Мақолалар

Гиёҳвандлик – келажак кушандаси

Ҳозирда айрим кимсалар ўз жони, моли, жамиятдаги мавқеларига катта зарар келтирувчи иллатларга мубтало бўлишмоқда. Шулардан бир – “аср вабоси” дея ном олган гиёҳвандлик балосидир. Гиёҳвандлик инсонни Аллоҳ буюрганидай ҳалол яшашдан маҳрум этади, оиласини парокандалик ботқоғига отади, соғлигига жиддий путур етказади, ўзини эса жиноят йўлига бошлайди. Энг фожиалиси, инсон ўзига Аллоҳ берган ҳаёт неъматининг заволга учрашига, эрта ўлим топишига сабаб бўлади.

Бугунги кунда гиёҳвандлик балоси чегара, ўлчов, миқёс билмайдиган бир ҳолатга келди. Унинг касофатидан Ер юзида кўплаб инсонлар ҳаёт билан эрта видолашмоқда, соғлиғидан ажрамоқда, оилалар бузилиб, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, ёшларга олдинига шунчаки кўнгилхушлик, оддий қизиқиш, болаларча эрмак билан бошланган “гиёҳдан бир тотиб қўйиш” кейинчалик унга батамом ружу қўйишга олиб келмоқда.

Маълумки, ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг тарқалиши  катта ёшдагилар ўртасида  тарқалишидан кўра хатарлироқдир. Аҳолининг бу қатлами гиёҳвандликка  қанча берилса, жамият келажаги шунча хавф-хатар остида бўлади. Тажрибалар шуни кўрсатадики, гиёҳвандликка  илк бор қадам қўйиш кўпроқ 11-17 ёшлар орасида кузатилади.

Ислом динида ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказиш қаттиқ қораланади. Гиёҳвандликка учраганлар эса ҳар икки ҳолатдаги зарарда ҳам айбдордирлар. Аллоҳ таоло инсонга бежизга ақл-идрок ва фаҳм-фаросатни ато этмаган. У ақл ёрдамида нима зарару нима фойда эканини аниқлаши, зарардан узоқда бўлиши талаб этилади.

Аллома Ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовои исломийя” асарида инсон саломатлиги ва жамият ҳаётига гиёҳвандлик иллати етказадиган 120 хил жиддий зарар санаб ўтган.      

 Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Маст ва ақлни карахт қилувчи ҳар бир нарсанинг ҳаром” экани ҳақида огоҳлантирганлар. Ибн Сирийн раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўзини ҳалокатга отиш Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидсизлик белгисидир”, деганлар. Имом Бухорий ривоят қилган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло бундай марҳамат этган: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.

Қисқасини айтганда, гиёҳвандлик ҳар қандай жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига катта тўсиқдир. Шу боис бу иллатга  қарши туриш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Хайрулло Мардонов,
 Имом Термизий ўрта махсус
ислом таълим муассасаси директори ўринбосари

 

706 марта ўқилди

Мақолалар

Top