Мақолалар

Фил воқеаси қандай содир бўлган эди?

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жанобимизнинг дунёга келишларига икки ойча вақт қолганди. Шу кунларда Фил воқеаси рўй берди. Одамларнинг ҳар тарафдан келиб Каъбани зиёрат қилишига тўсиқ бўлишни хоҳлаган Яман волийси Абраҳа, Византия императорининг ёрдами билан Санъа шаҳрида баҳайбат черков қурдирди. Аҳолини шу ибодатхонани зиёрат қилишга мажбурлади. Араблар қадимдан Каъбани зиёрат қилишга одатланганликлари туфайли Абраҳанинг черковига ҳеч эътибор бермадилар. Аксинча унга ҳақорат назари билан қарадилар. Ҳатто кимдир черков ичига кириб, ифлослади. 13 Ибн Саъд, “ат-Табақот”, I, 99-100-б. 24

Бу ҳодисадан аччиқланган Абраҳа Каъбани бузишга бел боғлади ва шу мақсадда катта қўшин тўплаб, Маккага юриш қилди. Абраҳанинг қўшини Маккага яқинлашиб, Қурайшнинг молларини талашни бошлади ва шу аснода Абдулмутталибга тегишли икки юз туяни ҳам ҳайдаб кетди. Шу сабабдан Абдулмутталиб Абраҳага бориб, ундан туяларини қайтариб беришни сўради. Абраҳа унга: “Мен сенларнинг муқаддас Каъбаларингни йиқитишга келдим. Сен бўлса, уни ҳимоялашни ўрнига туяларингни сўрагани келдингми?” деди. Абдулмутталиб: “Мен туяларнинг эгасиман. Каъбанинг ҳам ўз эгаси бор, албатта. Уни ўз Эгаси ҳимоялайди” дея жавоб берди. Абраҳа кибрланиб: “Менга қарши уни ҳимоя қила оладиган ҳеч қандай қудрат йўқ” деб, Абдулмутталибга туяларини бериб юборди.

Кейин қўшинга Маккага қараб юришни буюрди. Абраҳа қўшини олдида юрадиган, шу туфайли ғалаба қозонишга ишонадиган “Мамуд” деган фили бўларди. Абраҳа Каъбага қараб юрмоқчи бўлса, шу фил ётиб олиб, олдинга юрмасди. Ваҳоланки Яман тарафга қараб ҳайдалса, югуриб кетаверарди.

Шундай қилиб, Абраҳа базўр Маккага яқинлашса-да, унга ҳужум қилишга қодир бўлолмади. Чунки Абраҳа қўшини устига Аллоҳу таоло Абобил, яъни тоғ қалдирғочлари туркумидан бир гала қушни юборди. Қушларнинг ҳар бири нўхатдек келадиган учтадан тош олиб келганди. Тошлардан биттаси тумшуғида, иккитаси панжаларида ушлаб туришарди. Ана ўша тошларни қушлар Абраҳа қўшини устига ташлади. Майда тошлар аскарларнинг бошидан кириб оёғидан тешиб чиқарди. Тошларга нишон бўлган ҳар бир аскар шу заҳоти тил тортмай ўларди.

Ояти каримада ҳам айтилганидек, оқибатда қўшин худди янчилган экин япроғидек булиб колди. Бу ҳолни кузатган Абраҳа, қўрқув ва талвасага тушиб, қочиш пайига тушди, бироқ қоча олмади. Чунки тошларнинг асл нишони у эди. Тошлардан унга ҳам бориб текканди. Қочаётганида гўштлари бурда-бурда бўлиб тўкилиб ўлди.

Бу воқеа Қуръони каримнинг Фил сурасида қуйидагидек таърифланган: (Эй Расулим!) Парвардигорингиз (Каъбани бузишни хоҳлаган) фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми? У зот уларнинг (Каъбаи муаззамани вайрон қилиш учун қўллаган барча) ҳийла-найрангларини барбод қилмадими? У зот уларнинг устига сополдан ясалган тошларни отувчи гала-гала қушларни юборди. Уларни қурт-қумурсқалар томонидан еб ташланган сомондек (илма-тешик) қилиб юборди.”

 

“Пайғамбаримиз ҳаёти”
китобидан

993 марта ўқилди

Мақолалар

Top