Мақолалар

Дам солдириш жоизми?

Cавол: Бир ҳадисда: “Менинг умматимдан ҳисобсиз жаннатга кирадиганлари бўлади. Улар бемор бўлсалар, дам ҳам солдирмайдилар”, дейилган экан. Шунга дам солдириш ҳам гуноҳми?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Сиз сўраган ҳадис машҳур саҳобий ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган бўлиб, унда Набий алайҳиссалом бундай деганлар: “Умматимдан етмиш минги жаннатга ҳисобсиз кирурлар. Улар шундай кимсаларки, дам солишни талаб қилмайдиганлар ва шумланмайдиганлар ҳамда Роббиларига таваккул қиладиганлардир” (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти).

Мулла Алий Қорий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида дам солдириш жоизлигига далолат қиладиган ва дам солишдан қайтарилган ҳадиси шарифларни келтириб, уларнинг ҳар бири ўзига хос маънога эга эканини айтадилар. Яъни дам солдириш Қуръони карим оятлари, Аллоҳ таолонинг исми сифатлари билан араб тилида бўлса ва одамлар шифони Аллоҳ таолодан деб билсалар, бу иш жоиз экани, таваккулга зид эмаслиги, жаннатга ҳисобсиз киришдан тўсмаслигини айтадилар. Лекин дам солдириш жоҳилият одатларига кўра бўлса, одамлар тушунмайдиган бир нарсалар ўқилса, одамлар шифо шу руқядан деб эътиқод қилса, бундай дам солиш жоиз эмаслигини баён қилганлар. Валлоҳу аълам.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

320 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top