Мақолалар

Болалар ҳуқуқи бўйича миллий тарихимизга теран назар

Ҳар қандай ота-она фарзандининг соғлом ва зеҳнли, касб-ҳунарли ва эл-юртига содиқ бўлиб вояга етишини истайди. Ўзбекистонда бу улкан мақсадни амалга ошириш Истиқлолнинг илк йиллариданоқ давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Зеро, болалари соғлом юрт қудратлидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида бола ҳуқуқлари мустаҳкам кафолатланган. Асосий Қонунимизнинг 45-моддасида, жумладан, вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани белгилаб қўйилган. Бош Қомусимизнинг 65-моддасига биноан эса: «Фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади».

Миллий ҳуқуқий тизимимизда бола ҳуқуқларига оид қонунлар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистонда ушбу соҳада 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Бу ҳақда фикр юритганда, сўнгги йилларда БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини инобатга олган ҳолда, қарийб 20 та қонун қабул қилинганини таъкидлаш лозим.

Булар жумласига «Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида», «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида» (янги таҳрирда), «Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида», «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида», «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунларни киритиш мумкин. Бундан ташқари, Оила кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси, Жиноят ижроия кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг 1992 йил 9 декабрда ўзбек парламенти ратификация қилган биринчи мажбурий халқаро-ҳуқуқий шартнома – Бола ҳуқуқлари конвенциясидир. Ушбу Конвенцияни жаҳон болаларининг ўзига хос халқаро Конституцияси дейиш мумкин. Бундан ташқари, Ўзбекистон бола ҳуқуқларига оид ўндан ортиқ халқаро шартномаларга қўшилган.

Хусусан, Ўзбекистон БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ва унинг иккита Факультатив протоколи иштирокчиси сифатида мазкур ҳужжатларнинг барча қоидасига тўлиқ амал қилиб келмоқда. Ушбу Конвенция қоидалари миллий қонунчилигимизга ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари фаолиятига изчиллик билан имплементация қилинди.

Айни пайтда болаларнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларидан хабардорлик даражасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактабларида инсон ва бола ҳуқуқларига бағишланган дарслар ўтилмоқда. 2014 йилда 1-7 синф ўқувчилари учун «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари», 8-9 синф ўқувчилари учун «Давлат ва ҳуқуқ асослари», «Конституциявий ҳуқуқ асослари» фанлари доирасида Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини ўрганиш ташкил этилган.

Юртимизда болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг қамровли эзгу ишлар 2016 йил – Соғлом она ва бола йилида нафақат изчил давом этмоқда, балки янги, янада юксак босқичга кўтарилмоқда. Зотан, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади.

Шу жиҳатдан, жорий йилда «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун қабул қилингани айни йўналишдаги ислоҳотлар узвий ва қатъий, изчил ва босқичма-босқич асосда давом этаётганининг ёрқин тасдиғидир. Янги Қонунда ёшларга оид сиёсатни, яъни навқирон авлоднинг ривожланиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, давлат ва жамиятни ривожлантиришда уларнинг интеллектуал, ижодий салоҳиятидан унумли фойдаланишни назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими белгилаб берилгани ғоятда муҳимдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, иқтидорли олим Муслим Атаев томонидан нашрга тайёрланган «Исломда болалар ҳуқуқлари» номли китоб бу борада яна бир мўъжаз ва муҳим амалий қадамдир. Ушбу китоб ҳақида фикр юритишдан олдин ёш олимнинг самарали фаолияти ҳақида қисқача тўхталишни лозим деб топдик.

Тарих фанлари номзоди М.Атаевнинг илмий ва тарихий йўналишдаги ўнга яқин китоби нашрдан чиққан. Хусусан, «Уструшана олимлари»[1], «Имом Уструшаний»[2] , «Жомиъ аҳком ас-сиғор»[3], «Ал-Асъила вал-ажвиба»[4], «Сунани Доримий, Сайланма»[5], «Мовароуннаҳр фақиҳлари»[6], «Жиззах алломалари»[7] китоблари шу жумлага киради. Шунингдек, М.Атаевнинг бир қатор мақолалари илмий журнал ва тўпламларда эълон қилинган[8].

Муслим Атаев «Исломда болалар ҳуқуқлари» китобини нашрга тайёрлашда ана шу илмий асарлар ва мақолаларда тадқиқ этилган муайян мавзуларни янада чуқурлаштириш йўлидан боргани эътиборлидир. Хусусан, янги китобда, аввало, улуғ аллома Маждуддин Уструшанийнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти, у яшаган давр, алломанинг устоз ва шогирдлари, бой илмий мероси, хусусан, «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган.

