Мақолалар

Нафл намози: Таҳийятул масжид

“Нафл намози” деб киши ўз ихтиёри билан фарзга қўшимча тарзда ўқийдиган намозга айтилади. Бу намозни Аллоҳ таоло мўминлар зиммасига фарз каби мажбурий қилмаган, балки ихтиёрий суратда адо этилса, савоб бўлади. 

Нафл намозлари икки хил бўлади: 

  1. Беш вақт фарз намозларига тобе бўлган нафллар. Булар фарзлардан олдин ёки кейин ўқиладиган намозлар бўлиб, улар “суннати равотиблар” дейилади.
  2. Беш вақт намозлардан ташқари мустақил ўқиладиган намозлар. Булар жумласига зуҳо, таҳажжуд, ҳожат сўраш ва бошқа намозлар киради. 

Таҳиятул масжид намози 

Намозхон масжидга кирганида агар фарз намозлари адо этилмаётган бўлса, масжид билан саломлашиш ниятида ўқийдиган намози “таҳийятул масжид” дейилади. Бу намозни икки ёки тўрт ракат ўқиса бўлади. Афзали тўрт ракат ўқишдир. Агар масжидга кирган киши жамоатнинг равотиб суннатларни ёки фарзни ўқиётганини кўрса, таҳийятул масжид намозини шу суннат ёки фарзларга қўшиб ният қилади. Шу билан у суннат ва ёки фарзга қўшиб таҳийятул масжидни ўқиганлик савобини олади. Аммо ниятни қилмай, суннат ёки фарзнинг ўзини ўқиса, ундан таҳийятул масжид намозини ўқиганлик савобига эришмайди. Таҳийятул масжид намозини масжидга кирган киши ўтирмасдан олдин ўқиши суннат ҳисобланади.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин”, деганлар” (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилган). Бу икки ракатли намоз “таҳийятул масжид” (масжид саломи) намози дейилади.

Шофеъий ва ҳанбалий мазҳабида таҳийятул масжидни қай вақтда бўлса ҳам: намоз ўқиш макруҳ ёки имом хутба ўқиётган пайтда ҳам ўқиш керак, дейилади. Моликий ва ҳанафий мазҳабларида эса, имом хутба қилаётган бўлса, таҳийяти масжид ўқилмайди. Шунингдек, ҳанафий мазҳабида намоз ўқиш макруҳ пайтларда ҳам таҳийятул масжид ўқилмайди. Намозхон масжидга кириши билан фарз намозни ёки бошқа бир намозни ўқисаю, таҳийятул масжидни ўқишни ният қилса, таҳийяти масжид ўрнига кифоя қилади. Бордию масжидга бир кунда бир неча бор кирадиган бўлса, бир марта ўқиса кифоя қилади.

Бу намознинг ҳукмидан Масжидул ҳаром истисно қилинган. Бу масжиднинг таҳийяти тавоф билан бўлади.

Масжидга кирганда бирор узр билан таҳийятул масжид намозини ўқий олмаса, “Субҳаналлоҳи, валҳамду лиллаҳи, ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”ни айтса кифоя қилади.

“Мўминнинг меърожи” китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

13448 марта ўқилди

Мақолалар

Top