Мақолалар

Телефонда сўзлашиш одобига риоя қилайлик

Янги аср бўсағасида илмий-техника тараққиёти оқибатида ҳаётимизда мисли кўрилмаган қулайликлар юзага келмоқда. Шунингдек, янги ижтимоий муаммолар пайдо бўлиб, одамлар ўртасидаги муносабатлар шакл- шамойили ўзгариб бораётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Хусусан, бунда алоқа воситаларидан бири телефоннинг ҳозирги такомил даражаси ва ундан келиб чиққан муаммоларга бир назар ташлайлик. Ҳозирги тезкор замонимизда телефоннинг янгидан-янги турли русумлари пайдо бўлиб, улардан яхшилик ва ёмонлик йўлида фойдаланиш мумкин. Шу маънода телефоннинг ўзига яраша одоблари ва уни ишлатишда амал қилиш керак бўлган тавсияларни  ҳукмингизга ҳавола қиламиз:

  • Сўзлашувда иқтисод. Сабабсиз кўп гаплашмаслик ва бунга одатланмаслик керак. Айримлар уйқудан турганда ҳам гўдак она кўкрагини излагандек телефонини қидириб қолади. Бу ҳозирги кунда кенг тарқаган касаллик бўлиб, соғликка зарари билан бирга исроф ҳамдир. Ҳаммага маълумки шариатимиз исрофнинг барча кўринишларидан қайтаради.
  • Суҳбатдошни қийнамаслик. Масалан, телефон қилиб: “Мани танидингизми?”, демаслик, танимаса маломат қилмаслик лозим. Бундай қилиш ислом ахлоқига зиддир. “Саҳиҳайн”да Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади: “Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳузурларига бориб чақирдим. “Ким у?”, дедилар. “Мен” – жавоб қилдим. Ул зот (с.а.в.) гўё норози бўлгандек: “Мен, мен!”, деб чиқиб келдилар”.
  • Суҳбатдош ҳолатини риоя этиш, унинг узрини тўғри қабул қилиш.Чунки у касал ёки бемалол сўзлашиш имкони йўқ масжид, қабристонда каби ёхуд суҳбатни бузиш ноқулай жойларда бўлиши мумкин.
  • Масжидга кирганда телефонни ёки овозини ўчириш. Бу намоздаги хушуъ ва намозхонларнинг ҳаёлини ўғирламаслик учун керакдир. Аммо ўчирилмаган телефон эгасини ҳам айби учун ноқулай аҳволга солмаслик лозим. Имом Бухорий Абу Ҳурайра (р.а.)дан қилган ривоятларида шундай дейилади: “Бир аъробий туриб масжидга бавл қилди. Одамлар уни уришиб беришди. Шунда Пайғамбар (с.а.в.) уларга: “Уни қўйинглар, бавлига бир челак сув қуйворинглар. Сизлар эса осон қилишга юборилгансиз, қийин қилишга юборилмагансиз”, дедилар”.
  • Телефонга турли мусиқий оҳангларни ўрнатмаслик. Бу хусусан масжид ва мажлисларда фойдадан кўра одамларга кўпроқ ташвиш ва озор келтиради.
  • Илм мажлислари ва мўътабар инсонлар ҳузурида телефонни умуман ишлатмаслик. Шундай қилиш мажлис ҳайбатини сақлашга, таълим фойдаси мукаммал бўлишига ва обрўли инсонлар ҳурматини жойига қўйишга хизмат этади. Агар сўзлашувга қаттиқ зарурат бўлса, узр сўраб мажлисдан чиқиб, сўзлашиш керак.
  • Сўзлашувни суҳбатдошга билдирмай ёзмаслик ёки бошқалар олдида телефоннинг овоз кучайтиргичини ёқиб қўймаслик. Бундай қилиш оқил кишига хос иш эмас, хусусан суҳбат хос ва махфий бўлса. Чунки бу ҳам омонатга хиёнат ёки чақимчиликдан бир навдир.