Маълумки, Имом Уструшаний (Абул-Фатҳ Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн ибн Аҳмад Маждуддин ал-Уструшаний) ХII аср охири ва ХIII асрнинг биринчи ярмида Мовароуннаҳрда яшаб, юксак илмий салоҳияти билан фиқҳ илмининг ривожига муносиб ҳисса қўшган уструшаналик[9] улуғ алломадир. Маждуддин Уструшаний фиқҳ илми жадал ривожланган Қорахонийлар даврида Уструшанада таваллуд топган, фиқҳ илмидан дастлабки сабоқни маҳаллий фақиҳлардан ўрганган.

Ишончли қўлёзма манбаларга қараганда, Маҳмуд ва унинг ўғли Муҳаммад Уструшанийнинг устози Бурҳониддин Марғиноний ҳисобланади. Уструшанийлар шаклланган илмий муҳит асосан ҳанафий мазҳаби олимлари таъсирида бўлган. Энг муҳими, Имом Уструшанийнинг нафақат «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари, балки «Китаб ал-фусул», «Куррат ал-айнайн фи ислаҳ ад-дорайн», «ал-Фатово», «ал-Куруд ва-д-дуйун» ва «Ал-Асъила вал-ажвиба» каби бошқа асарлари ҳам ўз даврида катта шуҳрат қозонган.

Аммо, мана шу жуда бой, ноёб ва нодир илмий-маърифий, маданий ва маънавий мерос шу пайтгача ўрганилмай келинган эди. Эътиборли жиҳати шундаки, Муслим Атаев ўз илмий изланишлари билан ушбу бўшлиқни тўлдиришга салмоқли ҳисса қўшди. Натижада бу борадаги тарихий маълумотлар тартибга солинди, тизимлаштирилди ва ўзаро қиёсий таҳлилдан ўтказилди.

Албатта, Маждуддин Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари бундан саккиз юз йил аввал дунё тарихида бола ҳуқуқларига бағишлаб ёзилган илк ҳуқуқий манба эканини алоҳида қайд этиш даркор. Бундай нодир асар мавжуд эканининг ўзиёқ, фикримизча, олис тарихда юртимизда забардаст уламолар ва фиқҳшунос олимлар томонидан кўпгина ҳуқуқий муносабатлар, шу жумладан, ислом ҳуқуқининг тизими, моҳияти, манбалари ва ривожланиш босқичлари мукаммал ўрганилиб, бу борада нодир асарлар яратилганини яққол тасдиқлаб турибди.

М.Атаев таъкидлаганидек, «Жомиъ аҳком ас-сиғор» ислом ҳуқуқшунослигига оид қимматли манбадир. Шу боис бу китоб илк марта 1982 йили ироқлик профессор Абдулҳамид Абдул Холиқ ал-Байзалий томонидан чоп этилган. Асарнинг иккинчи нашри эса Қоҳирада «ал-Азҳар» университети профессори Абу Мусъаб ал-Бадрий ҳамда ўқитувчи Маҳмуд Абдурраҳмон Абд ал-Мунъим томонидан тайёрланган.

Шу ўринда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва мазкур идора масъул ходими Муслим Атаев «Жомиъ аҳком ас-сиғор»нинг Мисрда чоп этилган иккинчи нашри билан Тошкентда сақланаётган 5 та қўлёзма нусхаларини солиштириб кўрганига алоҳида эътибор қаратиш даркор. Нега деганда, шу жараёнда асарнинг Миср нашрида жиддий камчиликлар борлиги аниқланган.

Айни шу нуқтаи назардан, китобнинг тузатилган ва тўлдирилган араб тилидаги нашрини, шунингдек, ўзбек китобхонига туҳфа этилаётган ушбу нашрни тайёрлашда бундай нуқсонлар бартараф этилгани таҳсинга сазовор.

Хулоса қилиб айтганда, Имом Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари вояга етмаган болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари хусусида ёзилган фиқҳий асарларнинг энг мукаммалидир. Асарда ҳанафий мазҳаби бўйича ёш болаларга тааллуқли фиқҳга оид тарқоқ ҳолда берилган юзга яқин манбалардан олинган 1 минг 280 дан ортиқ фатво ўз мужассамини топган.

