Мақолалар

Дабдаба деб қарзга ботиш жабр-ку!

Оила аъзоларимиз билан анча йилдан буён “Ҳидоят” журналининг ҳар бир сонини интиқлик билан кутиб, катта қизиқиш билан ўқиб борамиз. Унда чоп этилган мақолаларни оила даврасида мулоҳаза қиламиз.

Журналнинг 2023 йил 5-сонида тўйларимиз ҳақида: “Жонини берса беради, лекин...” деган долзарб ва ажойиб мақола чоп этилибди. Мақолани ўқиб, баъзи фикрларим билан ўртоқлашишни лозим топдим.

Ҳозирги кунда тўйларимиз кимўзарга бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Имкони борни-ку, тушунса бўлар, аммо топиш-тутиши ўртамиёна ёки ночорроқ оилалар ҳам имкони бўлса-бўлмаса қарзга ботиб, дабдабали тўй ўтказаётганига нима дейсиз? Бунинг оқибатида оғир аҳволга тушиб қолаётганлар ҳам кам эмас. Наҳот тўйларимизни қисқартиришнинг иложи бўлмаса? Бунинг имкони бор. Фақат ўзимиз хоҳласак бўлгани.

Яқинда тўй қилиб, икки фарзандимни уйлантирдим. Ҳар иккала қуда томон билан унаштирув маросими (биз томонларда “нон синдириш” дейилади)дан олдин, тўйни ихчам, исрофгарчиликларсиз ўтказишимни ният қилганимни айтдим. Қудалар ҳам рози бўлгач, нон синдириб, тўй кунини белгиладик. Тўйдан олдинги ва кейинги барча маросимлардан воз кечдик. Тўй дастурхони камтарона бўлди.

Тўйда қишлоғимиздаги “Қировул” жоме масжиди имом-хатиби Учқун домла Саидаҳмедов ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ ва янги қурилаётган икки оиланинг Ватанимиз ва жамиятимиз олдидаги бурч ва вазифалари ҳақида чиройли маъруза қилди. Худога шукр, тўйимиз файзли ўтди, келин-куёвлар ҳозирда тинч-тотув яшашмоқда.

Бу билан ҳаргиз мақтаниш ниятим йўқ. Мақсадим – тўйларимизни ихчам, дабдабаларсиз, исрофгарчиликларсиз ўтказиш даври аллақачон келганини билдириш холос. Келинг, ҳурматли ватандошлар, дабдабали тўй қиламан деб қарзга ботиб, ўзимизга, фарзандларимизга ҳам жабр қилмайлик.

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Кимки яхшилик қилса, бас, ўзи учундир. Кимки ёмонлик қилса, бас, ўз зараригадир” (Жосия сураси, 15-оят).

Ғуломиддин ДУВЛАЕВ,
Каттақўрғон тумани

1078 марта ўқилди

Мақолалар

Top