Мақолалар

Фалокатнинг ҳам ҳикмати бордир

Ўтган замонда Аллоҳ таолонинг севимли бандаларидан бирининг боғида бир булбул яшар эди. Булбул ҳар тонгда Аллоҳнинг минг бир исмини тараннум этарди. Кунларнинг бирида шиддатли бўрон бўлиб унинг уясини  ер билан яксон қилди. Ўша кундан бошлаб булбул ғамгин бўлиб қолди.

Аллоҳнинг дўсти бир куни булбулдан нега сайрамаётганини сўради.

Булбул:

­­­– Менинг жуда ҳам чиройли уям бор эди. Унинг ичига чиройли тухумлар қўйган эдим. Бахтли ва шодон яшаётган чоғимда Раббим бир бўрон юборди. Уйим-жойим йиқилди, тухумларим нобуд бўлди. Унинг қайғусидан сайрамас бўлдим­, – деди. Қушчанинг дардини эшитган валийуллоҳ кулбасига қайтиб бу ҳикоятнинг ҳақиқатини билиш учун муроқабага ўтирди. Важдда ўтираркан, Раббил оламийн унинг кўнглига шуларни илҳом этди.

– Булбулга айтгинки, агар бўрон юбориб уясини йиқитмасак эди, япроқлар орасидан унга яқинлашиб қолган катта илон уни ютиб юборар эди.

Аллоҳнинг дўсти булбулга бу гапни сўзлаб берганидан сўнг булбул йиғлади ва истиғфор айтди. Яна Раббимизнинг минг бир исмини тараннум эта бошлади.
Жалолиддин Румий ҳазратлари айтадики:

“Туя эгаси туясининг ярасини микроб тушмасин дея доғлар экан, туянинг жони оғрийди. Туя нега азоб тортаётганини билмайди, туянинг эгаси эса бу ишни нима учун қилаётганини туяга айтмайди. Чунки суйлагани билан туя уни англай олмайди”.

Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.

 

 

1195 марта ўқилди

Мақолалар

Top