Мақолалар

Ота-онанинг дилини оғритиш гуноҳи кабира

Исломий адабиётларда раҳмат Фаришталари бут ва санамлар бор уйларга, ота-онасига оқ бўлган кимсалар бор жойга ва ҳеч меҳмон келмайдиган хонадонларга кирмасликлари ҳақида маълумотлар берилган. 

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар: "Она-отага азият берганни Аллоҳ таоло лаънатлайди" (Аҳмад).         

 “Лаънат” сўзининг луғавий маъноси нафратланиш, дуои бад қилиш, совиш, безиш каби маъноларида келади. Исломий истилоҳда эса Аллоҳнинг раҳаматидан маҳрум қилиш маъносида ишлатилади.

Аллоҳ таоло лаънатлаган кимсани фаришталар ҳам лаънатлайдилар. Ҳадисга эътибор берилса, ота-она томонидан азият берган фарзанди ҳақига ҳеч қандай муносабат, яъни дуоибад, қарғиш каби ҳаракатлар содир этилмаса ҳам Аллоҳ таоло бундай инсонни ота-онаси кўнглини оғритгани учун лаънатлаши маълум қилинмоқда. Демак, фарзанди учун қалби фақат меҳр ва шафқатга тўла бўлган ота-она қалбининг вайрон этилиши Аллоҳнинг қаттиқ жазоси билан қарши олинади экан.  

Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлганнинг ёнига  малоикалар ҳам бормайдилар. Инсон учун бундан ортиқ хўрлик бўлмайди, Аллоҳнинг ўзи асрасин.         

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилинади:

“Фарзанд исён қилган вақтида, ота-онанинг уни (эркак ёки қиз бўлсин) лаънатлаши, фарзанд наслининг кесилишига сабаб бўлади”. (Бухорий, Термизий, Ҳоким)         

Ушбу ҳадиси шариф ота-оналар ва фарзандлар учун жиддий огоҳлантириш ҳисобланади. Бир томондан фарзандларга ота-оналарини ранжитмасликка, кўнгилларини оғритмасликка, нима бўлганда ҳам уларнинг ризолигини топишга даъват қилинмоқда. Иккинчи томондан эса ҳар қандай вазиятда, албатта, яхши бўлмаган, нохуш ҳолатларнинг барчасида ота-оналарга ҳам ўз хатти-ҳаракатларини қаттиқ назоратга олишга танбеҳ берилмоқда. Тўғри, нима бўлганда ҳам ота-она фарзандига ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайди.  Бироқ шу нарса ҳақиқатки, ота-оналарнинг қалбларини чуқур севги ришталари фарзандлари билан боғлаб туради. Ўз жисмларидан яратилгани боис уларга нисбатан жуда ҳам нозик ва эҳтиёткорона, меҳрга тўла қалб билан муомалада бўладилар. Шунинг учун ҳам сўз билан ифодалаб бўлмайдиган бу яхшиликлари эвазига жигари бўлмиш фарзандларидан умидлари кесиладиган бўлса, бу бечоралар мазлум ҳолига тушиб қоладилар, дейилади одоб китобларимизда. Ҳам ота-она ҳам мазлум мақомида қилинган дуоибад эса даргоҳи илоҳига етиб бориши муқаррар. Бу қарғиш эса ҳали ҳаёт нима эканини тушуниб етмаган ёш фарзанднинг наслини кесишдек энг катта балога гирифтор этмоқда. 

Исломий одоб китобларимизда кофир бўлган ота-онага хизмат қилиш, нафақаларини бериш, зиёртларига бориб кўнгилларини хушнуд қилиб туришга ҳам бюрилади. Шариатга зид бўлмаган ҳар қандай буйруқларини бажариш жоизлиги кўрсатиб ўтилган. Фақат куфрга олиб борувчи вазифаларни буюрадиган бўлсагина зиёртларига бормасликка бюрилган.         

Шунинг учун ҳам ота-онани йиғлатмасдан, уларга исён қилиш ўрнига уларни хурсанд қиладиган амалларни бажариб, дуои хайрларини олишга ғайрат қилиш керак. Зеро айрим дуолар муҳим бўлиб, эгасига хайр ва баракотлар келтиради. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васллам учта инсоннинг дуолари қабул қилинишини маълум қилиб, уларнинг орасида “Ота-онанинг фарзанд ҳақига қилган дуоси”ни ҳам зикр қилганлар. 

