Мақолалар

Мужаддид ва мужтаҳид олим

Мулла Али Қорий (ваф.1014)

Алломанинг тўлиқ исми Нуриддин Али ибн Султон Муҳаммад ал-Маккий ал-Ханафий бўлиб, “ал-Қорий” кунияси билан машҳурдир.

“Ал-Қорий” номининг унга берилишига сабаб, у Қуръони каримни турли қироатларда ўқиш бўйича пешқадамлардан бўлган. Шунинг учун Мулла ал-Қорий номи билан шухрат қозонган.

Али ал-Қорий ҳақидаги маълумотлар олимнинг ўзи томонидан ёзилган асарлар муқаддималарида келтирилади. Шунингдек, унинг ҳаёти ва фаолиятини ёритишда Муҳаммад ал-Муҳиббийнинг “Хулосат ал-асар фий аъён ал-қарн ал-ҳодий ашар” ва аш-Шавқонийнинг “Ал-бадр ат-толеъ” асарлари ҳам асосий манба бўлиб хизмат қилади.

“Хулосат ал-асар фи аъён ал-қарн ал-ҳодий ашар” китобида Али ал-Қорий ўз асрининг беназр олими, ибораларни тузатиш ва тадқиқ этишда моҳир имом, фақиҳ, муҳаддис, усул ва наҳв билимдони, муфассир, мутакаллим, мутасаввиф, тарихчи ва адабиётшунос олим, Суннати набавия борасида етук мутахассис бўлгани баён этилган.

Мулла Али ал-Қорий кўп соҳалар билимдони ҳисобланиб, жуда кўп асарлар ёзган. Манбаларда келтирилишича, уларнинг сони 125 тани ташкил этади ва улар бир неча жилдлик иборат йирик китоблар ва кўплаб саҳифаларни ўз ичига олувчи рисолалардан иборат.

Олимнинг китоб ёзишдаги ўзига хос услуби шундаки, у барча асарлардаги бобларни қимматли маълумотлар ва баҳслар билан бойитган. Ўқувчи учун тушунарли, бошқаларда учрамайдиган йўналиш билан ёзилган бўлиб, мавҳум ибораларсиз ва нодир тадқиқот тарзида амалга оширилган.

Бундан ташқари, Мулла Али ал-Қорий моҳир хаттот ҳам бўлган. Аш-Шавконий “Ал-бадр ат-толеъ” асарида ёзишича, Али ал-Қорий ўнинчи ҳижрий асрнинг мужаддиди ва мужтаҳиддир.

Машҳур фақиҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад Саид Абдулғани ал-Маккий ал-Ҳанафий “Иршод ас-сорий ила маносик ал-Мулла Али ал-Қорий” асрида бундай ёзади: “Ўз замонасининг буюк алломаси, машҳур олим, ақлий ва нақлий билимларни ўзида мужассамлаштирган, Қуръон ва ҳадис илми бўйича билдирилган фикрларни асосли тарзда шарҳловчи – тадқиқотчидир”.

Шайх Муҳаммад Зоҳид Кавсарий “Ироқ аҳлининг фақиҳлари ва уларнинг сўзлари” номли рисоласида: “Имом Абу Ҳанифанинг издошларидан Мулла Али ал-Корий ҳофиз, беназир муҳаддис олим эди”, деб ёзади.

Замондошлари уни “Ҳақиқатлар султони, нодир фиқҳий масалалар билимдони, фақиҳ, муфассир, қорию мутакаллим, муҳаддис ҳамда балоғат ва фасоҳат, наҳв илмларининг муаллими” деб тан олишган.

Алломанинг баъзи асарлари неча асрлардан бери ўқув юртларида муҳим дарслик ва қўлланма бўлиб келмоқда. Олимнинг “Анварул Қуръон фий асрорул Фурқон” (“Фурқон сирларида Куръон нурлари”), “Ан-насиху вал-мансуху минал ҳадис” (“Ҳадисларнинг насх ва мансухлари”), “Адиллату муътақади Аби Ҳанифа фи абавайи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам” (“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ота-оналарига доир ақидада Абу Ҳанифанинг далили”), “Ал-асмарул жанийяту фий асмаил ҳанафия” (“Ҳанафий олимларнинг исмлари ҳақида йиғилган мевалар”), “Ал-аҳадисул қудсияту арбаъиния” (“Кирқ қудсий ҳадис”), “Ал-адаб фий ражаб” (“Ражаб ойи одоблари”) ва “Манақибу ал-Имоми Аъзам ва асҳобиҳи” (“Имоми Аъзам ва асҳобларининг маноқиблари”) каби китоблари машҳур.

Аллома Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий масалаларига доир қатор рисолалар ҳам ёзган. “Рисалату фий ҳимаяти мазҳабил Имоми Аби Ҳанифа” (“Имом Абу Ҳанифа мазҳабини ҳимоя қилиш тўғрисида рисола”), “Рисалату фир радди ала мин замми мазҳабил Имоми Аби Ҳанифа” (“Имом Абу Ҳанифа мазҳабини ёмонловчиларга раддия рисоласи”) шулар жумласидан.

Аллома ўндан ортиқ китобга шарҳ ёзган. “Шарҳи Саҳиҳи Муслим” (“Саҳиҳи Муслим”нинг шарҳи), “Шарҳу Айнил илми ва зайнил ҳилми” (“Ҳилмнинг зийнати ва илмнинг булоғи” китобига шарҳ), “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар” (“Фиқҳул акбар”нинг шарҳи), “Шарҳу Муснад ал-Имоми Аби Ҳанифа” (Имом Абу Ҳанифанинг “Муснад”ига шарҳ), “Шарҳу ал-Ҳидоя лил Марғиноний” (Марғинонийнинг “Ҳидоя”сига шарҳ), “Шарҳу ал-Виқоя фи масаилил Ҳидоя” (“Ҳидоя” масалаларидаги “Виқоя”га шарҳ) ва “Мирқотил мафотиҳ шарҳи Мишкатил Масобиҳ” («“Мишкатул Масобиҳ”ни шарҳлашда очилган нозик ўринлар») каби шарҳлари бутун Ислом оламида эътиборлидир.

Ҳанафий мазҳабининг етук алломаси Мулла Али ал-Қорий Имом Абу Ҳанифа, Суфён Саврий ва Фузайл ибн Иёзнинг йўлидан бориб, ҳаётда дуч келган масалаларга асосли жавоблар берган. Аллома 1014 ҳижрий (1636 милодий) сананинг шаввол ойида Маккаи Мукаррама шаҳрида ҳаётдан кўз юмди ва шу шаҳардаги машҳур “ал-Муаллот” қабристонига дафн этилди.

Муфтий Иброҳим Десаи раҳимаҳуллоҳнинг "Ҳадис илмига кириш" китобидан олинди.

678 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Ваъдани бажармаслик гуноҳми? Энг муносиб жазо »

Мақолалар

Top