Мақолалар

Ҳар бир сўзни ўйлаб сўйланг

Банда бир оғиз сўз билан мусулмон бўлиш ёки диндан чиқиш мумкин. Исломнинг беш рукнининг биринчиси ҳам айнан тил билан боғлиқ. Зеро, инсонга шаҳодат калимасини тил билан талаффуз қилгандан сўнг қолган ибодатларни бажариш масъулияти юклатилади. Тил бандага Қиёматда сўнгги ҳукм чиқарилишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга омиллардан саналади. Чунки тил бошқа аъзоларга қараганда кўп, тез ва осон ҳаракат қилиш хусусиятига эга. Шу боис тил билан содир этилган амаллар, хоҳ яхши амал бўлсин, хоҳ ёмон, қолган аъзолар билан содир этилган амалларга нисбатан кўпроқ бўлади.

Бир оғиз сўз катта машаққатлар билан эришилган натижани бир зумда йўққа чиқариши мумкин. Фаришталарнинг устози Азозил биргина “сажда қилмайман” деган сўзи билан Иблис, Шайтон номини олди. Бир сўз билан айтганда, тил инсонга бир вақтнинг ўзида энг яхши дўст ёки энг хавфли душман бўлишга қодир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис бу фикримизни қувватлайди: “Банданинг Жаннатга киришига сабаб бўладиган амалларнинг 99 таси тил билан, биттаси қолган аъзолар билан содир бўлади, унинг дўзахий бўлишига сабаб бўладиган амалларнинг 99 таси тил билан, биттаси қолган аъзолар билан содир бўлади”.

Демак, тилни сақлаш, ҳар бир сўзни эътибор билан сўзлаш барча мусулмон қаттиқ амал қилиши керак бўлган вазифалардан бири экан. Зеро, талаффуз қилган ҳар бир сўзимизни доимий кузатувчи фаришталар саҳифага тушириб боради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Зотан ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилгувчи (ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб-ёзиб турурлар. У бирон сўз талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур) (Қоф сураси, 17-18-оятлар).

Аллоҳ талаффуз қилган ҳар бир сўзимизни билиб тургувчи Зотдир. У гапимизни эшитишда ҳеч қандай ёрдамчига муҳтож эмас. Мазкур оятда зикр қилинган фаришталарнинг бандаларга кузатувчи вакил қилинганининг ҳикмати шундаки, инсон табиатан қилган ишини тан олмаслик хусусиятига эга. Бу сифат ҳатто Қиёмат кунида ҳам уни тарк этмайди, яъни банда қилган гуноҳларидан тонади. Шунинг учун ҳам Қиёматда банданинг тилига муҳр босиб қўйилади. Илми азалий ва абадий бўлган Аллоҳ таоло буни ҳисобга олган ҳолда икки фариштани бандага вакил қилиб қўйганки, бу фаришталарнинг гувоҳлиги бандага рад қилиб бўлмайдиган даражада ҳужжат бўлади. Мазкур фаришталардан мурод банданинг ўнг ва чап томонида савоб ҳамда гуноҳларни қайд этиб борувчи фаришталардир.

Инсон ўлгач, унинг номаи амоли ҳам ёпилади ва Қиёматда яна қайтадан очилиб, “Китобингни ўқи”, деган нидо келади. Мужоҳид раҳматуллоҳу алайҳ бу ҳақда шундай деган: “Аллоҳ бандасининг ҳолатини олдиндан билса-да, унга икки фариштани вакил қилиб қўйган. Улар Қиёматда ҳужжат бўлиши учун кеча-ю кундуз банданинг амалини ёзиб борадилар. Бири ўнг тарафида яхши амалларини ёзса, иккинчиси чап тарафида ёмон амалларини ёзиб боради”. Ҳадиси шарифда келишича: “Яхшиликларни ёзувчи фаришта банданинг ўнг тарафида, ёмонликларни ёзувчиси эса чап тарафида бўлади. Яхшиликларни ёзувчи фаришта ёмонликларни ёзувчисига қараганда ишончлироқ, шафқатлироқ бўлади. Агар банда яхши амал қилса, ўнг тарафдаги фаришта ўн баробар кўпайтириб ёзади, агар гуноҳ амал қилса, ўнг тарафдаги фаришта чап тарафдагисига: “Етти соат кутиб тур, шояд тасбеҳ ёки истиғфор айтиб қолса!”, дейди”. 

Оятдаги “ҳозиру нозир бўлган бир кузатгувчи фаришта” деганда уч хил маъно англашилади. Биринчи маъноси доим ҳозиру нозир, ҳеч қачон ғойиб бўлмайдиган фаришталар, иккинчиси банданинг амалини ёзиб борувчи фаришта, учинчиси эса банданинг амалларига гувоҳ бўлиш учун вакил қилинган фаришта. Мужоҳид раҳматуллоҳу алайҳнинг айтишича, бу фаришта инсоннинг ҳар бир сўзини, ҳатто беморнинг инграган овозини ҳам ёзиб боради. Бошқа олимларнинг фикрига кўра, фақат савоб ёки гуноҳга сабаб бўладиган сўз ва овозларни ёзади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагилар айтилган: “Амаларни ёзиб борувчи фаришталар ёзган нарсаларини Аллоҳнинг ҳузурига олиб чиқишганда Аллоҳ таоло амаллар саҳифасининг аввалига ва охирига қарайди. Агар иккаласида ҳам яхши амалларни кўрса, фаришталарига шундай деб айтади: “Сизлар гувоҳ бўлингларки, Мен бандамнинг бу икки саҳифа орасидаги қилган амалларини мағфират қилдим”. Бу гаплардан кўриниб турибдики, тилни ғийбат, ёлғон ва шу каби ёмон иллатлардан сақлашга қаттиқ эътибор қаратмоқ лозим. Зеро, тил бизнинг оқибатимиз қай тарзда якун топишида катта таъсир кучига эга. Тиловат, салавот, зикр, тасбеҳу таҳлилларни қанчалик кўпайтирсак, жон ҳалқумга келган вақтда айтадиган сўзимиз ҳам шу муборак калималар билан якун топиши шунчалик осонлашади. Аллоҳ барчамизни қуйидаги ҳадисда зикр қилинган мукофотларга сазовор бўлишни насиб айласин: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бандасига амалини ёзиб борувчи икки фариштани вакил қилиб қўйган. Банда ўлгач, бу фаришталар: “Фалончи ўлди, энди осмонга кўтарилайликми?”, деб Аллоҳдан сўрашади. Аллоҳ: “Осмонларим Менга тасбеҳ айтувчи фаришталарим билан тўла”, деб айтади. Улар: “Ерда турайликми?”, деб сўрашади. Аллоҳ: “Ерим Менга тасбеҳ айтувчи фаришталарим билан тўла”, дейди. Шунда икки фаришта: “Унда қаерда бўлайлик?”, дейишади. Аллоҳ таоло: “Бандамнинг қабрига боринглар, ўша ерда Қиёматгача Менга такбир, таҳлил ва тасбеҳ айтиб, савобини бандамга ёзинглар”, деб жавоб беради”.

Абдуллоҳ МАЛЛАБОЕВ

ТИУ Манбалар хазинаси ходими.

 

5191 марта ўқилди

Мақолалар

Top