***

Диний адабиётларимизда кимки ёши улуғ ота-онасига ёки улардан бирортаси тирик бўлиб, ҳаётлик пайтида унга ғамхурлик қилмаса, бу одам қиёмат куни Аллоҳнинг раҳматидан бенасиб қолиши айтиб ўтилади.          

Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: “Аллоҳ жалла жалалуҳу Қиёмат куни уч тоифа кимсанинг юзига (раҳмат билан) боқмайди:

  1. Она-отасига осий бўлганларга;
  2. Эркакка ўхшаган аёлларга (қиёфаси ва ҳолатини эркакка ўхшатган);
  3. Оиласини (онаси, синглиси, аёли ва қизларини) рашк қилмаган эркакларга.

          Уч тоифа жаннатга кирмайди:

  1. Она-отасига осий бўлганлар;
  2. Ичкиликка берилганлар;
  3. Миннат (берган нарсасини ёки қилган яхшилигини миннат) қилувчилар.”

(Насоий, Доримий, Аҳмад). 

Ривоят. Саҳоба Алқама розияллоҳу анҳунинг охирги нафаси

Анас бин Моликдан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида Алқама деган бир ёш саҳобий йигит бўлган. Алқама кўп намоз ўқиш, рўза тутиш ва садақа бериш каби ибодатларда жидду жаҳд қиларди. Бир куни унинг касалга чалиниб, вафоти яқинлашгани маълум бўлди. Аёли эрининг жони иймон билан чиқиши учун унга шаҳодат калимасини айтиб турарди. Лекин ҳарчанд уринмасин, Алқаманинг тили калимага келмасди. Бундан изтиробга тушган аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига одам юбориб, эрининг ўлим тўшагида эканини, тили калимага келмаётганини, агар ёрдам бермасалар, иймонсиз кетиш хафви борлигини айтади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аммор, Билол, Али ва Салмони Форсий (розияллоҳу анҳум)ни:

“Унинг олдига юбориб, ҳолидан хабар олинглар”, деб жўнатдилар.

Улар келиб, Алқамага:

“Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб турдилар. Лекин у ҳамон калимани айтолмасди. Вазият анча жиддий. Шунда ҳазрати Билол розияллоҳу анҳуни ҳолатдан хабардор қилиш учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳузурларига юборадилар.

Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳазрати Билолдан:

“Ота-онаси ҳаётми?” деб сўрайдилар. У зот (алайҳиссалом)га:

“Унинг кекса онаси бор”, дейди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом):

“Билол! Бориб Алқаманинг онасига мендан салом айтгин. Агар Алқаманинг онаси қодир бўлса, ҳузуримга келсин. Агар келолмаса, ҳузурига ўзим бораман”, деб юбордилар.

Билол розияллоҳу анҳу келиб, унга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг гапларини етказди. Шунда кекса онахон:

“Жоним Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга фидо бўлсин. Албатта ўзим бораман”, деб қўлига ҳассасини олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келади. Ҳужраи саодатга кириб у зот алайҳиссаломга салом беради. Пайғамбаримиз алайҳиссалом алик олганларидан сўнг, аёл ўтиради. Шунда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Эй Алқаманинг онаси, менга ростини айт. Агар ёлғон сўзлагудек бўлсанг, Аллоҳ таоло менга ваҳий орқали тўғрисини билдиради. Ўғлинг Алқама қандай инсон?” дедилар.

Кекса онахон:

“Ўғлим Алқама кўп намоз ўқийди, кўп рўза тутади ва шунчалик кўп садақа берадики, ҳисоби йўқ”, деб жавоб беради.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“У билан орангизда нима бўлиб ўтган?” деб сўрайдилар. У бундай жавоб берди:

“Ё Расулуллоҳ, мен ундан ғазабнокман”.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом):

“Нима учун?” деб сўрадилар.

