Мақолалар

Қишда қорни соғинтирма...

Аллоҳ таолонинг бебаҳо неъматларидан бири бу – қор. Паға-паға, оппоқ қор ёғиб бошлаганини кўрганимизда ёшу қари бирдек севинамиз: кўчалар болажонларнинг шодон қийқириғига тўлади; совуқни, аёзни назарига ҳам илмасдан аллақайларда чанг босиб ётган чанғиларини қидириб қолади улар. Завқи ичига сиғмаган болажонлар қорнинг тагида чопқиллаб ўйнаб кетса; бир оз улғайиб, хаёлпарастроқ бўлиб қолган ўсмир ёшлар қорнинг парчаларини кафтига тутиб қўлларининг тафтида эриб кетишини томоша қилади; ёши улуғларимиз эса Раббимиздан ёғдираётган қорларини бандалари учун манфаатли бўлишини сўраб дуога қўл очади.

Барибир. қорнинг севинчи бўлакча,  у инсонга болалик хотираларини эслатади, оний лаҳзаларга бўлса-да, кишининг болалик хотиралари кўз ўнгидан ўтиб энтикади. Аввало, мана шу кунларга, қор неъматини яна бир карра кўриш насиб этганига шукр айтиб, меҳрибон Парвардигоримиз марҳамати ила ана шу ёғаётган қорнинг шарофатидан тоғларимизга кўп сув захираси тўпланади, далалар сувга тўйинади, бу йилги ризқимиз баракали бўлади, дея умидвор бўлади.

Аммо шу кунларда жаннатмонанд юртимизда кезаётган қора совуқлар таъсирида севинчимиз бир оз ортга чекингандек бўлди. Чунки қиш зийнати бўлмиш қорсиз совуқнинг ўзи одамнинг суягидан ўтиб кетаркан. Аммо биз Аллоҳга таваккал қилган бандалармиз, умидимизни сўндирмаймиз. Аллоҳ таолодан бу совуқларни ҳам ҳикматли қилишини, биз бандаларига ажрли бўлишини ва кўзимизни, юзимизни қор севинчи билан суйинтиришини сўраб дуолар қилаверамиз.

Парвардигоро, деҳқону чорвадорларимиз, тадбиркору миришкорларимиз, қолаверса, бутун Ўзбекистон тупроғи интиқ бўлиб кутаётган бу неъматни тез кунларда юртимиз узра ёғдиргин. Қорни кўриб шодон қийқираётган болаларимиз овози, дуога қўл очиб, хайрли қилгин, ё Раббим, дея муножот қилаётган кексаларимиз дуолари юртим узра таралиб турсин.

Обидларимиз узун тунларни ғанимат билиб ибодатини, тиловатини, муножотини янада кўпайтирмоқда.

Мана, айни кунларда юртимизда қорилар мусобақаси давом этяпти. Қуръон тиловатлари ортидан замину осмонимиз узра муҳтарам устозларимиз, қориларимиз, элу юртимизнинг дуолари ёйилмоқда. Парвардигорим, ана шу яхшиларингнинг ҳурмати юзасидан юртимизга қор неъматини ато айла!

Қизманой ҲАЙИТОВА

ЎМИ Матбуот хизмати

4306 марта ўқилди

Мақолалар

Top