Мақолалар

Туҳматнинг охири вой

Тошлоқ туманилик (Фарғона вилояти) мухлисимиз таҳририятга хат йўллаб, 13 йилдан буён қуруқ туҳматга қолаётгани, бунинг ортидан анча ғам чекаётганини алам билан ёзибди. У ўз мурожаатида туҳмат ҳақида мақола беришимизни ва бу билан кўпчиликни бу иллатдан огоҳ этишимизни илтимос қилибди.

Дарҳақиқат, туҳмат – бир инсонни қилмаган ишини қилди, сўзламаган сўзини гапирди, дея  ёлғон гувоҳлик бериш, иғво-бўҳтондир. Бу иллат инсон ҳаётини хавфга, буткул издан чиқишига, ўзаро душманлик, низога сабаб бўлади. Шунинг учун ота-боболаримиз ўт-сув, туҳмат балосидан асрасин деб дуо қилишган. Чунки туҳмат катта офатлар каби улкан фожиадир.

Тарихда ҳам кўплаб Пайғамбару уламолар ҳам туҳматга дучор бўлишган. Бунга яққол мисол қилиб, Юсуф алайиҳиссаломнинг зиндонга тушишию, Оиша онамиз билан содир бўлган машҳур “Ифк”  воқеасини айтиш мумкин. Айниқса, Оиша онамизга фитначилар томонидан қилинган туҳмат бутун Ислом умматига оғир келди. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир ой оят нозил бўлмагунича нима қилишни билмай қолдилар. Саҳобалар ҳам қаттиқ ғамга ботди. Оиша онамиз тинимсиз кўз ёш тўкди. Қачонки, Аллоҳ таоло Оиша онамизни оқлаб Қуръони каримда: «Албатта, (бузуқ ниятлардан) бехабар, покиза, мўмина аёлларни бадном қиладиган кимсалар дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънатга дучор бўладилар. Улар учун улуғ азоб бордир. У Кун (қиёмат) да қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўлу оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур», (Нур сураси, 23–24-оят) оятларини сўнггина барча дард-аламлар ариди.

Бундай воқеалар асрлар оша доим бўлиб турган. Мисол учун, Имом Бухорий кемада сафарга чиққанида бир йўловчи у кишининг ёнидан 1000 танга пули борлигини билиб, уни ундириш мақсадида туҳмат қилмоқчи бўлади. Буни сезган олим пулни денгизга улоқтириб юборади ва шу зайлда туҳматдан холос бўлади.

Шунингдек, ўтган асрнинг 30–40-йиллари юртимиздаги қатағон сиёсати туфайли минглаб зиёли ота-боболаримиз туҳмат ва бўҳтон билан олий жазога тортилгани барчамизга маълум. Унинг мудҳиш оқибатлари бугунги кунимизгача сезилади.

 Афсуски, ўз нафси, манфаати йўлида беайб кишиларга туҳмату бўҳтон қилаётган кимсалар бугун ҳам бор

. Улар бойлик орттириш, мансабга ёки мол-мулкка эга бўлиш илинжида одамлар ҳаётига хавф солади. Кўплаб азоблар чекишига ҳатто, жавобгарликка тортилиб, қамоққа тушишига ҳам сабабчи бўлади. Уларнинг бу қилмишлари учун қонунчилигимизда қатъий жазо тайинланган бўлса-да,  охиратда ҳам бундай одамлар қаттиқ азобга гирифтор бўлади.   

 

Бу ҳақда Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир одамни айблаб, унда йўқ нарсани айтган бўлса, Аллоҳ таоло уни айтган нарсасидан халос бўлгунча жаҳаннам оловида куйдириб туради”, дейдилар (Имом Табароний ривояти). 

Шуниси маълумки, туҳматчилар у дунё бу дунё рўшнолик кўрмаслиги тайин. Қилган ишининг касри бир кун бўй кўрсатади. Бунга жаннат башорати берилган ўн саҳобадан бири Саъд ибн Зайд розияллоҳу анҳунинг ҳаётида бўлган воқеа бунга мисол бўлади олади. Чунки у кишига бир аёл еримни тортиб олди дея бўҳтон қилади. Бундан қаттиқ азият чеккан Саъд ибн Зайд аёлни баддуо қилади ва туҳматчи йиллар ўтиб хору зор бўлиб оламдан ўтади. Бундай воқеалар бугунги ҳаётимизда ҳам учрайди. Ён-атрофимизад ўзгаларга озор бериб, ўзи ҳам бир кун азобга қолганлар кам эмас. Шундай ҳар қандай ишнинг жавоби бир кун барибир қайтади.

Ислом Йўлчиев

             

725 марта ўқилди

Мақолалар

Top