаларингиздан  берди.  Агар  Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар.

Бу ояти каримани Доктор Муҳаммад Ротиб Нобулусий қуйидагича шарҳлаган:

“Бу ояти каримада нозик бир маъно бор. У ҳам бўлса, Биз бир неъматнинг яхшилик ва баракаларини санашга бутун ҳаётимизни сарфласак, ҳисобига ета олмаймиз. Бир неъматнинг ҳикматларини ҳисоблашга қодир эмас эканмиз, демак, аввало, унинг шукридан ожиз қолган бўламиз. Шунингдек, нафақат ушбу неъматга шукр қилишдан ожиз қоламиз, балки бир дона неъматнинг яхшиликларини ҳисоблашга қудратимиз етмайди”.   

Дарҳақиқат, мустақилликни сабаб қилиб Аллоҳ таоло биз саноғига ета олмаган неъматларни берди. Энг асосийси, жамиятимиз мусулмонлари эътиқод эркинлигига сазовор бўлдилар. Тўғри, собиқ тузумнинг қонунчилигига кўра, эътиқод эркинлиги белгилаб қўйилган бўлса-да, амалда ҳаммани бир партия ва бир ғояга бирлаштириш ва иймон эътиқодидан иложи борича узоқда ушлаб туриш чоралари кўрилгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳатто Ўрта Осиёдаги мусулмон уламоларини даҳрийлар қириб ташлаб, оддий аҳоли динсизлашиб бўлди, энди деган фикрга келган эканлар.

2017-21 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига муқаддас динимизнинг софлигини асраш, аждодлар илмий меросини пухта ўрганиш ва уларнинг номини абадийлаштириш масалалари ҳам киритилди. Бунинг натижаси ўлароқ, шу йилга келиб, ўнта ўрта махсус ислом билим юрти ва Тошкент ислом институти ўқув даргоҳлари қаторига Бухоро шаҳрида “Мир Араб” олий мадрасаси қўшилди. Ушбу таълим масканига эллик нафар биринчи қалдирғоч талабалари ўқишга қабул қилинди. Шунингдек, Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази очилиб, ўз фаолиятини бошлади ва Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази очилди. Қолаверса, Самарқандда Имом Ал-Бухорий номидаги халқаро тадқиқот маркази ва бошқа шундай илмий марказлар ташкил қилиш режаси ишлаб чиқилмоқда. Қолаверса, бу йил таълим диний таълим муассасаларида квоталар сони оширилди. Ҳаж 2017 дастури бўйича бу йилги ҳожилар сони 5700 гача оширилди. Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари ҳаж сафарига президент ҳисобидан юборилди. Фахрийларга ҳаж амалларни бажаришда янада қулайлик яратиш учун уларга алоҳида ҳамроҳлар, ишчи гуруҳи ва шифокорлар жалб этилди. Шунингдек, бу йилги умра зиёратчилари сони ҳам етти мингдан ўн минггача зиёда қилинди. 

Демак, динимиз йўлида олиб борилган ишларнинг самараси юқори. Албатта, бу неъматларга шукр қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади. Зеро, бир ҳадиси шарифда шундай баён қилинган:

عن أنس بن مالك رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: " ما أنعم الله على عبد نعمة فقال: الحمد لله، إلا كان الذي أعطاه أفضل مما أخذ "

Анас ибн Молик розияллоҳ анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай айтадилар: “Аллоҳ таоло бандага бир неъматни берганда, банда “алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин деб шукр қилар экан) дер экан, олганидан яхшироқ неъмат беради” (Ибн Можа ривояти).

Юқоридаги ҳадиси шарифдан биламизки, неъматларга қанча шукр қилсак Аллоҳ таоло уларнинг зиёдаси билан берар экан. Шундан келиб чиқиб, мустақиллик ва унинг ортидан келган тинчлик неъмати Яратганнинг буюк неъматларидан эканини ҳис этишимиз лозим. Зеро, бу неъмат ўз-ўзидан қўлга киритилмаган. Юртимизнинг фахрий уламоларидан бири билан суҳбатлашиб ўтирганимизда шундай деган эдилар: “Мустақиллик, масжидга бемалол бориб намоз ўқиш ва диний билим юртларида фарзандларимизнинг таълим олиши ўз-ўзидан рўёбга чиқмаган. Собиқ иттифоқ тузумида инсонлар шундай катта давлатнинг парчаланиб, унинг таркибидаги давлатлар мустақил мамлакатлар бўлиб кетади, деб ҳеч ким ўйламаган. Янада аниқроғи, одамлар онгига уни дунёда чексиз қудратли давлат деб сингдирилар эди. Шундай бўлса-да улуғ уламоларимиз ноумид бўлмадилар, уларнинг кечалари таҳажжуд намозларида йиғлаб қилган дуолари ижобат бўлиб Аллоҳ бизга мустақиллик берди”.

Мустақиллик йилларида халқимизнинг муқаддас дини исломга муносабати ўзгарди, асрлар оша элимизнинг онгу шуурига, қалбига сингган бебаҳо диний қадриятлар қайта қарор топиб, ёруғликка юз тутди. Виждон эркинлигининг таъминланиши, ибодатларнинг эмин-эркин адо этилиши юртимизда инсон қадри ва эътиқоди нақадар олий қийматга эга эканини яна бир бор исботлади.

Ҳар йилги анъанага мувофиқ, 2017 йил 24 август куни халқимиз учун меҳр-шафқат, саховат ва мурувват, қаноат ва шукроналик рамзи бўлган муборак Қурбон ҳайитининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятини эътиборга олган ҳолда, жамиятимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган Қарорда Қурбон ҳайити байрамини жойларда миллий анъана ва урф-одатларимизга мос равишда ўтказиш билан боғлиқ аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди.

Шундай экан, унинг қадрига етиб, асраб авайлашга барчамиз масъулмиз. Кириб келаётган қўшалоқ байрамни барчамизга қутлуғ қилиб, доимо осмонимиз мусаффо бўлиб туришини Ўзи таъминласин!

З.МИРСОДИҚОВ,

Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири

4336 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « ВАТАН НЕДИР? ИСТИҚЛОЛИМ – САОДАТИМ »

Мақолалар

Top