Мақолалар

Қуръонни тўғри ўқинг!

Қуръонни тўғри тиловат қилиш жуда ҳам муҳим бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили Жаброил алайҳиссаломга уни ўқиб бериб, ўтказиб турганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «... Жаброил алайҳиссалом Рамазоннинг ҳар кечасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан учрашиб, Қуръонни бир бирларига ўзаро ўқиб берар эдилар». Имом Бухорий ривоят қилган.

Уламолар ушбу ҳадисни шарҳлаб шундай дейишган: Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан дарс қилишининг сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни тажвид билан ўқиш ва ҳарфларини ўз махражидан чиқаришни ўргатиш ҳамда умматга Қуръонни устоздан оғизма-оғиз ўтказиб олиш лозим эканини билдириш учун бўлган. Чунки Қуръон мустақил ўрганиладиган китоб эмас. Балки шогирд устоздан оғизма-оғиз таълим олиб ўрганиши фарз бўлган китобдир.

Ҳар бир мусулмон киши Қуръон ўқишни билиши зарур бўлгани учун балоғатга етмаган ёш болаларга Қуръони каримни таҳоратсиз ушлашга рухсат берилган. Бунинг сабаби агар Қуръон ёдлаётган ёш болалар ҳам таҳоратга буюрилса, улар таҳорат қилишга малолланиб, Қуръон ўқишдан тўсилиб қолади. Қуръонни ёдлаш ўт аҳамиятли бўлгани боис болалар Қуръондан узоқлашиб кетмасин деб, динимиз ёш болаларга Қуръонни таҳоратсиз ушлашга рухсат берди.

Ҳаммамиз яхши биламизки, намозда Қуръоннинг қироати намознинг рукни ҳисобланади. Шунинг учун намознинг қироатида йўл қўйилган баъзи бир хатолар намозни бузади. Бизнинг оғриқли нуқталаримиздан бири шуки, айрим намозхонлар намознинг қироати ва баъзи зикрларини тўғри талаффуз қилмайдилар. Қироат, сано, такбир ва ҳакозолардаги баъзи камчиликлар намозни буткул бузиб юборади. Бунга асло беэътибор бўлманг!!!

 Қудратуллоҳ Сидиқметов

865 марта ўқилди

Мақолалар

Top