Мақолалар

“Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми”

Инсоннинг дунё ва охиратининг обод бўлиши илм олмоғи ва унга амал қилиши билан боғлиқдир. Қуръони каримнинг кўплаб оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Одам алайҳиссаломнинг фаришталар таъзимига сазовор бўлиши ҳам айнан у зотда илм бўлганидандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг каломида илмсиз кишилар ҳеч қачон илмли кишилар билан тенг бўла олмаслигини алоҳида таъкидлаб, бундай дейди: “Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар” (Зумар,9), деб марҳамат қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам илмли кишининг илмсиз кишидан даражаси юқори эканини бир неча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Абу Амома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши ҳақида гапиришди, уларнинг бири обид, иккинчиси эса олим эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг обиддан ортиқлиги худди менинг сизлардан энг қуйи даражадаги кишидан ортиқлигимга ўхшайди”, дедилар (Термизий ривояти).

Илм – руҳ озиғи. Инсоният илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-ҳаракати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади. Илм ўргатувчи устозлар бежизга “пайғамбарларнинг меросхўрлари” деб эъзозланмаганлар. Аллоҳ таоло илм аҳллари ҳақида: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” деб марҳамат қилади. (Мужодала, 11-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен муаллим (илму ҳикмат ўргатувчи) қилиб юборилдим”, деб марҳамат қилганлар. Халқимиз илм ўрганувчи ва илм ўргатувчиларни ҳамиша эъзозлаган. Устоз-шогирдлик анъаналари қадимдан ривожланган. Бунда асрлар давомида шаклланган тартиб-қоидаларга амал қилиб келинади. Инсон маънавий камолот чўққисига устозсиз ета олмайди. Бу ҳақда Алишер Навоий ҳазратлари:

Агар шогирд шайхулислом, ёхуд қозидур,

Агар устоз рози –Тангри розидур, – дейди.

Қадимдан ота-боболаримиз фарзандини: “Эти сизники, суяги бизники”, дея устозга топширган. Устоз ҳам шогирдига илму-ҳунар ўргатишга астойдил бел боғлаб, бор билимини беришга интилган, болага одоб-ахлоқни ўргатган. Оилавий муҳитда етарли талабчанлик кўрмаган болани қатъий тартиб-қоидага кўниктирган. Ана шу тартибда халқимиз азалдан илм-ҳунар ўрганган ва ўргатган. Юртимиздан донғи дунёни тутган улуғ олимлар ва мутафаккирлар кўп чиққанининг сабаби ҳам шундан. Аждодларимиздан нафақат зиёлилар, балки оддий ҳунарманд, косиб ёки деҳқонлар хонадонларида ҳам узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли диний ва илмий китобларни ўқиб берган. Ота-боболаримиз ҳамиша илмга интилган, китобни ардоқлаган, ўқиганларини бошқаларга ҳам ўргатган. Ўтмишда яшаб ўтган аждодларимиз ҳаётида биз учун устозлик борасида етарлича ибрат бор. Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий, Қозизода Румий ва Мирзо Улуғбеклар ўртасидаги устоз-шогирд муносабатлари шулар жумласидандир. Биз муҳтарам устозларимиз олдида ҳамиша ўзимизни қарздор деб биламиз.

Мустақиллик даврида кўплаб миллий қадриятларимиз халқимизга, ҳаётимизга қайтди. Шулар қаторида бугун биз сўз юритган бобомерос қадрият, устоз-шогирдлик анъаналарини янги шароитда, янги мазмунда ҳаётга татбиқ этиш имкониятлари очилди. Бугун мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида ўқиётган фарзандларимиз ўз муаллимларига “устоз” деб мурожаат қилиши урфга кирган. Бу – яхшилик аломати. Зеро, тилда қайта-қайта такрорланган калом вақти келиб, қалбга муҳрланади. Устозлар илмидан унумли фойдаланган ёшларимиз бугун илм-фан ва бошқа соҳаларда юртимиз байроғини юксак кўтаришмоқда. Умид қиламиз, келажакда фарзандларимиз орасидан Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғиноний каби етук олимлар етишиб чиқади, иншоаллоҳ!

Бунинг учун ҳар биримиз масъулмиз. Ана шу масъулиятимизни ҳис этган ҳолда фарзандларимизнинг илмли, ҳунарли бўлишлари ва бунинг учун энг аввало устозларни ҳурмат қилишлари лозимлигини уқтириб боришимиз лозим.

 

Рашидбек ЭРНАЗАРОВ,

Хоразм вилояти Боғот тумани бош имом-хатиби      

525 марта ўқилди

Мақолалар

Top