Мақолалар

Ана энди ГМОнинг фойда-зарари ҳақида

Давоми...

Мактабнинг биология дарслигида ҳар бир ўсимлик ва ҳайвоннинг бир-биридан фарқли минглаб белгилари бор экани ёзилган. Ана шу нишонада муайян ген, ДНК молекулаларининг кичик парчаси бор. Айнан ўша парча ўсимлик ва ҳайвоннинг ўзига хос хусусиятини намоён этади. Нишонани намоён этувчи ген йўқотилса, ўша заҳоти нишонанинг ўзи ҳам йўқолади. Аксинча, агар ўсимликка янги ген қўшилса, унда янги нишона пайдо бўлади. Ўсимликнинг ана шу тартибда ўзгартирилганини мутант ёки генетик модификация бўлган организм деб аташ мумкин.

Замонавий фан шу қадар илдамлаб кетдики, ҳозирги вақтда икки-уч генни олиб ташлаш ёки қўшиб юбориш унга сира ҳам муаммо эмас. XX аср сўнгида ўсимлик ва ҳайвонларни сунъий равишда ўзгартириш (модификациялаш) тажрибалари кенг ёйилиб кетди. Айтайлик, асл шакли ва мазасининг сифатини йўқотмасдан узоқ вақт сақланиб турадиган помидор яратилиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз. 1994 йил АҚШдаги савдо расталарида яшил помидор пайдо бўлди. Бу помидор айнимасдан-чиримасдан ойлар давомида тураверар эди. Дўконда ям-яшил бўлиб турган помидорни харидор уйига олиб келганда у одамнинг кўз ўнгида қип-қизил тус олди. Аён бўлишича, помидор совуққа чидамлиликни қутб қалқонбалиғидан олган экан. Помидор 12 даража иссиқда узоқ вақт яшил ҳолатини сақлаб тура олади, иссиқлик даражаси ошгани заҳоти қизаради. Колорадо қўнғизи картошканинг офати эди. Ген инженерлари унга чаённинг генини қўшгандан кейин қўнғиз картошкага бурилиб ҳам қарамайдиган бўлди. Генетик модификацион фермент қўшилган ноннинг узоқ вақт суви қочмайдиган бўлди, тамакининг заҳарли химикатларга чидамлилиги ортди.

Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида шайтони лаъиннинг Одам авлодларини йўлдан оздириб, уларни не куйларга солишини инсонлар ўргансин, унинг алдовларига учмасин, дея Иблиснинг ўзига гапиртириб қўйган:

Уларни адаштираман, хом хаёлларига соламан, уларга амр қилсам, чорваларнинг қулоқларини кесарлар ва уларга амр қилсам, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирарлар», деди. Кимки Аллоҳни қўйиб шайтонни дўст тутса, батаҳқиқ, очиқ-ойдин зиёнга учрайдир. (Яъни, Аллоҳ шайтонни лаънатлади, ўз раҳматидан қувди. Шайтон эса, қувилаётган пайтда: «Қасамки, бандаларингдан маълум насибани оламан», деди. Мени шуларнинг сабабидан лаънатлаяпсан, мен булардан маълум миқдорни ўз йўлимга чиқариб, куфр ва исёнга чорлайман, деди. Яъни, бандаларингни тўғри йўлдан–сенинг йўлингдан адаштираман ва уларни хом хаёлларга соламан–умримиз узун бўлади, маза қилиб юрамиз, қайта тирилиш ҳам, ҳисоб-китоб ҳам, қиёмат ҳам йўқ, деб юраверадиган қилиб қўяман, дейди)” (Нисо сураси, 119-оят). 

Танганинг икки томони

 ГМОга қарши бўлганларга “Монсанто” вакиллари “Ҳар доим янгиликларни рад этиш инсон зотининг табиатида бор”, дейди. Биз улар даъво қилгандек, кўр-кўрона эътироз билдирувчилар бўлиб қолмаслик учун ГМОнинг ижобий ва салбий жиҳатларини ўрганиб кейин уни тарози палласига солиб қарайлик. 

 Генетик модификацияланган организмлар аждодлари каби ўсиб ҳосил бериш билан кифояланмайди, анъанавий навлар турли об-ҳаво шароитларида нобуд бўлганда ҳам улар яшайверади. Уларнинг аксарига кутилмаганда тушган совуқлар, сув тошқинлари ёки қурғоқчиликлар ҳам писанд эмас. Баъзи ўсимликлар томири шу қадар яхши ривожланганки, улар намни энг юқори даражада ушлаб туради. Қуйи температурага сезгир бўлган айрим навлар чидамлилиги ортиб эрта баҳорданоқ ҳаракатга кела бошлайди. Шунингдек, буғдойнинг тез етиладиган навлари ҳам яратилди.

