Мақолалар

Йил йилга ўхшамайди...

Аслида мўминнинг ўтказган ҳар дақиқаси, куни, ойи, йили фазилатли бўлади. Аммо бу йилнинг хайру барокати бўлакча бўлди. Ҳижрий ҳисобимиз бўйича 1438 йил юртимизда шу қадар ажойиб тарзда ўтдики, саноқда адашиб кетмаслик учун бу фазилатларни фаслларга бўлиб эсласак маъқул бўлади.

Яратганнинг марҳамати ила айнан мана шу йилда ҳамма фасл мўътадил келди: қишда қор мўл бўлди, аммо қаттиқ совуқ бўлмади; баҳорда ёмғир дала-даштларга керак вақтидан кечикмай ёғиб турди; ёзда қаттиқ иссиқ бўлиб одамларни ва бошқа жонзотларни беҳаловат қилмади, айниқса, рамазон ойидаги саррин ҳаволарни эсланг – қандай ажойиб эди; куз фасли ҳам тўлиб-тошиб кириб келди, ҳаммаёқда пишиқчилик, серобчилик...

Қўшни мамлакатлар билан муносабатларимиз янада яхшиланиб бормоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг Туркманистон ва Қозоғистонга қилган қисқа муддатли сафарлари, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Саудия Арабистонига ташрифлари бағоят самарали бўлди.

“Халқ билан мулоқот йили”да президентимизнинг ўзи ҳаммага ўрнак бўлди: ҳали у вилоятда, ҳали бу вилоятда бўлиб ҳар доим аҳолининг орасида юрибди, ҳатто нуроний отахону онахонларни зиёрат қилиб, азали хонадонларга таъзияга кириб чиқишга ҳам улгурмоқда...

Президентнинг виртуал қабулхонаси ва унинг таъсирида очилган бошқа виртуал қабулхоналар жамиятда ошкораликнинг янги босқичга кўтарилишида муҳим роль ўйнамоқда.

Давлатимиз раҳбари Президентлик сайлови олдидан бўлган учрашувларда “Янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор ­бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ватанпарвар, ҳалол кадрларни танлаш ва тайёрлаш бўйича самарали тизим яратилмас экан, давлат бошқарувида сифат ўзгариши юз бермайди”, деган эди. Ана шу фикрнинг ижроси ўлароқ кадрлар танлаш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка эркинлик бериш, улар фаолиятига ноқонуний аралашувга йўл қўймаслик, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва профилактика самарадорлигини ошириш сиёсатимизнинг устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали ­вазифаси этиб белгиланди. Ёшларни китоб ўқишга қизиқтириш, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эътибор берилаётгани янада қувончлидир.

Давлатимиз раҳбарининг илм аҳлларига, ижодкор зиёлиларга эътибор қаратиш, улар учун имтиёзли кредит асосида уй-жой бериш, қалам ҳақларини ошириш борасидаги тавсиялари олиму ижодкорларни янада руҳлантириб юборди.

Шу тариқа, санашда давом этаверсак, ислоҳотлар жадаллашиб, кишиларимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун қулай шароитлар  яратилиб бораётгани кўз ўнгимизда гавдаланиб келаверади.

Хўш, бу ишлар давом этаётган экан, биз нима қиляпмиз? Юртимизда юз бераётган ишларга нима қилсак кўпроқ ҳисса қўшган бўламиз?

Ушбу саволнинг жавоби мана бу ҳадисда ўз ифодасини топган.

Ҳармала ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

“... у зотнинг олдиларига яқинроқ туриб:

“Эй Аллоҳнинг Расули, нима қилишимни амр қиласиз?” дедим.

“Эй Ҳармала! Яхшилик қил, ёмонликдан четда бўл. Қулоғинг эшитганда ёқимли бўлган нарсага назар сол. Одамлар орқангдан сен ҳақингда нима дейишларини ёқтирсанг, ўша ишни қил.

Ўзингга ёқмайдиган нарсаларга ҳам назар сол. Одамлар орқангдан сен ҳақингда нима дейишларини ёқтирмасанг, ўша ишни қилма”, дедилар.

Қайтганимда ўйлаб кўрсам, мана шу икки насиҳат ҳеч нарсани қолдирмай ўз ичига олган экан” (Имом Бухорий ривоят қилган).

Дамин ЖУМАҚУЛ

 

             

5124 марта ўқилди

Мақолалар

Top