Мақолалар

Пиёда юришнинг 7 фойдаси

Лондон университети олимлари, 500.000 киши иштирок этган тадқиқотлар натижаларига кўра, қуйидаги хулосаларга келишди.
Пиёда юриш:
1. Асаб тизими – мия фаолияти, ҳаракат тизимини яхшилайди, асаб ҳужайраларини кислород билан бойитади, тинчлантиради, уйқу меъёрлашади. Тушкунлик ва паришонхотирлик хавфини 40 фоизгача камайтиради.
2. Юрак-қон томирлар тизими – қон босимини пасайтиради, юрак фаолиятини яхшилайди. Оёқ мушакларининг ритмик қисқариши ҳамда бўшашиши қон ва лимфа оқимини фаоллаштиради.
3. Ҳаракат-таянч тизими – модда алмашинувини оширади, ортиқча вазнни йўқотади. Бўғимлардаги оғриқни камайтиради, уларни ўраб турган мушакларни кучайтиради.
4. Нафас олиш тизими – ўпка фаолиятини яхшилайди. Кўкрак қафаси мушаклари нафас олиш жараёнига жалб қилиниб, кислород алмашинуви 30 фоизга кўпаяди.
5. Овқат ҳазм қилиш тизими – ўт пуфаги ва ичакларнинг тўлқинли ҳаракатларини кучайтириб, ўт қопида тош пайдо бўлиши ва қабзиятнинг олдини олади.
6. Эндокрин тизими – ёғларнинг эриши ва углеводларнинг парчаланиши ҳисобига ортиқча вазн йўқолади, қандли диабетнинг олди олинади.
7. Мунтазам пиёда юриш иммунитетни мустаҳкамлайди. Семиз аёллар худди спортчилардек машқ қилишса, машғулотдан сўнг кучли очлик сезиб, кўп овқат еб қўймасликлари керак. Ҳар куни камида ярим соат пиёда юриш тавсия қилинади. Муҳими – мунтазамлик. Ҳолатига қараб аста-секин ошириб бориши мумкин.

Феруз ЙИГИТАЛИЕВ,
шифокор

"Мўминалар" журнали, 2-сон, 2023 йил

760 марта ўқилди

Мақолалар

Top