Мақолалар

Уламоларга эргашиш вожиб

Аллоҳ ва унинг росулига итоат қилиш, Аллоҳ ва унинг росули ҳалол қилган нарсани ҳалол, ҳаром қилган нарсани ҳаром дейиш, Аллоҳ ва унинг росули вожиб деган нарсани вожиб дейишлик барча инсону жинларга вожибдир.

Лекин шариат аҳкомлари ичида ҳамма инсон ҳам ўзича Қуръон ва ҳадисдан билиб олиши мумкин бўлмаган масалалар борки, ушбу ҳукмларни билишда одамлар олимларга мурожаат қилишлари лозим бўлади. Чунки, олимлар Аллоҳнинг каломи ва  росулуллоҳнинг ҳадисларини яхшироқ тушунадилар, оят ва ҳадисда ирода қилинган маънони тўғри англайдилар.

Мазҳаббошилари ва уларга эргашган уламолар гўё Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан инсонлар ўртасида турган бир воситачи, далолатчи ва йўлбошчи вазифасидаги кишилар бўлиб, улар Росулуллоҳнинг айтган сўзларини ва ундан кўзланган маъно-мақсадни одамларга ўз ижтиҳодлари ила етказадилар ва тушунтириб берадилар.

Аллоҳ таоло бир олимга берган илм ва фаҳмни бошқа олимга бермаслиги ҳам мумкин. Бунга Қуръони каримдаги ушбу оят далил бўлади:

وَدَاوُۥدَ وَسُلَيْمَٰنَ إِذْ يَحْكُمَانِ فِى ٱلْحَرْثِ إِذْ نَفَشَتْ فِيهِ غَنَمُ ٱلْقَوْمِ وَكُنَّا لِحُكْمِهِمْ شَٰهِدِينَ فَفَهَّمْنَٰهَا سُلَيْمَٰنَ  وَكُلًّا ءَاتَيْنَا حُكْمًا وَعِلْمًا

"Ва Довуд билан Сулаймоннинг экинзор ҳақида ҳукм қилаётганларини (эсла). Ўшанда у(экинзор)га қавмнинг қўйи кечаси тарқалиб кетган эди. Биз уларнинг ҳукмига шоҳид бўлган эдик. Бас, Биз уни Сулаймонга фаҳмлатдик. Уларнинг ҳар бирига ҳукмни ва илмни берган эдик" (Анбиё сураси, 78-79-оятлар).

Ўз даврининг Пайғамбари ва подшоҳи бўлмиш Довуд алайҳиссаломнинг ҳузурларига икки киши ораларида ҳукм чиқаришни сўраб келишибди. Улардан бири экинзор соҳиби, иккинчиси қўйлар эгаси экан. «Ўшанда у (экинзор)га қавмнинг қўйи кечаси тарқалиб кетган эди». Кечаси билан экинзорни пайҳон қилиб, еб битирган эди. Довуд алайҳиссалом икки томоннинг гапини эшитиб бўлиб, қўйларни экинзор эгасига берилишига ҳукм чиқардилар. Пайҳон бўлиб йўқолган экинзор ўрнига уни пайҳон қилган қўйларни олиб бериш айни адолат эди. Бу ҳукмдан кейин қайтиб кетаётган қўй эгаси Сулаймон алайҳиссаломни кўриб қолиб, бўлган ҳодисани у кишига айтиб берди. Шунда Сулаймон алайҳиссалом оталари Довуд алайҳиссаломнинг олдиларига кирдилар ва «Эй Аллоҳнинг пайғамбари, ҳукм сиз чиқарган ҳукмдек бўлмаслиги керак эди», дедилар. Довуд алайҳиссалом: «Қандай бўлиши керак эди?», дедилар. Сулаймон алайҳиссалом: «Қўйни экинзор эгасига беринг, у фойдаланиб турсин. Экинзорни эса, қўй эгасига беринг, уни тузатиб асл ҳолига келтирсин. Сўнгра ҳар ким ўз нарсасини қайтариб олади. Экинзор эгаси экинзорини эски ҳолига келгандан сўнгра қайтариб олади. Қўй эгаси ҳам қўйларини қайтариб олади», дедилар. Шунда Довуд алайҳиссалом: «Ҳукм сен чиқарган ҳукмдир», дедилар.

Юқоридаги қиссада баён қилинганидек, ушбу икки пайғамбар бир масала устида икки ҳил ҳукм чиқардилар. Аммо, Аллоҳ таоло фақат уларнинг бирларига тўғри ҳукмни илҳом қилди. Лекин шундай бўлсада, ҳар икковларини ҳам олим ва ҳаким деб мақтади.

Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари саналадилар. Уларнинг бирор масала устида қилган ижтиҳодларини худди намоз ўқиш учун қиблани ахтарган кишиларга ўхшатиш мумкин бўлади. Масалан, тўрт киши ҳар бирлари ўзларича қибла томонни аниқлашга ҳаракат қилдилар ва ҳар бирлари ўзларича қибла томон деб эътиқод қилган тарафга қараб намоз ўқидилар. Аслида, уларнинг ичидан фақат битталаригина қиблани тўғри топган эдилар. Лекин, шундай бўлсада тўртовларининг намозлари ҳам дуруст бўлаверади. Ҳаракат қилиб тўғри топганга иккита савоб, аммо ҳаракат қилиб нотўғри топганга эса, битта савоб бўлади. Бу ҳақда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Ҳукм чиқарувчи киши агар ижтиҳод қилиб тўғри топса, унга иккита ажр бор. Бордию, ижтиҳод қилишда хатога йўл қўйса, унга битта ажр бор" (Имом Бухорий ривояти).

Албатта, шу нарсага эътибор бериш керакки, ҳукм чиқараётган киши албатта, мужтаҳид бўлиши шарт. Бундан келиб чиқадики, мужтаҳид бўлмаган ҳар бир киши ҳам ўзича ҳукм чиқарса, хато қилган тақдирда ҳам ажрга эга бўлиб қолар экан, деган фикрга бормаслик керак.

Чунки, бошқа ҳадисларда илмсиз ҳолатда фатво берган кишиларнинг ўзлари ҳам залолатда, ўзгаларни ҳам залолатга бошлашлари мумкинлиги хақида қаттиқ огоҳлантирилгандир.

Хомиджон Ишматбеков,
ЎМИ раисининг биринчи ўринбосари

593 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Ибодатнинг моҳияти Энг афзал ибодат »

Мақолалар

Top