Онаизор:

“Хотинини мендан ортиқ кўрарди. Ҳар доим уни айтганини қилиб мени айтганларимни қилмасди”, дейди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Онасининг ғазаби Алқамани шаҳодат айтишдан тўсиб қўйган. Эй Билол, бориб мен учун кўп ўтин тўплаб кел, мен Алқамани ўтда ёқаман”, дедилар.

Кекса онахон: “Ё Расулуллоҳ, кўнглимнинг мевасини кўз ўнгимда ёқиб юборасизми? Бунга менинг юрагим дош беролмайди”, дейди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом):

“Эй Алқаманинг онаси, Аллоҳнинг олови шиддатли ва боқийдир. Агар уни Аллоҳ кечириб юбориши сени хушнуд этса, у ҳолда ундан рози бўл. Жоним измида бўлган Зотга қасам ичиб айтаманки, токи сенинг ғазабинг келиб турар экан унга намози, рўзаси ва садақаси ҳам фойда бермайди”, дедилар.

Жигарпорасининг дўзах оловида ёнишини кўз олдига келтириб, юрак бағри эзилганидан унсиз йиғлаган кекса онахон, қўлларини кўтариб:

“Аллоҳим, Расулуллоҳ ҳамда мени шу ерда кузатиб турганларни гувоҳ қилиб айтаман, ўғлим Алқамадан рози бўлдим”, дейди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Эй Билол, бориб Алқаманинг ҳолидан хабар ол. У: “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтибдими ёки йўқ?! Шояд Алқаманинг онаси бу гапларни Аллоҳнинг Расулидан уялганидан айтмаган бўлса”, дедилар.

Билол (розияллоҳу анҳу) бориб, уйининг ичкарисидан Алқаманинг: “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтганини эшитади.

Билол ичкарига кириб, бундай дейди:

“Эй хонадон эгалари, онасининг ғазаби Алқаманинг тилини калима айтишдан тўсиб қўйган экан. Онаси ундан рози бўлган эди, тили калимага келди”.

Ўша куни Алқама жон таслим қилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) келиб, Алқамани ювиб, кафанлашни буюрдилар. Сўнг жанозасини ўқиб, дафнда иштирок этдилар.

Кейин унинг қабрининг бошига ўтиб:

“Эй муҳожир ва ансорлар жамоаси! Кимки хотинини онасидан афзал кўрадиган бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Унинг фарз ва нафила ибодатлари ҳам қабул бўлмайди”, деб айтдилар. (Байҳақий, Ҳусаймий, Ибн Аррок) 

Бутун уммати Муҳаммадияни ҳушёрликка чорловчи Исломият тарихидаги ушбу машҳур ибратли воқеа ота-она ризолигини олиш, уларга беминнат хизмат қилиш бобидаги илоҳий ҳукмнинг нақадар қатъи ва муқаррар эканидан далолат беради. Инсон ота-онасига тириклик чоғида яхшилик қилса ва кўнгилларини хушнуд этиб, дуоларини олса, Аллоҳ наздида даражаси ортади, икки дунё саодатига эришади.

***

Масала. Аёлини ота-онасидан устун қуйганнинг ибодатлари қабул бўлмайди.

“Эй муҳожир ва ансорлар жамоаси! Кимки хотинини онасидан афзал кўрадиган бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин. Унинг фарз ва нафила ибодатлари ҳам қабул бўлмайди”, деб айтдилар. (Байҳақий, Ҳусаймий, Ибн Аррок, Саййид Али Зода, “Ширъатул-Ислом”да ҳам ривоят қилинган) 

