Мақолалар

Муносабат: “Раият аҳволидан огоҳ бўлдим...”

Кураш тушиб юрган ёки унга ишқибоз бўлган одамларнинг хабари бор: полвон полвонни бир қарашдаёқ билади. Ёдингизда бўлса, 2008-2013 йилларда Жанубий Корея Республикасининг Президенти бўлган Ли Мён Бакнинг “Мўъжиза содир бўлмайди”, деган китоби юртдошларимиз томонидан севиб мутолаа қилинганди. Ўша китобда муаллиф “Ҳондай” компаниясининг қурилиш ишлари бўйича директори бўлган кезларда Малайзия ва Сингапур давлатлари раҳбарлари билан учрашганини мароқ билан ҳикоя қилади ва ўша давлат раҳбарларига ҳавас қилиб бу давлатлар тез орада Кореядан илгарилаб кетади деган хулосага келганини ёзган.

Дарҳақиқат, корейсларни истаган нарсада ҳайратга солишингиз мумкин. Аммо меҳнаткашлигу тиришқоқлик борасида қойил қилиш учун камида малайзиялик ёки сингапурлик бўлишингиз керак. Буни яқинда Жанубий Корея ва Хитой Халқ Республикасига бориб келган таниқли журналист Шерзодхон Қудратхўжаев “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ҳам ёзди. Лекин Давлатимиз раҳбарининг фидойилиги, халққа, Ватанга муҳаббати, тиним нима билмаслиги, янги ғояларга бойлиги, ғоятда ташаббускорлиги корейсларни ҳам ҳайратга солди.

Ана шу эътироф натижаси ўлароқ, ўтган ойда, Жанубий Кореяда “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев” деган 320 саҳифадан иборат китоб корейс тилида чоп этилди.

Китобда Президент Мирзиёев ташаббуси билан бошланган  ислоҳотларнинг таҳлилига эътибор қаратилган. Иқтисодиётнинг либераллашуви, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ҳимоялаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш, валюта бозорини либераллаштириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, вилоятларга нисбатан янги сиёсат, сўз эркинлиги ва конституциявий ҳуқуқ тамойилларини ҳимоя қилиш, жамиятда кузатилаётган умумий демократлаштириш ва либераллашув... буларнинг барчаси янги ислоҳотларнинг дастлабки  натижалари экани айтилган.

Бинобарин, Президентимизни гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда бўлганини эшитган одам, бу киши қачон дам олар экан, деб ҳайрон бўлади. Мана, куни кеча Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик лойиҳалари билан танишди, Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига ташриф буюрди. Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг банк ва жамғармалари ҳисобидан молиялаштирилаётган янги халқаро аэропортда, соатига 1 минг 500 йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Жараён билан яқиндан танишган президентимиз маблағлардан самарали фойдаланиш, қурилиш ишларини бошлаш учун ҳудудни тайёрлаш ва инфратузилмани ривожлантириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

“Аэропорт Ўзбекистоннинг остонаси. Шу боис бу ерда меҳмонлар учун барча шароит ва қулайликлар бўлиши керак”, деб алоҳида таъкидлаб ўтди. 

Муҳтарам президентимиз Тошкент иссиқлик электр станциясига ташрифи чоғида станциянинг янги буғ-газ қурилмаси ишга туширилди. Давлат раҳбари корхонада 370 МВтли янги буғ-газ қурилмасининг рамзий старт тугмасини босди. Буғ-газ қурилмасининг ишга туширилиши билан хорижда ва Навоий иссиқлик электр станциясида малака оширган кўплаб ёш мутахассислар бандлиги таъминланди.

Тошкент шаҳридаги «Akfa Medline» тиббиёт марказида бўлган президентимиз тиббиёт соҳаси ниҳоятда масъулиятли экани, бунда хусусий тиббиёт марказларининг ҳам ўзига хос ўрни ҳақида тўхталиб: “Хусусий тиббиёт марказлари қанча кўп бўлса, соҳада рақобат бўлади, рақобат бор жойда хизмат сифат юқори бўлиб, нарх арзонлашади. Бу эса энг муҳим жиҳатдир”, деди. Одамлар тиббиёт масканига унинг чиройли биносига қараб эмас, мутахассисларнинг юқори малакаси бўйича баҳо беради.

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбари мамлакатимизда Жанубий Корея тиббиёт институти филиалини ташкил этиш бўйича ҳам топшириқ берди. Бунинг натижасида, тиббий хизмат нархи ақл бовар қилмас даражада баландлаб кетмаслиги, малакали кадрлар етишиб чиқиши ҳамда кўплаб мутахассислар иш билан таъминланиши таъкидланди.

“Раият аҳволидан огоҳ бўлдим, улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида кўрдим...” деб ёзган эди Соҳибқирон бобомиз ўзининг “Темур тузуклари”да.

Дарҳақиқат, мамлакат аҳолисининг аҳволидан доимо хабардор бўлган, оддий одамларнинг кўнглини олишга тиришган одам элнинг муҳаббатини қозонади.

Хулоса қилиб айтганда, юртбошимиздан фидокорликда, жонкуярликда, ташаббускорликда, меҳнатсеварликда ва бошқа фазилатларда ибрат олиб, ҳар биримиз ўз ишимизни аъло даражада бажарсак, Ватанимиз янада гуллаб-яшнайверади, иншоаллоҳ!

ЎМИ матбуот хизмати

5583 марта ўқилди

Мақолалар

Top