Мақолалар

Савдодаги махфий садақа

Отам билан бирга рўзғор қилишни ўрганиш учун бозорга борар эдим. Отам нима сотиб олсалар, сотувчи айтган нархга сотиб олар, нарх-наво борасида ҳеч ҳам тортишмас эдилар. Бошқа кўп одамларнинг сотувчилар билан узоқ савдолашиб турганларини кўрардим. Кейин бир куни отамдан “Отажон, нега сиз сотувчилар билан ҳеч ҳам савдолашмайсиз, бошқалар савдолашиб нархни роса тушириб олишади-ку” деб сўрадим.

Шунда отам табассум қилиб тушунтирдилар: “Эҳ болагинам, бу сотувчилар ўзи бой одамлар эмас, кўпчилиги бошқа касби бўлмагани учун шу ерда тирикчилик қилишади, ичларида кимлардир етим бўлиб ўсган, яна қайсидирларининг фарзандлари бетоб бўлиши мумкин, яна қайсидирларининг қарзлари бордир. Шунинг учун ҳам мен улардан нарса сотиб олсам, кенгчилик қилишга ҳаракат иламан. Уларга бундай кенгчилик қилиш махфий садақа бўлади. Зотан улар айтаётган нарх билан биз тушириб оладиган нарх ўртасида унча катта фарқ йўқ. Зора биз ўтиб юбораётган шу арзимас миқдордаги пуллар эртага қиёмат куни фойдамизга ишлаб қолса”.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сотаётган пайтида бағрикенг бўлган, сотиб олаётган пайтида бағри кенг бўлган ва одамлардан қарзини сўраётган пайтида бағрикенг бўлганга Аллоҳ раҳм қилсин”, деб дуо қилганлар.

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сизлардан олдинги яшаган бир кишининг гуноҳларини кечирди, нима сабабдан? У одам нимаики сотса ҳам, нимаики сотиб олса ҳам, одамлардан қарзини талаб қилаётган пайтда ҳам бағрикенг бўлган эди”, дедилар.

Имом Бухорий ривоят қилган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир киши одамларга қарз берар эди, агар ўша қарздор бўлган кишини оғир ҳолатда кўрса, атрофидаги ишчиларига “Ундан (қарзини) кечиб юборинглар, шоядки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизларнинг ҳам гуноҳларимиздан кечиб юборса”, дерди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у одамнинг гуноҳларини кечди”, дедилар.

Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.

478 марта ўқилди

Мақолалар

Top