 Ўсимликларнинг гени ўзгаришидан уларга етадиган фойдалар:

  • зараркунандаларга қарши бардошлилик, совуққа чидамлилик, ҳосилдорлик ва бошқалар;
  • генетик модификацияланган организм ўзини ҳашаротлар ва зараркунандалардан ҳимоя қила олади;
  • анъанавий технология асосида экиладиган ўсимликлардан кўра пестицидлар кам ишлатилади;
  • вируслар, бактериялар ва замбуруғларга қарши тура оладиган мева ва сабзавотлар пайдо бўлди;
  • олимлар учинчи дунё аҳолиси учун эмлик ва дорилар билан бойитилган помидор ва картошка навлари яратиш устида изланиш олиб бормоқда. Бундай маҳсулотларни сақлаш учун махсус жойларнинг ҳожати бўлмайди;
  • баъзи дарахтлар атроф-муҳит ифлосланишига барҳам бериш учун экилади. 

 Нега кўпчилик ГМОни севмайди

  • Кўплаб давлатларда ГМО маҳсулотлар етиштириш ва истеъмол қилишни тартибга соладиган қонун йўқ.
  • Истеъмолчилар нима сотиб олаётгани ва унинг соғлигига қандай таъсир қилиши мумкинлигини билмайди. Масалан, картошкага колорадо қўнғизига қарши қўшилган бойчечак гени ўсимлик лектинини ошириб юборгани учун қўнғизга ёқмайди. Аммо бундай маҳсулотдан инсоннинг иммунитет тизими зарар кўради, ичакларда, буйракда, жигарда ва бош мияда оғриқ пайдо бўлади.
  • Экологлар агар генетик ўзгартирилган форма ёввойи табиатга тарқалиб кетса, экологик ҳалокат юз беришидан хавотирда. Масалан, ёввойи ўтларнинг бирваракайига чангланиши, заруркунандаларнинг пестицидга генетик мослашуви юз бергудек бўлса, улар шу қадар тез кўпаядики, уни назорат қилиш мумкин бўлмай қолади.
  • Экологик хатардан ташқари озиқ-овқат хавфи ҳам бор. Баъзи маҳсулотлар аллергия чақириши мумкин. Балиқ гени қўшилган помидор балиқ ейиши мумкин бўлмаган одамда аллергия қўзғаши эҳтимоли юқори. Врачларнинг эътироф этишича, соя таркибидаги оқсилга минглаб одамларнинг аллергияси бор.

 2005 йил “Монсанто” компаниясининг 1996 йил трансген соянинг инсон соғлигига қанчалик хавфсизлиги устида олиб борган тадқиқот ишини яширгани фош бўлиб қолди. Бу ахборот қўлга киритилгач, ГМ соя таркибида оқсил ва бошқа тўйимли моддалар сезиларли даражада камлиги, бироқ қовурилган ГМ соя таркибида оқсилнинг икки баробар юксалиб, инсон организмининг бошқа озуқаларни ҳазм қилишига тўсқинлик қилиши маълум бўлди. Боз устига қовурилган ГМ соя таркибида аллергия чақиришнинг асосий манбаи бўлган ингибитор трипсин етти баробар кўп экани аниқланди. Шунингдек, “Монсанто” ҳайвонларни ГМ жўхори билан боқиб кўрган тажрибаси хулосаси натижасини Европа Иттифоқи талаб этганда бу хулосани тижорат сири деган важ билан тақдим этишдан бош тортган. Кейинчалик Германия давлат суди компанияга ўша хулосани эълон қилишни юклаб ҳукм чиқарди.

  • 2002 йил АҚШ ва Швеция олимлари ҳамкорликда қайси давлат ўз маҳсулотларидан кўпроқ заҳарланаётгани устидан тадқиқот ўтказди. Маълум бўлишича, АҚШ аҳолиси Сканданавия давлатлари аҳолисидан кўра беш баробар кўп заҳарланар экан.
  • АҚШ аҳолисининг ёппасига семириш касалига чалингани ва бунинг ўта хатарли тус олганини президент Барак Обама ҳам эътироф этди. Аммо бу касалликнинг асосий сабаби кўп ейиш ва кам ҳаракатлик эмас, ГМО маҳсулотлар  экани аниқланди.