Ҳурматли китобхон, инсоннинг туғилиб ўсган оиласи, яъни ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари наздида жавобгарлиги канчалик катта эканини яхши биламиз. Бироқ эрнинг аҳли аёлига нисбатан ҳам қатор масъулиятлари мавжудлигини эсдан чиқармаслик лозим. Масаланинг энг нозик ва қийин бўлган жойи ҳам айнан шу ерда. Одоб китобларимизда асоссиз равишда ота-она учун аҳли аёлига зулм ёки тазийқ ўтказиш тўғри бўлмаганидек, хотини учун ота-онасига ҳақсизлик қилиш ҳам тўғри эмаслиги қайта-қайта маълум қилинади. Хотин эрининг ота-онасига қиладиган яхшлиги, хизматлари ва ҳар турлик берадиган ёрдамларига монелик қилаолмайди. Яхшилик бобида биринчи ўринда ота-она туради. Агар аёлини афзал кўриб, ота-онасини дилини оғритиб қўядиган бўлса, Аллоҳ асрасин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалланинг дуоибадларига гирифтор бўлади. Шунинг учун бундай шароитда ҳар икки томоннинг ҳам кўнглини оғритмасликка ҳаракат қилиш, ҳар бир ишнинг меъёрини ажратиб олиш эр кишидан ақл-заковат ва зийракликни талаб қилади. Айнан шу меъёрни топа олган одам, албатта, оиладаги барқарорликни таъминлаш баробарида юксак ажру мукофотларга ҳам ноил бўлади. Чунки мўмин киши Аллоҳ таоло томонидан инъом этилган, ҳузур ва ҳаловатнинг маскани бўлган оиласини бус-бутун ҳолда сақлаб қолишга мукаллафдир. Бу масалада оиланинг ҳар бир фарди наздидаги вазифаларини мукаммал адо этишга буюрилган. Аёлига турмуш ўртоғи сифатида, ота-онасига фарзанд сифатида, болаларига эса меҳрибон ота сифатида нима буюрилган бўлса шундай тарзда муомала-ю муносбатини йўлга қўйиши лозим. 

Ҳеч қачон бир томонга ён босиб иккинчи тарафни камситиб қўйиш керак эмас. Ҳар доим оиланинг ҳамма аъзолари билан самимий муносбатада бўлиб, тўғри ва ҳалол бўлган хоҳиш-истакларини бажо келтиришга ҳаракат қилавериш лозим. Нотўғри ёки ҳаром бўлган талабларини эса бунинг мумкин эмаслигини чиройли тарзда тушунтириб, айнан хатолиги туфайли бажармаслигини маълум қилади. Бу масалада қабул қилинган умумий ва асосий қоида ана шундан иборат. Бу ўлчовни бузган ёки унга амал қилмаган томон жавобгар бўлиб, гуноҳга ботади. 

Ҳаммамиз ҳам ота-оналаримзга нисбатан юксак ҳурмат ва эҳтиромда бўлишга ҳаракат қиламиз, бу борадаги вазифаларимизни ҳам яхши биламиз. Қайнона ва келиннинг келишмовчилиги сабаб бу нарсаларни бир четга суриб, ота-онани эсдан чиқариб қўйиш керак эканми? Йўқ, албатта, бундай қилинмайди. Асри саодатда бўлиб ўтган, бутун уммати Муҳаммадия учун бир умрлик дарс бўлган саҳоба Алқамнинг сўнгги нафаси билан боғлиқ воқеа ҳар қандай ақлу ҳуши жойда бўлган одам учун етарли ибрат бўлади. Лекин, жуфти ҳалолингизни ҳам ўз ҳолига ташлаб қўя олмайсиз ахир. Чунки, ўртада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Видо хутбасида айтилган ушбу кўрсатмалари мавжуд: “Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқинг, чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати билан олгансиз. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси билан ҳалол қилиб олгансизлар. Сизнинг устингизда уларни яхшилик билан, ризқлантириш ва кийинишларини таъминлаш бордир” (Муслим ривояти).

Қолаверса, “Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхшироғидир ва мен ўз аҳлига яхшироғи билан биргаман.” (Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган) ҳадиси шарифлари ҳам жуда кўп муҳим нарсларадан далолат беради.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) аёлларига нисбатан инсонларнинг энг ҳушчақчақи эдилар. Уларни эркалаб, улар билан ҳазиллашиб, ҳатто баъзилари билан мусобақалашиб югурардилар ҳам. Бу ҳаётий мисоллар биз эркаклар учун ибрат сифатида етарлидир. Демак, оиладаги ҳузр-ҳаловатни таъминлаш, оилавий масалаларни ҳал этилишида оила бошлиғидан юқорида айтиб ўтилганидек, ўзига яраша маҳорат ва матонат, ақл ва заковат каби қоблиятларга эга бўлиш талаб этилмоқда.   

