Мақолалар

Қуръон аҳлининг фазилатлари ҳақида

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассаллам айтилар: “Умматимнинг шарафлилари Қуръонни (ёдлаб) олиб юрувчилар ва кечаси қоим бўлувчилардир” (Табароний  ривояти).

Анна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассаллам айтилар: “Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор”, дедилар. Улар кимлар, деб сўрашди. У зот “Қуръон аҳли – Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир”, дедилар (Ибн Мажжа ривояти).

«Осмон эшиклари беш нарса учун очилади: Қуръон қироати, ҳужум қилганларга қарши туриш, ёмғир ёғиши, мазлумнинг дуоси ва азон учун.

Беш нарса ибодатдандир: Мусҳафга назар солиш, Каъбага назар солиш, ота-онага назар солиш, замзамга назар солиш – булар хатоларни ўчиради – ва олимнинг юзига назар солиш».

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг», дедим. У зот: «Тақво қилгин. Чунки у барча ишларнинг бошидир», дедилар. Мен: «Яна қўшимча қилинг», дедим. У зот: «Қуръон тиловатини лозим тут. Чунки у ерда нур, осмонда сен учун захирадир», дедилар».

«Ким Аллоҳ ва Расули уни яхши кўришини хоҳласа, қарасин, агар Қуръонни яхши кўрса, демак, Аллоҳ ва Расули уни яхши кўради».

«Ким фарзандига Қуръонни қараб ўқишни ўргатса, аввалу охир қилган гуноҳлари кечирилади. Ким унга ёдлатса, қиёмат куни Аллоҳ таоло уни тўлин ой суратида юборади ва фарзандига «Ўқи», дейди. Ҳар бир оятни ўқиган сайин, то ёдлаган жойининг охирига етгунича Аллоҳ азза ва жалла отасининг даражасини кўтараверади».

«Қуръонни ёдлаб, ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билса, Аллоҳ уни жаннатга киритади ва оиласидан дўзахга ҳукм қилинган ўнтасини шафоат қилишига имкон беради».

«Ким Қуръон ўқиса, у ўз ичида нубувватни ҳосил қилган бўлади (яъни нубувват хислати ва илмини қамраб олган бўлади), фақат унга ваҳий қилинмаган, холос. Қуръон соҳиби ичида Аллоҳнинг каломи бўла туриб, ўзига ўхшаган (соҳиби Қуръон) билан урушмаслиги ва жоҳил билан жоҳиллик қилмаслиги лозим. Балки у гўзал ва комил бўлиб юриши лозим. Чунки унинг ичида ва қалбида Аллоҳ таолонинг каломи бор».

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Жаннат даражаларининг сони Қуръони Карим оятларининг ададичадир». Ким тўла ёдласа, жаннатнинг энг баланд даражасига эга бўлади. Ким бир бўлагини ёдласа, даражаси шунга яраша бўлади, шу шарт биланки, ўқиган нарсасига амал қилувчи ва тадаббур қилувчи бўлсин.

Суютий айтадилар: «Қуръони Каримнинг жаннатда ўқилиши Қуръони Каримнинг хусусиятларидандир. Зеро, бошқа китоблар хусусида бунга ўхшаш ривоятлар ворид бўлмаган». Бу даражалар Қуръонга амал қилган қорилар учундир. Чунки у кунда ҳеч ким бир оят ҳам тиловат қилишга қодир бўлмайди, амал қилган бўлса, мустасно.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассаллам айтилар: “Ё Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, инсонлар худди Аллоҳнинг байтини тавоф қилганлари каби фаришталар қабринг атрофини тавоф қилади”.  (Имом Абу Нуайм ривояти).

Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассаллам айтилар: “Сизларни энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, Уни ўргатганларингиздир”  (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи вассаллам айтилар: “Қуръон бойликдир, ундан сўнг фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ” (Абу Аъло ва Таборони ривояти).

 

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Ойбек МАЪРУПОВ

тайёрлади

 

278 марта ўқилди

Мақолалар

Top