 ГМ маҳсулот савдо расталарида

Соя тозаланган ёғ, маргарин, пишириқлар учун ишлатиладиган мой (жир), майонез ва бошқа салат қайлалари, қайнатилган колбаса, макарон ва ҳатто болалар овқатлари таркибида бор. Соядан пазандалик ишларида қуюқлаштириш учун фойдаланиладиган эмульгатор ҳам олинади. 

Генетик модификация қилинган соя маҳсулотларидан кейингиси – жўхори. Бозорларда, кўча юзида, бекатларда сотилаётган попкорнлар юз фоиз ГМО жўхоридан тайёрланади. 2000 йилнинг кузида ўнлаб америкаликлар тез ёрдам машиналарида касалхоналарга ташилди. Маълум бўлишича, улар балиқ гени қўшилган жўхори чипсидан заҳарланган экан. Аксари  вафот этди.

 Айнан ўша йили Марказий Африканинг энг қашшоқ давлатларидан бири бўлган Замбияда қаттиқ қурғоқчилик бўлди. Ҳар куни юзлаб болалар ва катталар очликдан ўла бошлади. Бунинг оқибатида қишлоқларнинг тўқсон фоизи йўқ бўлиб кетди. БМТ мамлакат аҳолисига ёрдам учун юзлаб тонна ГМО маҳсулотлар ёрдамга юборди. Аммо мамлакат раҳбарлари бу ёрдамни қабул қилишдан бош тортди. Замбиядан ташқари яна 26 та Африка давлатларида ГМ маҳсулотлар олиб кириш тақиқланган. Агар давлат раҳбарлари ўша оғир шароитда кўпроқ одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ГМО маҳсулотларни мамлaкатига киритганида мақсадига эришган бўларди. Аммо кейин бу маҳсулотлар оқимига ҳеч қачон чек қўя олмас эди. Чунки халқ ГМОни ейишга ўрганиб қоларди ва бунинг оқибати қурғоқчиликдан-да ёмонроқ бўлиб, мамлакат аҳолиси ёппасига қирилиб кетиши мумкин эди.

Тез етиладиган товуқларнинг асосий экспортчилари – АҚШ ва Бразилия. Бу давлатларда етиштириладиган товуқлар кўп йиллардан бери ГМО соя ва ГМО жўхори билан боқилади. Инсон танасига ана шу товуқ гўшти орқали бегона ДНК кириб келади ва вақти етиб ўта салбий таъсирини намоён этади. Ўзи унинг таъсири сезила бошлаганига анча бўлди. Ҳатто оддий одамлар ҳам супермаркетларда, бозорларда сотилаётган “грил”лардан рак касали келиб чиқаётганини гапириб юрибди.

Аслида биотехнология совуқ уруш даврида инсонларни ўлдирувчи қурол сифатида пайдо бўлган эди. Мамлакатлар бир-бирига инсонларнинг уруғини кесишга мўлжалланган ГМО гуруч, соя, жўхори ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилар эди... (http://www.gq.ru/taste/social/67226_chem_opasen_gmo.php.)

Туркиянинг Хатай вилояти деҳқончилик ишлари мудири Бестами Забун истеъмолчилар мева ва сабзавотларнинг катта ва чиройлисини эмас, аслиятини талаб қилаётганини, эндиликда фермерлар талаб ва таклифларга биноан генетик инженерия аралашмаган маҳсулотлар етиштиришга эътибор қараётганини айтди. Унинг бу гапларини ўқиб, ўтган йили Истанбулда бир ошпаз одам менинг ўзбеклигимни эшитиб, “Ўзбекистондан беш килогина жўхори уруғи олишим керак-да, томорқамга экмоқчи эдим, яқинда келадиган одам йўқми?” деб сўрагани ёдимга тушди.  “Нега? Бу ерда ҳар қадамда жўхори-ку” деган эдим. У “Булар яхши эмас, американики” деди.

Европа давлатларидаги савдо расталарида генетик ўзгаришга учраган маҳсулотларга ўтган асрдаёқ махсус ёрлиқ ёпиштирилган. Харидор ана шу ёрлиққа қараб нима сотиб олаётганини билиб олади.

2008 йил Россия федерациясида ҳам таркибида ГМО бор маҳсулотларга махсус ёрлиқ ёпиштирилиши ҳақида қонун қабул қилинди.

Маҳсулотнинг қимматроғи ва кўримсизроғи – табиийси, ялтироғи ва арзонроғи – ГМО. Харидор таъбига қараб олаверади.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

Давоми бор...

 

1653 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top