Мақолалар

Бу ҳикматли сўзларни ҳар ким ўз қараши билан ифодалайди. Бироқ, қалбида имони бор инсон Ватанини севади, амалга ошираётган ишларини элига юртига фойдаси тегишини кўзлайди. Бир неча асрлар муқаддам имом Ғаззолий бундай деган экан: “Инсон ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам севади. Ватанни севмоқ қалбдаги асл, туғма табиатдир. Туғма табиат инсонни ватанида яшаб турганда хотиржам, ундан йироқда бўлганда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қиладиган, унга ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди”. Дарҳақиқат, инсоннинг ўз туғлиб ўсган Ватанидан-да қадрлироқ ер бўлмайди, унга муҳаббати ўзгача бўлади. Шунингдек, кўз қорачиғидек асрайди, авайлайди. Шунинг учун бўлса керак: “Ватанни севмоқ имондандир” дея бежиз айтилмаган. 

Бугунги кунда юртимизнинг тинчлиги осуда ҳаётимиз бизларга ато этилган бебаҳо неъматлардандир. Бинобарин, бу инъомларга заминнинг барча аҳолиси ҳам эга эмас. Юртимизни ҳимоя қилиб турган ўғлонлар эса доимо ҳурмат эҳтиромдалар. Уларнинг хизматларини халқимиз қадрлайди, давлатимиз томонидан эътироф этилади.

Бугунги глобаллашув замонида илм ва маданият, техника саноат тезкор тараққийлашув пайтида мамлакатимиз ўзининг ривожланиш йўлидан бораётгани қувонарлидир. Лекин, бу ютуқларни, юртимизнинг тинч ҳаётини кўра олмаётган кимсалар борлиги рост. Шу юртнинг фарзандиман, деган киши борки, ана шундай бузғунчи ғояларга алданмасдан, ўз маърифати ва маънавиятини юксак қилиш ҳаракатида бўлиши, мақсад ва ниятларни ҳам эзгулик сари йўналтириши мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, фарзандларга ҳам ана шу тарбияни сингдириш бугунги куннинг муҳим талабидир. Мана шуларнинг барчаси замирида ватанпарварлик туйғулари мужассамдир.

Буюк аждодларимизнинг фазилатлари сирасида она юртини севиш, ватанпарварлик сифатлари ҳам бўлгани тарих манбаларидан маълум. Бу борада ўтган аждодларимизнинг ҳаёт йўллари ҳам барча юртдошларимизга ибратдир. Хусусан, Шайх Нажмиддин Кубро, Хўжа Исмат Бухорий, Маҳмуд Таробий, Жалолиддин Мангуберди сингари улуғ зотларни келтиришимиз мумкин.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу она юртни танланмаслик ва унинг бир неъмат эканлигини ҳақида шундай деган экан: “Агар одамлар ватанларига қаноатлари каби ризқларига ҳам қаноат қилганларида эди, бирор банда ризқидан шикоят қилмаган бўларди”.

Чиндан ҳам, кишининг ўз юртидаги ризққа қаноат қилмаслигининг шифоси борига сабр қилиш, бор имкониятлардан фойдаланиш билан амалга ошади. Ҳадисларда келтирилганидек, кимки юртида тинч, соғ-омон, бир кунлик ризқини топиб турган бўлса, ўша бандага бутун дунё берилиши бу чинакамига дунёнинг буюк неъматидир.

Бироқ, юртининг қадрини ундан айрилганлар билади. Айрилиқнинг нақадар машаққатли эканини она Ватанидан узоқда бўлганлар ҳис қиладилар. Бу ҳақда Имом Шофиъий шундай деган экан: “Кишининг хор бўлиши учун ватанидан ва оиласидан айрилиши кифоя қилади”.

Ёши улуғларимиз дуога қўл очганларида аввало юртга тинчлик элга фаровонлик тилаганлари ҳам бежиз эмас. Бинобарин, ана шу Яратгандан илтижо қилиб сўралган осойишталик бўлсагина бошқа барча орзу мақсадлар ушалади, эзгуликлар рўёбга ошади. Тинчлик бўлган жойда тараққиётга эришиш, мукаммалликка ва барқарор ҳаётга эришиш имкониятлари кўп бўлади. Аллоҳ таолодан жаннатмонанд юртимизга ҳамиша тинчлик-осудалик, элимизга фаровонлик, элу-юрт осойишталиги учун хизмат килаётганларга куч қувват тилаб қоламиз.

Абдувосеъ ҒАНИЕВ

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудир муовини

ЎМИ Матбуот хизмати

1002 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Ватанга хизмат–олий саодат Шарафли бурч »

Мақолалар

Top