Мақолалар

Шафоат ва унинг турлари

Шафоат – Аллоҳ таолога тазарру қилиб, ёлвориб ўзгага яхшиликни тилаш ва ундан ёмонликни дафь этилишини сўрашдир.

«Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи Зотдир» (Нисо сураси, 85-оят).

Бу ояти каримада яхши шафоатдан мурод мусулмонни ҳаққи риоя қилинган, ёмонликни ундан дафь этилгани шафоатдир. Ёки Аллоҳ таолонинг розилигини истаб мумкин бўлган ишларда бирор нарса олмай мусулмонга яхшилик келтиришдир. Ёмон шафоат яхши шафоатнинг аксидир  (Замахшарий).

Аллоҳ таолонинг изнисиз қиёмат куни ҳеч ким гапираолмас, шафоат ҳам қилолмас.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Улар фақат У зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. Улар У зотнинг қўрқинчидан титраган ҳолда турурлар» (Анбиё сураси, 28-оят).

«У кунда Раҳмон унга изн берган ва сўзидан рози бўлганлардан бошқанинг шафоати фойда бермас» (Тоҳа сураси, 109-оят).

«Сен уларни яқинлашгувчи Кундан огоҳлантир. Ўшанда жонлар халқумга келиб, ғам-ғуссага тўлиб турарлар. Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам йўқ» (Ғофир сураси, 18-оят).

«Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар мавжуд, уларнинг шафоати ҳеч фойда бермас. Магар, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлганларга изн берса(гина бўлур)» (Нажм сураси, 26-оят).

«Улар фақат У зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. Улар У зотнинг қўрқинчидан титраган ҳолда турурлар» (Анбиё сураси, 28-оят).

Аллоҳ таолонинг изни билан қфиёмат куни пайғамбарлар, фаришталар, солиҳ мўминлар шафоат қилинади.

Набий алайҳиссалом марҳамат қиладилар: «Рўза ва Қуръон бандага шафоатчи бўлади. Рўза: “Ё Раббим! Мен кундузи уни таом ва шаҳватдан ман қилдим, энди мени унга шафоатчи қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни тунда уйқудан ман қилдим, мени унга шафоатчи қил”, дейди» (Имом Аҳмад ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Бирор мусулмон вафот этса ва унинг жанозасида Аллоҳга ширк келтирмаган қирқ киши қоим бўлса, Аллоҳ уларни бу бандага шафоатчи қилади”, деганларини эшитдим» (Имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар муаззинни (нг азонини) эшитсангиз, унинг айтганларини такрорланг, сўнг менга салавот айтинг. Ким менга битта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади. Кейин Аллоҳдан мен учун васийлани сўранг. У жаннатдаги бир мартаба бўлиб, Унга Аллоҳнинг бандаларидан биттасигина эришади. Ўша мен бўлишимни умид қиламан. Ким мен учун васийлани сўраса, унга шафоат ҳалол бўлади” (Имом Муслим ривояти).

 

Турсунбой МАТКАРИМОВ,

“Имом Фахриддин ар-Розий”

ўрта махсус ислом билим юрти

мударриси

1074 марта ўқилди

Мақолалар

Top