Мақолалар

Саломатлик - туман бойлик

Аллоҳ таолонинг бандаларига берган беҳисоб неъматларининг ичида энг улуғи, бу сиҳат-саломатликдир. Бу бебаҳо неъматнинг қадри нечоғлик улуғ эканлиги ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз умматларини огоҳлантириб шундай марҳамат қилганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмай алданиб қолганлар. У иккиси - сиҳат саломатлик ва фароғат” (Имом Бухорий ривояти).

  Дарҳақиқат, инсоният ўзида бор неъматни гоҳида қадрига етмайди. Саломат ва хотири жам бўлган киши турмуш ташвишлари, чеки-чегараси йўқ орзу-ҳавасларнинг кетидан қувиб юраверади ва ўшаларга алданиб саломатлиги ва тинчлигини қўлдан бериб қўяди. Охир-оқибат саломатлигини бой бергач, аттанг қилади ва саломатлигини йўқотиш эвазига топган нарсаси унинг олдида ҳеч нарса эмаслигини кейин англаб етади. Лекин, кейинги афсус надоматнинг фойдаси бўлмай қолади. Шунинг учун, неъматларни вақтида қадрига етиб, унинг шукронасини адо этиб бормоқлик лозим бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида марҳамат қилдилар: “...саломатлик вақтингизни беморлик келишидан олдин ғанимат билинг...” (Имом Термизий ривояти).

  Сиҳат саломатлик неъматидан баҳраманд киши бошқа неъматлардан ҳам баҳра олиб яшайди. Саломатлик бўлмаса, бошқа неъматлар ҳам инсонга татимайди. Шунинг учун, саломатлик неъматини қўлдан бермаслик, унга футур етказадиган ҳар қандай иллатлардан инсон ўзини сақламоғлиги лозим бўлади.

  Гоҳида инсонга беморлик етиши табиий ҳолат. Инсоннинг ожизлиги ҳам шунда. Бу дунёда Аллоҳ таоло бандаларини турли йўллар билан синаб, имтиҳон қилар экан, гоҳида етадиган беморлик ҳам ўза синовларнинг биридир. Бунинг учун банда ғамга ботмаслиги керак, аксинча бу имтиҳондан муваффақиятли ўтишга ўзида куч топа олиши лозим. У ҳам бўлса, сабрдир. Ҳасталикка сабр қилган кишига савоб ёзилиши, гуноҳларига каффорат бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз с.а.в.дан қатор ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон кишига етадиган чарчоқ, ҳафалик, озор, ғам-ташвиш ва ҳатто битта тикан кириши сабабли Аллоҳ таоло унинг хатоларини ўчиради”, (Имом Бухорий ривояти).

Динимизда даволанишга ижозат берилган. Ҳадисларда баён этилишича, Аллоҳ таоло қандай дард нозил қилган бўлса, албатта унинг давосини ҳам нозил қилган. Шундай экан, инсоният доимо изланишда бўлиб, ўзининг ҳаётини сақловчи, соғлигини асровчи воситаларни кашф қилишда бардавом бўлиши лозим.

  Мутақиллик йилларида юртимизда аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга катта эътибор қаратилиши натижасида юртимизда фуқароларнинг ўртача ёши 1990 йилга нисбатан 67 ёшдан эркаклар ўртасида 73,5 ёшга, аёллар ўртасида 75,8 ёшга орди. Албатта, бунда соғлиқни сақлаш соҳасига давлатимиз томонидан катта эътибор қаратилаётганлигининг ҳам алоҳида ўрни бор.

Оқил инсон соғлигининг кетишига ўзи била туриб сабабчи бўлмаслиги лозим. Чунки, биз учун ҳаётимиз қанчалик омонат бўлса, соғлигимиз ҳам омонатдир. Ўз жонига қасд қилиш қанчалик оғир гуноҳ бўлса, қасддан соғилигига путур етказиш ҳам шунчалик гуноҳ. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!» деган. (Бақара сураси, 195-оят).

Ислом шариатининг мақсади инсондаги асосий беш нарсани сақлашга қаратилган бўлиб, шулардан бири инсоннинг жонини омон сақлашдир. Шунинг учун ҳам, ислом динида инсоннинг ҳаётига, инчунун унинг соғлигига зарар етказадиган ҳамма нарса ҳаром саналади. Қуйидаги ҳадис бунга яққол далил бўлади. Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай маст қилувчи ва футур етказувчи нарсани истеъмол қилишдан қайтардилар, (Имом Абу Довуд ривояти). Маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилиш оқибатида инсоннинг нафақат соғлиги, балки ҳаёти хавф остида қолади. Минг афсуски, йигирма биринчи асрга келиб маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳвандлик моддаларининг турлари кўпайиб кетди. Буларга мубтало бўлган кишиларда ўпка, жигар саратонига чалиниш ҳолатлари кўп учрамоқда. Маълумки, саратон хасталиги билан оғриган кишиларнинг аксарияти шу касаллик туфайли ёруғ дунё билан видолашмоқдалар. Гиёҳвандлик балоси кенг тарқалиши оқибатида аждодларимиз билмаган ва эшитмаган касалликлар пайдо бўлиб, ҳар йили минглаб одамлар бу офатнинг қурбонига айланмоқдалар. ОИТС деган аср вабосига қарши курашиш учун дунё ҳамжамияти турли тадбирларни амалга оширишига қарамасдан ҳалигача бу дарднинг давоси топилганича йўқ.

Ҳасталикни даволашдан кўра уни олдини олган яхшироқ, деган нақлга амал қилган ҳолда ёшларимизни гиёҳвандлик ва у келтириб чиқарадиган ёмон оқибатлардан огоҳлантиришдан тўхтамаслигимиз лозим. Зеро, саломатлик - туман бойлик, деб бежизга айтилмаган.

 

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

“Муҳаммад Носир ҳожи” жоме масжиди

имом-хатиби.

 

          

 

 

9812 марта ўқилди

Мақолалар

Top