Мақолалар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан муҳим молиявий кўрсатма

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бир киши ўзи сотиб олган меваларда мусибатга учраб, қарзи кўпайди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, унга садақа қилинглар, дедилар. Одамлар унга садақа қилдилар. Лекин у ҳам қарзини адо этишга етмади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдорларга, борини олинглар, сизга ўшандан бошқа нарса йўқ», дедилар». (Имом Абу Довуд ривояти).

Барча тадбиркорлар, қарздорлар, ҳақдорлар ҳамда ёрдамга ошиқувчи одамларга ушбу ҳадисда ажойиб маслаҳат мавжуд.

Оғир молиявий муаммоларга дучор бўлган қарздор унга ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, тушунишимиз лозимки, кишининг қарзга ботиб қолиши ҳар доим ҳам унинг масъулиятсиз, бепарво, ёлғончи ёки виждонсизлигини, фирибгар ёки омонатдор эмаслигини англатмайди, балки табиий офат, бозордаги турли кутилмаган ўзгаришлар, молиявий-иқтисодий инқирозлар сабабли ҳам қарзга ботиб қолишлари мумкин. Қарздор савдоси ва тижорати ортидан қарзларини тўлашни ният қилган бўлиши мумкин, аммо ташқи омиллар бунга йўл қўймаслиги мумкин.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарздор ўз қарзларини узиши учун унга имкон борича ёрдам бериш лозимлигини тушунтирмоқдалар, акс ҳолда ҳақдорлар, унга қарз берганлар ҳам мураккаб ҳолатга тушиб қолишлари мумкин. Бу тавсияда қарздор, ҳақдор ва жамият ўртасида зарарларни тақсимлашнинг ёрқин мисолини кўришимиз мумкин. Бу адолатли иқтисодий мувозанатни сақлашга ёрдам бериб, оғир молиявий зарба фақатгина бир одамга эмас, жамият аъзолари ўртасида сезилмайдиган қилиб қоплаб юборилишига кўмаклашади. Қийинчиликни дафъ қилишда кўмаклашганлар эса шу жамиятнинг ислоҳига ҳисса қўшганлари, ўзаро ёрдам ва мурувват, ислоҳга сабаб бўлганларини ҳис қиладилар.

Бу усул ҳозирги тилда фандрайзинг ва краудфандинг (fundraising and crowdfunding) деб аталадиган молиялаштириш усулларига жуда ўхшашдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу суннатларини жонлаштириш айниқса ҳозирги кунда ўта долзарбдир.

824 марта ўқилди

Мақолалар

Top