Мақолалар

Ўқинг! Аллоҳни яхшироқ танишни истасангиз

Бугунги кунда замон технологиялар такомиллашиб бораётгани, кишиларнинг юмушларини енгиллатадиган бир қатор имкониятлар пайдо бўлаётгани ҳар қандай кишини қувонтиради, албатта. Аммо шу билан бирга етарлича муаммоларни ўзи билан олиб келганини ҳам инобатга олиб қўйиш лозим. Хусусан, ёшларни тарбиясини издан чиқишига, бир қатор исёнкор ишларни амалга ошишига айнан интернет сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Маълумки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га илк нозил бўлган ваҳий – «Ўқи» эди. Бу хитоб ҳикмат, ибрат, сабоқ ҳамдир. Негаки илк ваҳий маърифатга чорламоқда, илк ваҳий билим олишга чорламоқда, илк ваҳий инсонни бирон бир ишни бошлашдан муқаддам ана шу соҳани ўқиб, ўрганишга ундамоқда.

Ўқи хитоби инсон ҳаётини нурафшон қиладики, залолатдан огоҳ бўлиш йўлларини, оқни қорадан фарқлашни билади, кўр-кўрона бировларга эргашишни нотўғрилигини тушунади. Дарҳақиқат, соҳаларга оид қатор-қатор китоблар, ўқув қўлланмалар, ишланмалар бўлсаю, ўқилмаса соҳани билимидан бехабар қолинганидек, залолатдан огоҳлантириш, таҳдидлардан ҳимояланиш сингари долзарб масалаларни ўзида мужассам қилган китобни бировнинг қўлига берилсаю, унга бепарволик қилса, унинг залолат ботқоғига ботишида бошқанинг айби йўқ.

Ўқи хитоби илм олишни тарғиб қилмоқда. Илм эса, инсоннинг ҳаёт чироғидирки, илмли кишининг ҳаёти нурафшон бўлади, фикри кенг ва тиниқ бўлади, жамиятда ўзининг ўрнига эга бўлади. Илмли киши ҳар қандай чорасизликка барҳам беришга, жамиятга фойда келтиришга қодир бўлади.

Ўқиган киши илмли бўлади. Илмли бўлган киши эса қудратли бўлади. Илмнинг қудрати борасида Мирзо Улуғбекдан: “Сиз нега сиёсатни қўйиб, илм билан машғул бўлдингиз?” деб сўрадилар.

Мирзо: “Мен илмнинг қудратини бобомдан билдим. Бир сафар мен бобомнинг тиззасида ўтирар эдим, шу пайт ҳузурларига бир киши кирди, бобом шошиб унинг истиқболига ўрнидан турди. Мен тиззасидан тушиб кетдим. Кейин билсам, у зот олим экан, бобомнинг устози экан. Илмнинг обрў-нуфузини ана ўшанда кўрдим”, жавоб берди.

Илм олиш инсонга ҳаётий эҳтиёж бўлибгина қолмай, муқаддас динимиз буюрилган фарздир. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир”, деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, илмга бепарволик қилганлар, илмни хор қилганлар қиёмат кунида албатта ундан сўраладилар.

Ўқи деганда фойдали, манфаатли илмларни ўқиш назарда тутилмоқда. Бундай илмларни олиш инсонни камолот сари етаклайди, дунёсини ҳам, охиратини ҳам саодатли қилади. Шундай экан, ўқинг кўнглингиз ёришади, ўқинг зеҳнингиз, илмингиз ошади, ўқинг савобингиз кўпаяди, ўқинг бировга муҳтожликдан қутуласиз, ўқинг Аллоҳни яна ҳам яхшироқ танийсиз...

Динни ниқоб қилиб олган манфур, вайронкор ғояларни амалга ошириб юрганлар ва уларнинг сафига бориб қўшилиб қолаётган кимсаларни ҳолига ачиниб кетамиз. Уларнинг бу ҳолатга тушишига айнан илмсизлиги сабаб бўлди. Агар илмга эътибор берганларида ислом дини нима эканини англардилар, Ислом қилаётган ишларини мутлақо инкор этишини, унга қаршилигини тушунардилар. Таассуфки, ўқиш учун кўзлари бору аммо қалб кўзлари кўр. Улар ўқий олмайдилар.

Фарзандингиз ўқимишли, ҳаётда ўз ўрнини топишини истасангиз ўқинг. Аввало, ўзингиз ўқинг, шунда фарзандингиз ергашади. Майли кўп эмас, оз-оздан бўлса ҳам ҳар куни ўқинг. Шояд, сиздан илҳомланиб оила аъзоларингиз ҳам ўқий бошласа...                                    

 Абутолиб ИСАҚОВ

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани “Оқ масжид” жоме масжиди имом-хатиби

10199 марта ўқилди

Мақолалар

Top