Мақолалар

«Девбанд кутубхонаси китобларининг ҳаммасини ёдлаб олганман»

«Мен 137000 китоб ўқидим. Фаразан, агар Девбанд кутубхонасини кимдир ёқиб, кул қилиб юборса ҳам заррача парво қилмайман. Чунки у ердаги китобларнинг ҳаммасини ёдлаб олганман».

Анваршоҳ Кашмирий

Буюк аллома

Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий 1875 йил 26 ноябрь (1292 ҳижрий йил 27 шаввол) шанба куни эрталаб Ҳиндистонинг Кашмир шаҳридаги Водвон қишлоғида дунёга келди. Отаси Суҳровардия тариқатидаги шайх, катта олимлардан эди. Онаси ҳам ўта ибодатли, солиҳа аёл эди.

Аллома 15 ёшларида Қуръон ўқишни бошлаб, тез орада Қуръонни ёд олди. Икки йил ичида оталари қўл остида бир неча форсий тилда ёзилган рисолаларни ўқиб чиқди. Сўнг форс тилида битилган насрий ва назмий китоблар, баён ва ахлоқ – одобга тегишли китобларни ўқиб-ўрганди.

Анваршоҳ бошқа болалар ўйин-кулги билан ўтказадиган ёшлик даврини илму маърифатни ҳосил қилишга қаратганлар. У зот жумага ўтар кечадан ташқари ҳеч ҳам тунлари ухламасди, балки тунларини китоб мутолааси билан бедор ўтказарди. Бордию мудроқ босса, ўтирган ҳолда ухларди.

Илм талабидаги сафарлари

Анваршох ёшлик давриданоқ илму маърифатда етук олим бўлди. Кейинчалик бу зот Ҳиндистоннинг энг гуллаган, ёрқин жойи – «Девбанд дорул улум (университет)»ига борди. Анваршоҳ бу илм масканида шундай шахслар билан суҳбатда бўлдики, улар умумий билимлар соҳиби бўлишдан ташқари ўзларида орифлик, авлиёлик сифатларини жамлаганди. Шунингдек, улар ўткир фикрли, ўта сезгирликларидан ташқари ширинсухан, меҳрибон, виқор, суннат ва тақво, зуҳду парҳезгорлик соҳиби эдилар. Уларга Шайх Муҳаммад Девбандий бошчилик қиларди. Кашмирий бу улуғ устоздан ўзи интиқ бўлган ҳикматларни топди ва унинг зоҳирий ва ботиний илмлари булоғидан қониб-қониб ичди. Девбандда Анваршоҳ яна бир аллома, муҳаддис Муҳаммад Исъҳоқ Маданийга шогирд тутинди. Ушбу икки буюк устозларидан ҳадиси шариф китобларини ўтказиб олди.

Алломанинг ҳадис ривоят қилиш илмида ўта чуқур билим эгаси бўлгани ҳамда ақлли одамларни ҳайратга соладиган даражада тезда ёдлаб олиш қобилиятлари бўлгани Аллоҳ таолонинг у зотга берган катта инъоми эди. Агар бирор китоб ўқиса ундаги маълумотлар 25 йилгача хотирасидан чиқмасди.

Анваршоҳ кучли ёдлаш қобилияти борлиги билан бир қаторда китобларни мутолаа қилишда ҳам ўта тезкор бўлган. Таълим беришга киришган вақтининг ўзида ҳар куни Мисрда чоп этилган ”Муснаду Аҳмад” китобидан 200 бет мутолаа қилар ва уларни таҳлил қиларди. Мана шундай жидду жаҳдни у зотнинг ҳанафий мазҳабидаги далиллар, ҳадисларни ўрганишида ҳам кўриш мумкин. Умрининг охирида Исонинг ерга тушишлари борасидаги ҳадисларни жамлаш мақсадида яна бир карра ўқиган китобларини қайта ўқиб чиққан[1].

Алломанинг илғор шогирдларидан бири Саййид Муҳаммад Юсуф Баннурий айтади: “Шайхимиз ҳадис китобларига ёзилган шарҳ китобларидан икки юздан ошиғини ўқиб чиққан».