Ривоят. Бир аъробий Умар (р.а.)га аёлининг ёмон хулқидан шикоят қилиш учун келди. Умар (р.а.)нинг уйларига келиб, эшигини қоққанида, аёлининг у кишига овозини кўтариб гапираётганини эшитиб қолди ва:

“Эй, шўрим қурсин, агар мўминлар амирининг аҳволи шу бўлса, менинг аҳволим не?” деб орқаларига қайтаётганида, Умар (р.а.) чиқиб қолди. Аъробийни кетаётганини кўриб:

“Сенга нима бўлди?” деб сўрадилар.

Аъробий:

“Эй амирул мўминин, ҳожатим бекор бўлди”, деди.

Умар (р.а.): Бу ёққа кел ва мендан нима истаб келганингни айт, дедилар.

У киши:

“Эй амирул мўминин, сизга аёлимнинг ёмон хулқидан шикоят қилгани келувдим, аёлингизнинг ўзимнинг аёлим каби, балки баттароқ эканини кўрдим. Ўзимга ўзим агар бу амирул мўмининнинг ҳолатлари бўлса, мен ниа қиламан” дедим.

Шунда Умар (р.а.) айтдилар: “Менда унинг ҳақлари борлиги учун бу ишларини кўтараман. Чунки у болаларимни тарбиялайди, овқатимни пишириб, кийимларимни ювиб, уйимни тозалайди. Устимда ҳақлари борлиги учун мен уни кўтараман” (Шайх Али Тантавийнинг “Умар ибн Хаттоб сийратлари” китобидан). 

Инсонларнинг орасидаги келишмовчиликни, бу қайнона ва келин бўладими, ёки оила аъзоларининг бошқа аъзолари орасида бўладими тартибга солиш учун замонавий тил билан айтганда, диалог керак бўлади. Бу музокара учини топиш эса, албатта, оила бошлиғи бўлган эркакнинг зиммасига тушади. Қулоқларни беркитиб олиб, жавобгарликдан қочиш билан иш битмайди. Аксинча, вақт ўтиши билан ўз пайтида ҳал қилинмаган муаммолар, ўзаро адоватлар, нафратлар бориб-бориб, йиғилиб бомбага айланади. Унда кейин ё кеч бўлади ёки муаммони ҳал этиш жуда ҳам кўп куч талаб қилади. Шунинг учун ҳам муаммо қайд этилиши билан уни бартараф этишга киришиш лозим. Бунда асосий нарса музокараларни чиройли олиб боришда бўлади. Бу каби ҳолатда юмшоқ ва тушунарли тарзда гаплашиш, қайси томон билан гаплашилса ўша томоннинг ҳақлигини эътироф этиб қўйиш, қарши томонни гарчи камчиликлари кўп бўлса-да, яхши томонлари кам бўлишига қарамай эслаб ўтиш, йўл қўйилган хато-камчилигини тан олишига руҳан ёрдам беради. Натижада бундай йўл тутишлик юзага келган келишмовчиликни барҳам беришга имкон яратади.  Гап бошлашда фарзанд сифатида онангизнинг меҳр ва шафқатидан фойдаланиб, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, кейин сўз очиш яхши бўлади. Аҳли аёл ҳақида сўз бошланганида турли эсда қоладиган ибратли ибораларни ишлатиш, масалан, Мавлоно Румийнинг “Оёғингга ботаётган тиконлар, қидираётган гулингнинг хабарчисидир” каби ҳикматли сўзларни айтиб, ҳаётнинг бир текис эмаслигини, ҳар қандай эзгу мақсад йўлида оғир ва вазмин бўлишликни, шундагина бахтли оиланинг тамал тоши пишиқ ва мустаҳкам бўлишини бот-бот эслатиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Оилавий келишмовчиликларни ҳал этишда Қуръони каримнинг оятлари, ҳадиси шарифлардан фойдаланиш, азизларнинг ҳаётларидан мисоллар келтириш яхши натижа беради. Агар керакли танбеҳлар иш бермаса яна ҳақсизликнинг, зулмнинг инсон виждонига тўғри келмайдиган ёмон нарса эканини тушунтиришга ҳаракат қилиш лозим. Ҳаракат биздан тафвиқ ва нусрат эса Аллоҳдан. 

