Мақолалар

Аллоҳ унинг кўнглига ҳадисларга муҳаббат солди

Ҳофиз Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (773-852)


Тўлиқ исми Ибн Ҳажар ал-Асқалоний – Абу Фазл Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ал-Киноний аш-Шофеъийдир. Ҳадис илмининг етук олими, оқил мураббий, адолатли қози, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилувчилардан бўлган. У ҳижрий 773 йил шаъбон ойида Мисрда таваллуд топган.

Унинг болалик даври туғилиб ўсган ерда Қуръони каримни, “Хави” ва Ибн ал-Ҳожибнинг “Мухтасар” ва бошқа шу каби ақидавий асарларни тўлиқ ёд олиш билан ўтди. Кейинроқ васийлардан бирининг қарамоғида Маккага йўл олди, у ерда таниқли Ислом олимларидан дарс олди.

Кўп ўтмай Аллоҳ Аҳмаднинг кўнглига ҳадисларга муҳаббат солди, шунда у бор кучини ҳадис илмига, изланишга сарфлади. Бу йўлда у Ҳижозга, Шомга ва Мисрга борди. Унинг ҳаётида аз-Зайн ал-Ироқийнинг олдида ўтказган 10 йил муҳим аҳамият касб этган.

Унга Булқиний раҳматуллоҳи алайҳ, Ибн Мулаққин ва бошқа кўпгина имомлар устозлик қилишган. У Қуръон ва ҳадисдан Ал-Иъзз ибн Жамаъадан, араб тилидан Ал-Амаридан, тил стилистикасидан ал-Мажид ал-Фейрузободийдан, адабиёт ва шеъриятдан эса ал-Бадр ал-Муштакидан дарс олган.

Машаққатли илм олиш ва изланишлардан сўнг Ибн Ҳажарнинг илмини тан олишди ва унга Қуръон, ҳадисдан дарс беришга ҳамда китоб ёзиб ҳаттоки фатво чиқаришга рухсат беришди.

Ибн Ҳажар Қуръон тафсири, фиқҳ, нотиқлик санъати каби йўналишларда бер нечта мадрасада дарс берган. У ўқитган ўқувчилар ичидан кўпгина таниқли Ислом олимлари чиққан. У “Ал-Азҳар”да маъруза ўқир, Амр ибн ал-Осс жоме масжидида воизхонлик қилар эди.

Ибн Ҳажар 21 йилдан ортиқ муддат фиқҳ билан шуғулланган. Дастлаб Мисрда қозилик қилди, кейнчалик эса Шомда. Узоқ йиллар давомида у олий (юқори) қози лавозимидан бош тортди, аммо ҳижрий 827 йилнинг 12 муҳаррамида бу лавозимни қабул қилишига тўғри келди. Бир мунча вақт ўтгач у истеъфога чиққан бўлса-да, бу лавозимда яна 7 маротаба қайтишга тўғри келган.

Ибн Ҳажар Ислом илмининг барча жабҳаси бўйича 150дан зиёд асар ёзган. Унинг барча меҳнатлари у вафот этишидан аввал тан олинган, баҳоланган ва машҳурликка эришган.

Ибн Ҳажарнинг энг машҳур асари “Фатҳ ал-Борий шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий”дир. Бу машҳур муҳаддис Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарига ёзилган шарҳ саналади. Ибн Ҳажар ҳижрий 813 йили бу китобнинг муқаддимасини ёзган. Орадан 4 йил вақт ўтганидан сўнг китоб устида иш бошлаган ва ҳижрий 842 йил ражаб ойида ёзиб тугатган.

Ибн Ҳажар замондошлари уни нафақат Ислом оламининг буюк олими сифатида, балки ажойиб инсон, вафодор дўст, сабр ва камтарликда тенги йўқлиги, мулоҳазалилиги, дунё ҳаётидан узилганлиги ва қаноатлилиги, фидокорлиги ва саҳийлиги каби хислатларини эслашар эди.

У жазирама иссиқ кунларда рўза тутар, тунлари эса ибодатда қойим бўларди. Ҳазиллашишни ва қизиқ воқеаларни тинглашни яхши кўрарди. Ўзининг ёқимли ва қизиқ суҳбатига барчани жалб эта оларди, хоҳ у қари диндор ёки ёш талаба бўлсин. У бир мулоқот қилсак инсон ҳар сафар унинг ажойиб аҳлоқи ва одоб эгаси эканига шоҳид бўлган.

Буюк Ислом олими ибн Ҳажар ал-Асқалоний ҳижрий 852 йил 18 зулҳижжа ойи, шанба куни ҳуфтон намозидан сўнг бу дунёни тарк этган.

Муфтий Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг "Ҳадис илмига кириш" китобидан олинди.

794 марта ўқилди

Мақолалар

Top