Мақолалар

Ибодатнинг моҳияти

Аллоҳ таоло бундай амр этади: “Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт сураси, 56-оят). Оятдан маълумки, ибодат инсоннинг яратилишига сабаб бўлгани учун бу масалага жиддий эътибор қаратиш лозим.

Бугунги кунда ибодатни бир мунча торроқ доирада тушунадиган бўлиб қолдик. Аксарият мусулмонлар ибодатни намоз, рўза, закот ва ҳаж амалларидангина иборат деб билишади. Аммо бу ибодатларнинг бошқа бир неча амаллар билангина мукаммал бўлишини унутишмоқда.

Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Ислом беш нарса устига барпо қилинган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси деб гувоҳлик бериш, намозни қоим қилиш, закотни адо этиш, Байтуллоҳни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳадиси шарифнинг жумлаларига эътибор қаратилса, ҳозирги кунда Ислом деб қаралаётган намоз, рўза, закот, ҳаж амаллари Ислом дейилмаяпти, балки Исломнинг асоси, пойдевори дейилмоқда.

Комил ибодат тушунчаси уламолар наздида икки қисмга – шаръий ва таомилий (ижтимоий ҳаётдаги хатти-ҳаракатлар) амалларга бўлинади. Юқорида санаб ўтилган ибодатлар, яъни Исломнинг беш аркони шаръий ибодатлар туркумига киради. Уламолар бу икки қисм ибодатнинг баёнида, бир-бирига чамбарчас боғлиқ ва бири иккинчисисиз комил бўлмайди, деб таъриф беришган. Ислом манбалари синчиклаб ўрганилса, бу масалада жуда кўплаб далилларни учратиш мумкин.

Жумладан, Жаъфар ибн Абу Толиб Нажоший ҳузурига кирганида, подшоҳ ундан Ислом қандай дин эканини сўрайди. Жаъфар ибн Абу Толиб:

– Эй подшоҳ! Бизга Аллоҳ таоло то ўз ичимиздан, омонатдор, тўғрисўз, иффатли, наслу насаби маълум ва машҳур бир кишини пайғамбар қилиб юбормагунича жоҳилият ҳолатида яшайдиган, бут-санамларга ибодат қиладиган, ҳаром-ҳариш нарсаларни ҳам истеъмол қилаверадиган, фаҳш ва бузуқ ишлардан тап тортмайдиган, қариндошлик ва қўшничилик алоқаларини боғламайдиган бир қавм эдик. Пайғамбар алайҳиссалом бизни Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишимизга, тўғри сўзлашга, омонатга хиёнат қилмасликка, ваъдага вафодорликка, силаи раҳмни боғлашга ҳамда қўшниларга яхшилик қилиш каби чиройли хулқлар билан хулқланишга буюрдилар. Шунингдек, ҳаром қилинган нарсалардан ва ноҳақ қон тўкишдан қайтардилар, – деди.

Уламолар: “Ислом чиройли ахлоқ мажмуасидир”, деганлар. Яна: “Иймон – бу яхши хулқдир, кимнинг яхши хулқи зиёда бўлса, иймони зиёда бўлибди”, дейишган.

Таомилий ибодатлар одамлар ўзаро бир-бирлари билан бўладиган муомалаларда ўз аксини топган ва шаръий ибодатлар асосида барпо қилингандир. Мўмин-мусулмонлар ота-оналарнинг фарзандларига, фарзандларнинг ота-оналарига, қайнона-қайноталарнинг келин-куёвларига, келин-куёвларнинг қайнона-қайноталарига, шунингдек, қўни-қўшни, қариндош-уруғларнинг ўзаро бир-бирларига, ишчилар раҳбарларига, раҳбарларнинг ишчи-ходимларга бўладиган гўзал муомалаларини Ислом дини ибодат даражасига кўтарганини билишлари ва амал қилишлари жамиятда юксак маънавият барқарор бўлишининг энг муҳим омилидир.

Муҳаммадсиддиқ УСМОНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Манбалар хазинаси” мудири

660 марта ўқилди

Мақолалар

Top