1896 (Ҳижрий 1313) йили ёш бўлишига қарамай Девбанд университетини битиргач Анваршоҳга «Абдурроб мактаби»да дарс бериш топширилди. Сўнг Деҳли пойтахтида мактаб очди ва унга «Аминийя мактаби»деб ном қўйди.

Кейинчалик, 2 ҳарамга муштоқлиги ошиб, 1906 (1323 ҳижрий) йили у ерларга сафар қилиб боради ва Маккада бир неча ойларни тавоф ва қаттиқ маҳзунлик, йиғи билан ўтказади. Кейин Мадинаи мунавварага бориб, бир муддат туриб илмга чанқоғини қондирди. Шунингдек Мадина кутубхоналарида тафсир ва ҳадис фанларига тегишли энг муҳим, энг ноёб асарларни мутолаа қилишга берилиб кетади.

Анваршоҳўз юртига қалби илму маърифатга тўлиб тошган ҳолда қайтди. Анваршоҳ сафардан қайтиши билан Девбанддаги устозлари ҳадисдан ўз ўринларига дарсларга киритишди ва Анваршоҳ толиби илмларга «Сунани Термизий», ”Саҳиҳи Бухорий”лардан дарс берди. Кўп ўтмай бу зот Девбандда ҳам, Ҳинд ўлкасида ҳам ҳадис илмининг энг катта устозига айланди. Аллома бу ерда ҳадис илмидан 13 йил давомида таълим берди. Аллоҳ таоло у зотнинг дарслари ила кўпчилик одамларга манфаат етказди, унинг қўл остида кўплаб фозил инсонлар етишиб чиқиб ҳадисдан дарс бериш ва илмни ёйиш билан шуғулланди[2]. Анваршоҳ Кашмирий «Саҳиҳи Бухорий»га «Файзул Борий» деган шарҳ ёзиб машҳур бўлиб кетган вақтларида дунёнинг энг машҳур уламолари (улар орасида Миср муфтийси Рашид Ризо ҳам бор эди) 300 нафар араб олимлари билан Деҳлидаги Шоҳ Жаҳон масжидига Анваршоҳ Кашмирийни зиёрат қилгани келган эканлар. 300 нафар олим билан сўрашиб чиққанларидан сўнг ҳазрат деворга суяниб, йиғлаган эканлар. Шунда Рашид Ризо йиғи сабабини сўраганда, у зот:

— Бир пайтлар мен шу ерда гадойлик қилардим. Бир неча марта калтак ҳам еганман. Бир пайтлар менга нон бермаган бу гўшада илм сабабидан бугун дунёнинг энг забардаст олимлари қўлимни ўпди[3]

Вафоти

Аллома доимий таълим бериш ва китоб мутолааласи билан банд бўларди. Китоб ўқиш учун берилиб кетган, ундан бошқа ишда лаззат топмасди. Бу ишлари билан нафақат юртдошлари, балки бошқа юртлардан илм оламан, хусусан, ҳадис ва фиқҳни ўрганаман деганларга жуда катта манфаат етказдилар. Ҳаётининг охирида у зотни мулойимлик, ҳалимлик чулғаб олди. Дарс бериш, мавъиза чоғида йиғи тутарди. Ўзи ҳам йиғлар, бошқаларни ҳам йиғлатарди. Анваршоҳ Кашмирий 1933 (ҳижрий 1352) йили 28 май (сафар ойидан бир кун ўтгач) вафот этди. Жаноза намозига жуда ҳам кўп олиму фузалолар, толиби илмлар ва муҳиблару дўстлари қатнашди. Аллома уйи яқинидаги ҳайит намозлари ўқиладиган намозгоҳ ёнида дафн этилди.

Аллома ўзидан учта фарзанд қолдирди: Муҳаммад Азҳаршоҳ, Муҳаммад Акбаршоҳ, Муҳаммад Анзаршоҳ. Буларнинг барчаси фазилатлар эгаси, илму маърифат соҳиби бўлишган. Анваршоҳ вафот этган вақтда унинг отаси тирик бўлиб, унинг ёши 120 дан ошган эди. Аллоҳ таоло барчаларини ўз раҳматига олсин.

ТИИ 4 курс талабаси

Низомиддинов Ҳошимжон

ЎМИ Матбуот хизмати

6529 марта ўқилди

Мақолалар

Top