Мақолалар

Одамлар сизга меҳр кўрсатишини хоҳласангиз...

Барча нарсаларнинг асоси бўлгани каби меҳрибонлик ҳам энг юксак ахлоқ ва бошқа кўпгина хулқларнинг асл манбаси ҳисобланади. Чунки, ота-онага яхшилик қилиш, қариндош-уруғ билан алоқа қилиш, етимни бошини силаш, камбағал, бева-бечораларга, касаллар, ишчилар, ҳожатмандлар, мусибатдагиларга ёрдам бериш, қўшнилар, ошна-оғайнилар ва барча инсонларга яхши муомалада бўлиш, гуноҳкорни айбидан ўтиш, раҳбарлар билан маслаҳатлашиб иш тутиш каби бир неча фазилатлар мана шу меҳрибонлик тушунчасидан келиб чиқади.

Меҳрибонлик сўзининг асли араб тилидаги “ар-роҳмату” сўзидан олинган бўлиб, раҳматга уламолар: “Бошқа бир кишидаги мусибатни ҳис қилганда азоб чекадиган ёки ундаги ҳурсандчиликни билганида севинадиган қалбдаги юмшоқликдир”, деб таъриф беришган. Киши ўз биродарига етган қийинчилик ва ҳурсандчиликларда у билан бирга бўлиши шу раҳматдан бўлади. Меҳрибон киши раҳм-шафқатга ҳақли одамни билса унга ёрдам беришга ҳаракат қилади. Агарда, ёрдам бериш қўлидан келмаса, ёки бунинг умуман иложи йўқ бўлса ич-ичидан қийналади. Бу ҳудди Пайғамбаримиз айтганларига ўхшайди: “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат қилишларида бир жисмга ўхшайдилар. Бирон аъзо оғриса қолган аъзолар ҳам бедор ва иситма бўлиб биргаликда азоб чекади”.

Ислом меҳр-шафқат динидир. Аллоҳ таолонинг энг улуғ сифатларидан бири ҳам Раҳмондир. Раҳмон сўзининг маъноси барча махлуқотларга раҳм қилувчи, мўминга ҳам, кофирга ҳам неъматларни берувчи дегани. Ҳа, Аллоҳ таолонинг меҳрибонлиги чексиз. Ўзига итоат қилмаган гуноҳкор бандаларига ҳам ризқ бераверади. У Зот охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам раҳмат пайғамбари қилиб юборган. Қуръони каримда: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”, деган. (Анбиё 107). Оятдаги “раҳмат” жуда кенг маънони англатади. Бу ҳақиқатни, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ-одоблари, сийрат ва шамоиллари, шариатларининг бағрикенглиги, ҳатто куфр ва ширк аҳлига ҳам зулмни раво кўрмасликлари, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлар манбаи эканликларидан хабардор бўлган инсонларгина тушуна олади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларга ниҳоятда меҳрибон эдилар. Кунларнинг бирида саҳобалари билан масжидда ўтирганларида бир саҳролик аъробий келиб ўтиради. Икки ракат намоз ўқигандан кейин масжиднинг бир томонига ўтиб бавл қила бошлайди. Уни кўрган саҳобалар қаттиқ ғазабланиб, тўхтатиш учун унга ташланмоқчи бўлишганда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Уни тек қўйинглар. Бавлини устига бир челак сув қуйиб юборинглар. Сизлар осонлаштирувчи бўлинглар, қийинлаштирувчи бўлманглар”, дедилар ва аъробийни чақириб, юмшоқлик билан: “Бу масжидлар бундай бавл, нажосат нарсалар учун ярамайди. Бу ерда Аллоҳ зикр қилинади, намоз ўқилади, Қуръон қироат қилинади”, дедилар. (Бухорий ривояти)

Бу улуғ ҳикматни қаранг. Агар саҳобаларни тўхтатмаганларида нажосат ҳамма ёққа ёйиларди. Аъробийнинг саломатлигига қаттиқ зарар етарди. Энг ёмони исломдан нафратланишига сабаб бўларди. Нажосатни иши эса енгил. Бир челак сув қуйилса кифоя. Жой тоза бўлади.

Бундай мисолларни жуда ҳам кўплаб келтиришимиз мумкин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бунчалик мулойим бўлишларининг сабаби бор эди. Уни  Аллоҳ таоло қуйидагича баён қилади: Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Оли Имрон 159). Имом Бухорий Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларга раҳм қилмайдиган кишига Аллоҳ раҳм қилмайди”, деганлар. У зот ҳатто ҳайвонларга ҳам меҳр-шафқатли бўлишни таъкидлаганлар. Жумладан, ҳайвон сўймоқчи бўлган киши пичоғини ўткирлаб олиши, унинг жонини оғритмаслиги, сут соғадиганлар қўлларининг тирноғини олиб соғишлари, ҳар бир ҳўл жигари бор нарсада ажр борлиги, яъни унга ем ёки дон берса савоб бўлишини айтганлар.

Ўзини билган, Муҳаммад алайҳиссалом умматиман деган ҳар бир инсон доимо ақл билан иш тутиши, инсонларга ҳам, ҳайвонларга ҳам, ҳатто жонсиз нарсаларга ҳам зарар етказмаслиги, меҳр-шафқатли бўлиши керак. Ана шундагина оламда доимо тинчлик барқарор бўлади.

Шермуҳаммад БОЛТАЕВ

Ҳазорасп тумани «Шайх Қосим бобо» масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

3509 марта ўқилди

Мақолалар

Top