Ҳадис. “Ўлдирсалар ҳам, ёқсалар ҳам Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилма. Бола-чақангдан, молингдан, мулкингдан узоқлашишни амр қилсалар ҳам онангга ва отангга қарши борма…!” (Имом Аҳмад) 

Ўрганаётган ояту ҳадисларимиздан шу нарса маълум бўлмоқдаки, ота-онага муносабат қилиш чоғида риоя этилиши лозим бўладиган ягона қоида бу – улар билан фақат ва фақат эҳтиёткорлик билан яхши муомалада бўлишликдир. 

Мутафаккир олим Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумиддин” асарида Мусо алайҳиссалом билан боғлиқ шундай ҳикоя нақл қилинади. 

 Ҳикоя. Ривоят қилинишича Мусо алайҳисалломга ота-онага итоат қилиш масаласида Аллоҳ таоло томонидан шундай ваҳий келган экан:

– Эй Мусо, кимки ота-онасига яхшилик қилса-ю, менга осий бўлса у бандамни итоаткорлар дафтарига ёзаман. Кимки амрларимга итоат қилиб менга ибодат қилса-ю, фақат ота-онасига осий бўлиб қоладиган бўлса, уни исёнкорлар-гуноҳкорлар дафтарига ёзаман.

***

Ота-оналарнинг фарзандлари ҳақига қиладиган ҳамма дуолари қабул бўладими, деган саволга ислом фуқаҳолари қуйидагича фикр билдирадилар. Ота-она ноҳақ бўлган ҳолда боласининг ҳақига қилган дуоибади қабул бўлмайди дейдилар. Чунки Аллоҳ таоло ҳар дуони қабул қилса эди кўплаб фарзандларнинг ҳаёти барбод бўлиши, ҳатто ҳалок бўлиб кетишлари мумкин бўлар эди.

Зеро Аллоҳ тало Қуръони каримнинг “Юнус” сурсида шундай деб марҳамат қилади:

         “Агар Аллоҳ одамларга яхшиликни тез келтиргани каби ёмонликни ҳам тезлатса эди, ажаллари битган бўлур эди. Бас, Биз ила мулоқотда бўлишдан умиди йўқларни туғёнларида ташлаб қўямиз, адашиб-улоқиб юраверадилар”. (11-оят) 

“Тафсири Ҳилол” муаллифи шайх Муҳҳамад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ояти каримани қуйидагича тафсир этганлар: “Аллоҳ таоло бандаларига яхшиликни доим, тез, сўраса-сўрамаса бериб келади. Бу ҳаётда кўрилаётган ҳақиқат. Аммо ёмонликни сўраган заҳоти бермайди. Чунки ёмонликни ҳам тезда берса, ҳаммалари ҳалок бўлиб кетадилар. Аллоҳ бандаларини бунинг учун яратмаган. Шу боис ҳам Пайғамбаримиз (с. а. в.) бир ҳадисларида насиҳат қилиб, кишиларни ўзларига қарши, моллари ва болаларига қарши дуо этишдан қайтарганлар.” 

Мўминнинг ким бўлишидан қатъи назар ўринсиз дуоибад қилиши динимизда раво кўрилмаган қоидалардан ҳисобланади. Сабаби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари дуоибад қилувчи эмасдилар. 

Чунки ўз вақтида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга “Мушрикларга дуоибад қилинг” деб айтилганларида “Мен раҳмат қилиб юборилдим, лаънат этувчи қилиб юборилмадим” (Муслим) деб марҳамат қилганлар. Ҳатто Тоифда У зотга етказилган қаттиқ қаршилик ва зиёну заҳматларда ҳам азоб фаришталари келиб шаҳар аҳолиси бошига икки тоғни ағдаришни сўрганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен (уларни ер билан яксон қилишни эмас) сулбидан, Аллоҳга ихлос билан ибодат қилиб, ҳеч нарсани шерик қилмайдиган инсонлар чиқишини хоҳлайман”,  (Муслим, Бухорий) деб айтадилар. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни ҳатто бир-бирларини лаънатлашларини тақиқлаб қўйдилар:

“Бир-бирингизга Аллоҳнинг лаънати, Аллоҳнинг ғазаби ва жаҳаннамини истаб (раво кўриб) дуоибад қилмангиз”, деганлар. (Абу Довуд, Термизий, Муслим) 