Муслим Атаев нашрга тайёрлаган «Исломда болалар ҳуқуқлари» китобига ана шу фатволардан 400 га яқини саралаб олинган ва ўзбек тилига ўгирилган. Бу матнлар бугунги давримиз болалари ҳаётида учрайдиган ва аксарият ота-оналарни қизиқтирадиган мавзуларга бағишлангани алоҳида диққатга лойиқдир. Шу маънода, ушбу китоб ўзбек китобхони учун ниҳоятда фойдали ва манзур бўлади, деган умиддамиз.

Акмал Саидов

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази директори, юридик фанлари  доктори, профессор

[1] Уструшана олимлари. – Т.: «Тошкент ислом университети», 2009. – 72 б. 

[2] Имом Уструшаний. – Т.: «Тошкент ислом университети», 2010. – 48 б. 

[3] Жомиъ аҳком ас-сиғор / Араб тилида, муфтий Усмонхон Алимов ҳаммуаллифлигида. – Т.: «Тошкент ислом университети», 2010. – 496 б. Яна қаранг: Жомиъ аҳком ас-сиғор /Араб тилида, муфтий Усмонхон Алимов ҳаммуаллифлигида. – Т.: «Шарқ», 2013. – 696 б. 

[4] Ал-Асъила вал-ажвиба /Араб ва форс тилларида. – Т.: «Шарқ», 2011. – 344 б. 

[5] Сунани Доримий, Сайланма. – Т.: «Тошкент ислом университети», 2011. – 224 б.. 

[6] Мовароуннаҳр фақиҳлари / А.Сарсенбаев ҳаммуаллифлигида. – Т.: «Мовароуннаҳр», 2011. – 48 б. 

[7] Жиззах алломалари. – Тошкент: «Адиб» нашриёти, 2014. – 270 б. 

[8] Қаранг: «Жомиъ аҳком ас-сиғор» – болалар ҳуқуқлари жамланган мўътабар манба // Шарқ машъали. – Тошкент, 2004. – № 2. – Б. 20-22; Уструшаний ва унинг асарлари // Имом ал-Бухорий сабоқлари. – Т., 2004. – № 4. – Б. 270-272; Уструшана ва Уструшанийлар // Илмий-таҳлилий ахборот. ТИУ. – Тошкент, 2004. – № 4. – Б. 49-52; Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Уструшаний ва унинг илмий мероси // Ўзбекистонда ижтимоий фанлар. – Тошкент, 2005. – № 3-4. – Б. 80-85; Уструшана минтақасидан чиққан олимлар // Имом ал-Бухорий сабоқлари. (Шайх Абдулазиз Мансур ҳаммуаллифлигида) – Тошкент, 2008. – № 2. – Б. 94-95. – № 3. – Б. 174-175; The Famous Jurist of the Medieval Central Asia // SHYGYS. Р.Б. Сулейменов атындағы Шығыстану институты. – Алматы, 2008. – № 2. – С. 24-30; Ал-Уструшаний яшаган давр. Мўғуллар истилоси: фақиҳ ва фиқҳ тақдири. Имом ал-Бухорий сабоқлари. – Тошкент, 2009. – № 4. – Б. 280-287; «Китоб ал-фусул» – қозилар учун муҳим манба. Тошкент Давлат шарқшунослик институти шарқшунослар анжумани маърузалар тўплами. № 2. ТошДШИ. – Тошкент, 2009. – Б. 136-142; Ислом манбалари жаҳолатга қарши // Тошкент Давлат шарқшунослик институти шарқшунослар анжумани маърузалар тўплами. 3-сон. ТошДШИ. – Тошкент, 2010. – Б. 144-150; Мадждуддин ал-Уструшани и его научное наследие. http: ziyonet.uz/uzc/library/book/24044/ libid/200200; Маждуддин ал-Уструшаний ва унинг болалар ҳуқуқлари ҳақидаги асарининг илмий аҳамияти. «Бола ҳуқуқларини таъминлашда ижтимоий ҳамкорлик» мавзусидаги республика илмий-амалий анжумани материаллари. –Тошкент, 2011. – Б. 49-55. 

[9] М.Атаев ўз илмий тадқиқотларида бу истилоҳга муайян аниқлик киритгани аҳамиятлидир. Яъни, олимнинг фикрича, Ўрта аср араб манбалари асосида Уструшана Самарқанднинг олди ва Сайҳун дарёсининг (Сирдрёнинг) қуйи қисмидаги катта бир вилоят экани аниқланган. Уструшана минтақасининг ҳозирги жойлашган ҳудуди Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳудудини ўз ичига олган. Қаранг: Атаев, Муслим. Жиззах алломалари / Масъул муҳаррир: Шайх Абдулазиз Мансур. – Т.: «ADIB», 2014. – 32-33-бетлар.

10989 марта ўқилди

Мақолалар

Top