Мақолалар

Болангизнинг қобилиятига эътибор қилинг.

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Боланинг қобилиятига эътибор қилиш. Гўдакнинг ҳолига қараб иш тутиш, уни қайси ишларга қобилияти бор, нималар қилишга тайёр эканига аҳамият бериш керак. Шариатда изн берилган ҳар қандай юмушни унга юклаб қўявермаслик керак. Чунки унга қўлидан келадиган ишдан бошқаси юкланса, у ишни бажара олмайди ва қобилияти етадиган нарсани қўлдан бой беради. Агарда валий болани фаҳму фаросати ўткир, идроки дуруст, хотираси яхши, тўғри англайдиган ва билимга рағбатли деб билса, бу унинг илмни қабул қилишга тайёрлигининг аломатидир. Модомики, қалб лавҳаси фориғ бўлиб турганда, унга илмни нақш қилсин. Токи, илм қалбга муҳрлансин ва тобора ривожланиб борсин.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло илмни бандалардан тортиб олмайди, уни уламоларни маҳв қилиш йўли билан тортиб олади. Одамлар биронта ҳам уламо қолмаганидан динни тушунмайдиганларни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар. Сўнг улардан сўрайдилар. Улар билмасдан фатво айтадилар. Ўзлари ҳам адашиб, ўзгаларни ҳам адаштирадилар». Буюк файласуф Суқрот: «Дунёдаги барча адашишларнинг бош сабабчиси илмсизликдир», деган.

Умар ибн Абдулазиз розияллоҳу анҳу Абу Бакр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳуга шундай деб ёзган эди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтган сўзларнинг ҳаммасини кўриб чиқиб, ёзиб боргин, чунки мен уламоларнинг вафотидан сўнг илмнинг йўқ бўлиб кетишидан қўрқаяпман. Фақат Расулуллоҳ ҳадислари қабул қилинсин! Уламолар илм ўргатишга, илм тарқатишга киришсинлар, билмаганларга ўргатсинлар, зеро, илм сир тутилмас экан, ҳалокатга учрамайди!»

Агарда боланинг илмга лаёқати ва рағбати йўқ эканини сезса, бироқ унда баҳодирлик ва от миниш, ўқ отиш, найза ўйнатиш каби ишларга қобилият кўринса, унга шу соҳа билан шуғулланиш ва машқ қилиш лозим бўлади. Мана шу иш унга ва мусулмонларга фойдалироқдир. Борди-ю аксинча, уни бундай ишларга қобилияти йўқ эканини кўрса ва унинг мусулмонларга фойдали бўлган бирон-бир ҳунарни эплаб кетишига ақли етса, ўшанга йўл очиб берсин.

Булар унга кифоя этадиган зарур даражадаги диний билимни ўргатилгандан кейинги ишлардир. Бу вазифаларни бажариш ҳар бир кишининг қўлидан келади. Бандалар устида Аллоҳнинг ҳужжати қоим бўлиши учун мана шундай осон қилингандир. Бандалар устида Аллоҳнинг мўл-кўл неъмати бўлганидек, Унинг етук ҳужжати ҳам улар устида барқарордир.

Болаларни ҳаромдан йироқ қилиш. Болани ипакдан тайёрланган кийимлар кийишдан узоқлаштиришга сабаби шуки, бу унинг тарбиясини бузади ва аёлмижоз қилиб қўяди. Шунингдек, баччабозлик, ароқхўрлик, ўғрилик ва ёлғон ҳам уни хотин мижозга айлантиради. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: «Ипак ва тилла умматимнинг эркакларига ҳаром қилинди, аёлларига ҳалол қилинди». (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти). Гўдак мукаллаф бўлмаса-да, унинг валийси мукаллафдир. Валийнинг бола учун ҳаромга йўл очиб қўйиши ножоиздир. Негаки, бола шунга одатланиб қолса, ундан ажралиши оғир бўлади. Бу олимларнинг айни масала юзасидан айтган сўзларининг энг тўғрисидир. Ипак кийиш болага ҳаром бўлмайди, дейдиганлар: «Чунки у мукаллаф эмас, унинг ҳам ипак кийиши ҳаром бўлмайди», – дейдилар. Бу сўз энг фосид қиёсдан келиб чиқади. Ахир, гўдак мукаллаф бўлмагани билан мукаллаф бўлишга тайёрланаяпти-ку! Шунинг учун унга таҳоратсиз, яланғоч ёки нажосатли ҳолда намоз ўқиш, ароқ ичиш, қимор ўйнаш ва баччабозлик қилишга йўл қўйилмайди.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

6395 марта ўқилди

Мақолалар

Top