Инсонни ўз-ўзини, фарзандарини, мол-мулкларини дуоибад қилишдан қайтардилар:

“Ўзларингизга қарши, фарзандларингиз ва молларингизга қарши дуоибад қилмангиз, дуоларни қабул бўладиган вақтга тўғри келиб қолса дуоибадларингиз қабул бўлади (сиз кейин кўп хафа бўласиз)”. (Абу Довуд) 

Уламоларимиз инсон бошига келадиган айрим бало-қазолар ва мусибатларнинг ортида бир замонлар қилинган дуоибадлар ётган бўлса ажаб эмас, дейдилар. Буни айрим инсонларнинг ҳаётида учрайдиган воқеалар мисолида ҳам кўршимиз мумкин бўлади. 

Ривоят. Китобларда ёзилишича, машҳур тафсир олими Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари тушунтуришларига кўра, оёқларининг оқсоқланишига оналарининг дуоибадлари сабаб бўлган экан.

Жоруллоҳ (Аллоҳнинг қўшниси) унвонини олган ушбу муборак шахс ҳақида икки оғиз маълумот. Абулқосим Маҳмуд ибн Умар ибн Аҳмад аз-Замахшарий, Мовароуннаҳрнинг атоқли олимларидан бўлиб, ҳижрий 467 (милодий 1075) йили қадим Хоразмнинг Замахшар қишлоғида (ҳозирда Туркманистоннинг Тошҳовуз вилояти) туғилган. 21 ёшида отаси вафот этади. Бухоро ва бошқа кўпгина юртларда таҳсил олган. Иккинчи марта Маккаи мукаррамада яшаб, кўп вақтини Байтуллоҳ ёнида ўтказгани учун Жоруллоҳ (Аллоҳнинг қўшниси) лақабини олган. Фиқҳда ҳанафий мазҳабида бўлган. Тафсир, ҳадис, тилшунослик, луғатшунослик, фиқҳ, нотиқлик каби илмларда етук бўлган. Унинг элликдан ортиқ асар ёзгани маълум. “Муқаддамат ул-адаб”, “Кашшоф” (тафсир), “Эзгулар баҳори ва яхшилар баёни”, “Нозик иборалар” каби асарлари машҳур. Араб тилшунослиги ва сарфу наҳвига доир “Ал-муфассал” асари айниқса катта шуҳрат қозонган. Олимлар “шу чўлоқ бўлмаганида араблар ўз тилини билмай ўтарди”, дейишган. Дарҳақиқат унинг Абу Қубайс тоғига чиқиб, “Эй араблар! Келинг оталарингизнинг тилини мендан ўрганинг” деб даъво қилгани ҳам ривяотларда келтирилади. Олимлар уни улуғлаб, “Устоз ул-араб вал ажам” (Араблар ва ажамлар устози), “Фахру Хоразм” деб аташган. Ҳижрий 538 (милодий 1144) йили вафот этган, қабри Урганч шаҳри ташқарисида.

“Болалигимда, – деб ҳикоя қилади олим, – бир чумчуқни тутиб олган эдим. Учиб кетмаслиги учун битта оёғини ипга бойладим. Шу маҳал чумчуқ қўлимдан шарт этиб чиқиб, кенг дала томон учиб кетди. Мен эса тезда ипидан тутиб олиб, ўзим томонга қараб торта бошлаган эдим, оёғи танасидан узулиб кетди. Бу ҳолатни кўриб қолган онамнинг аччиғи келди, унинг азоб чекишига жони ачиганидан менга бақириб: “Унинг оёғини узиб юборганинг каби, Худо ҳам сенга жазо берсин …”, деган гаплар оғзиларидан шатта чиқиб кетиб қолди. Орадан анча вақтлар ўтди. Эсимдан ҳам чиқиб кетган экан. Бир куни илм таҳсилига боришимда уловнинг устидан ерга сакраб тушаман деб, оёғим чалиниб кетди. Оёғим қаттиқ шикаст еди, тузалиб кетишига анча вақт кетди, лекин унинг асорати бир умрга қоладиган бўлди. Шу билан оқсоқланадиган бўлиб қолдим”.

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

7047 марта ўқилди

Мақолалар

Top