Мақолалар

Муносабат: Ватан ҳимояси – улуғ ибодат

Болаликнинг беғубор туйғулари ила ўсмирликка қадам ташлаган ёшларларнинг Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилмагани бўлмаса керак. Негаки, бу муқаддас туйғу шарафли аждодларимиз Широқнинг, Томир онанинг, Жалолиддин Мангубердининг, Амир Темурнинг... қонидан, севикли Пайғамбаримизнинг муборак ҳадисларидан ўтиб келган, Муҳаммад алайҳиссалом Маккадан Мадинага кўчиб кетишга мажбур бўлганларида она шаҳри – Маккага қараб: “Сен қандоқ пок Ватансан! Мен сени севаман. Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, сендан бошқа ерни маскан тутмасдим”, деганлар.

Ваҳоланки, Сарвари оламга Мадина ҳам бегона эмас – волидаи муҳтарамаси туғилган, она тарафдан қариндошлари яшаётган, қиблагоҳи мангуга қўним топган шаҳар эди. Шунда ҳам у зот киндик қони тўкилган Маккани пок Ватан билиб оташин муҳаббат билан севар эдилар.

Имом Табаронийдан ривоят қилинган бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш, бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир», деб марҳамат қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдан Ватан ҳимояси ҳам мукаммал бир ибодат экани аён бўлади. Зеро, туни билан мижжа қоқмасдан чегарада посбонлик қилиб турган муҳофизлар неча миллионлаб юртдошимизнинг ибодатларини ўз вақтида бехавотир адо этишини таъмин этади. 

Ирсиятдан ва тарбиятдан ўтган ана шундай ватанпарварлик туйғуси ила Ватан ҳимоячиси бўлишни, юртимизни ва халқимизни аллақаёқларда пайдо бўлган қандайдир душманлардан ҳимоя қилишни дилига тугиб олган жасур фарзандларимиз бугун Ватанимиз ҳимоячиси.

Ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш, уларнинг жисмонан соғлом ва маънан баркамол бўлиб етишиши, энг замонавий техникаларни пухта ўзлаштиришига жиддий эътибор қаратиш ниҳоятда муҳим масала. Улуғ аллома ва сиёсат арбоби Алихонтўра Соғуний: «Кераклигича дин илмини ўқиш ҳаммага фарз бўлганидек, ўз ҳукуматини, Ватанини ва миллатини сақлаш учун замонавий фан илмини ўқиб билишлик ҳам фарздир», деб биз авлодларга таълим бергандир. Чунки замонавий илм-фан ютуқларини ўзлаштирмасдан туриб, Ватан ҳимоясига отланиш хомхаёлликдан ўзга нарса бўлмайди. Бунинг учун эса ёшлардаги илмга муҳаббатни, аскарликка бўлган шижоатни рағбатлантириб, уларга барча шароитлар яратиб берилмоғи даркор. Муҳтарам юртбошимиз таъкидлаб айтганидек, “Ўзининг армиясини боқишни истамаган халқ бошқаларнинг армиясини боқади”.

Ҳарбий соҳа ёшларимиз олган илми, ўзлаштирган технологиялари, давлатимизнинг талаблари асосида замон талаблари даражасида модернизация қилиниб бораверади.

Кеча давлатимиз раҳбари  Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 26 йиллиги арафасида Чирчиқ шаҳрида янгидан қуриб битказилган Қуролли Кучлар Академиясига ташриф буюрди.

Бутунлай замонавий қиёфа касб этган Академияда  таълим жараёнига энг янги усул ва технологиялар жорий этилган.  Ўқув аудиториялари замонавий тренажёрлар, ўқув ва лаборатория асбоб-ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозланган. 

Академияда яратилган шароитлар билан танишиб, ўқув хоналари, ошхона, курсантлар ётоқхоналарида бўлиб, уларнинг таълим олиши, ҳарбий амалиётларни бажаришини кўздан кечирган давлатимиз раҳбари курсантлар билан суҳбатлашди. Уларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги билан  табриклади. Аждодларимизга муносиб авлод бўлиб, ҳарбий, дунёвий билимларни пухта эгаллаши лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, муносиб хизмат қилган ҳарбийларни уй-жой, автомашина билан таъминлаш бўйича топшириқ берди.

Давлат раҳбарининг бу эътиборидан, самимий суҳбатидан, нафақат, курсантлар, балки биз ҳам ғоят тўлқинландик. Зотан, Ватан ҳимоячиларининг, содда ифодада айтганда, иссиқ-совуғи, ҳатто кийим-кечагигача давлат раҳбарининг эътиборида экан, бундай давлат ҳеч қачон завол топмайди, иншоаллоҳ.

ЎМИ матбуот хизмати

1571 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top