  • Телефонни умумий жойларга ташлаб қўймаслик. Акси бўлса телефонида ўзи хоҳламаган сўзлашувлар амалга оширилишига ёки биров кўриши мумкин бўлмаган мактубларнинг ўқилишига, айниқса суратлар тарқаб кетишига сабаб бўлади. Бунинг орқасидан эса бугунги кунимизда ўткир муаммо бўлиб турган ноҳуш ҳолатлар юзага келади.
  • Телефонда тасвирга олишда эҳтиёт бўлиш. Оммавий муносабатларда, тўй-зиёфатларда ўзига аҳамиятсиз сурат ва видеоларни тасвирга тушириш обрў тўкилиши, оилалар бузилиши ва бошқа кўпгина ҳунук ҳолатлар ва фитналарга боис бўлади.
  • Бошқаларнинг телефонини текширмаслик, мактубларини ўқимаслик, суратларига назар солмаслик. Бундай қилиш бировнинг айбини очиш, хиёнат ва  ёмон гумон каби оғир гуноҳларга сабаб бўлади. Шу сабаб телефон соҳиби ҳам ўзини ноқулай аҳволга соладиган маълумот, мактуб ва суратларни телефонидан ўчириб ташлаши лозим. Чунки телефони йўқолиб қолса, унутса ёки бировнинг қўлига тушиб қолса қийин вазиятга тушиб қолади.
  • Одамлар орасида телефонининг мусиқа ва қўнғироқларни ёқиб ўйнайвермаслик. Хусусан, аҳли илм ва фазл олдида бу одобдан эмас.
  • Ўзини кўз-кўз қилмаслик. Масалан телефонда сўзлашаётганда атрофдагиларга ўзини ақлли ёки ўта муҳим инсон қилиб кўрсатмаслик керак. Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Унга берилмаган нарса билан ўзини тўйган қилиб кўрсатган киши, ёлғон икки кийимни кийиб олгандекдир”. Яъни ўзи улардан бўлмасада зуҳд аҳли, олим ёки бойникидек кийимлар кийиб олган кишидекдир. Имом Бухорий ривоятлари.
  • Телефондан турли фитна ва шантажлар учун фойдаланмаслик. Чунки телефон инсонга кўп қулайликлар келтириш билан бирга ёмон ниятли кишиларга бировларни лақиллатиш, обрўсини тўкиш ва қабиҳ ниятларини амалга ошириш йўлларини осонлаштириб қўйди. Киши доим мард бўлиши керак, ҳақиқий саодат бундай фитналар орқали эмас, балки ростлик ва очиқ муносабатлар билан қўлга киритилишини англаши керак.
  • Рақамни аниқ терганига ишонч ҳосил қилиш. Бундай қилинмаса ҳохланмаган кишига мактуб жўнатиб, ноқулай аҳволга тушиб қолиниши, танимаган одамга кутмаган мавзусида гапириб, тушунмовчилик юзага келиши, оқибатда бир бирига озор бериб қўйилиши мумкин. Бировга озор бериш эса динимизда доим қораланган.
  • Сўзлашув ва ёзишувлар ўзига маҳрам кишилар билан бўлиши ва номаҳрамлар билан эса фақат зарурат юзасидангина мулоқот қилиниши керак. Бунга амал қилмаслик ёмон гумонларга, ноҳуш ҳолатларга, ҳатто фожеаларга ва Аллоҳ ҳузурида эса гуноҳкорликка сабаб бўлишини унутмаслик керак.

“Гўзал хулқларни мукаммал қилишга юборилдим”, дейдилар севимли пайғамбаримиз. Ул зотга муносиб уммат бўлиш истагидаги ҳар биримизга бундай одобларга амал қилиш, ҳар бир ҳаракату сукунатимизда ислом таълимотларига мувофиқ яшаш лозим. Зеро Пайғамбар (с.а.в.): “Мўминларнинг иймони комиллари хулқи чиройли бўлганларидир”, деганлар.

ЎМИ Матбуот хизмати

4126 марта ўқилди

Мақолалар

Top