Мақолалар

Саҳобаларни ҳам чўчитган илм – фатво

“Фатво” сўзи луғатда саволга жавоб бериш маъносини англатади. Истилоҳда эса саволга шаръий далил асосида жавоб бериш маъносида ишлатилади.

Шариатда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволларга фатво бериш фарзи кифоя ҳисобланади.

Ҳозирда кўплаб мусулмон давлатларида расмий фатво берувчи муфтият ёки халқаро марказлар бор.

Фатво беришнинг ўзига хос шартлари бор. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини пухта биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина фатво бериш ҳуқуқига эга.

Шубҳасиз, Исломда фатвонинг ўрни ва таъсири муҳим бўлиши билан бирга ўта масъулиятли вазифа ҳам ҳисобланади.

Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлайди: “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва у зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан гапиради”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада огоҳ ва эътиборли бўлишга чақириб: Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир, деганлар. Яъни, етарли билим ва тажрибага эга бўлмай туриб, фатво беришдан қайтарганлар. Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахслар бўлган жойда сукут сақлашган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ “ал-Мажмуъ” асарида Абдураҳмон ибн Аби Лайлодан қуйидагиларни ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг 120 саҳобасидан савол сўралганда, “анавидан сўранг”, деб бошқаларига ишора қилишар ва охири айланиб биринчи кишига савол қайта берилганини кўрдим.

Имом Моликдан раҳматуллоҳи алайҳ элликта масала сўраганида, биттасига ҳам жавоб бермаган экан. Бунинг сабаби сўралганида: “Жавоб берувчи ўзини аввал дўзахга солиб кўрсин, халос бўлишига кўзи етса, жавоб берсин”, деган эканлар.

Шайх Рамазон Бутий айтади: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни тутади. Динда ҳам худди шундай. Аслида у тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек, қамрови жиҳатидан хавфлироқдир”.

Бугунги кунда баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки ғаразли мақсадларга йўналтирилган фатволар инсонларни Ислом маърифатидан чалғитмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига олиб бормоқда ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солишига сабаб бўлмоқда. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг устози бўлган Робиа ибн Абдураҳмонни йиғлаган ҳолда кўриб, ундан бунинг сабабини сўрашганида, у кишилар диний-ҳуқуқий саволларни билими бўлмаган шахслардан сўрашаётганини кўргани, бу ҳолат Исломда катта хатар пайдо бўлганидан дарак беришини таъкидлаган экан.

Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳларнинг Исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга масъулиятсизлик билан фатво бериши ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштиришдир.

Хулоса қилиб айтганда, илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашувга олиб боради. Бу каби салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи ихтилофларнинг олдини олиш биринчи навбатда уламоларнинг, қолаверса, барчамизнинг муҳим вазифаларимиздан ҳисобланади.

 

Нозим Иминжонов,

Тошкент ислом  институти талабаси

7237 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top