Мақолалар

Ҳаво босими ва унинг инсонга таъсири

Қуръони Карим бизга Ислом ҳидоятидан, ваъид ва огоҳлантиришларидан юраги сиқиладиган кимсалар ҳақида хабар берган. Уларнинг Қуръон тинглагандаги аҳволларини осмонга кўтарилиб кетаётган кишининг ҳолатига ўхшатган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:

 فَمَن يُرِدِ اللّهُ أَن يَهْدِيَهُ يَشْرَحْ صَدْرَهُ لِلإِسْلاَمِ وَمَن يُرِدْ أَن يُضِلَّهُ يَجْعَلْ صَدْرَهُ ضَيِّقاً حَرَجاً كَأَنَّمَا يَصَّعَّدُ فِي السَّمَاء كَذَلِكَ يَجْعَلُ اللّهُ الرِّجْسَ عَلَى الَّذِينَ لاَ يُؤْمِنُونَ

“Кимни Аллоҳ ҳидоят қилмоқчи бўлса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир. Шундай қилиб, Аллоҳ иймон келтирмайдиганларга азобни дучор қилур”. (Аллоҳ таоло бандаларидан кимга ҳидоятни раво кўрса, ўша банданинг кўксини кенг қилиб қўяди. У банда иймон ва Исломни кенг қалб ила қабул қилади. Аксинча, Аллоҳ таоло кимга залолат ва куфрни раво кўрса, унинг қалбини тор ва танг қилиб қўяди. Иймон ва Ислом ҳақида бирор гап эшитса, сиқилаверади. Илм ривожланиб, одамлар фазога учадиган бўлганларида, инсон қанчалик баландга кўтарилса, юраги–кўкси шунчалик сиқилиши кашф этилди. Агар Қуръон ҳақиқий илоҳий китоб бўлмаганда, бундан ўн тўрт аср аввал бу илмий ҳақиқатни қандай қилиб кашф этар эди?) (Анъом сураси, 125-оят).

Бугунги кунда илм тараққий этиб, инсон осмонга кўтарилиши учун қурилмалар кашф этилди. Юқорига кўтарилиш чоғида ҳаво босимининг инсоннинг ички аъзоларига таъсири ўрганилди.

Бу борада замонавий илм шундай дейди: “Албатта, Аллоҳ таоло тананинг ичидаги босимни инсонни ўраб турган ҳаво босимига мутаносиб қилиб қўйди”.

Оддий ҳолатда ташқи муҳит босими билан инсоннинг ички босими ўртасида фарқ бўлмайди. Яъни иккиси бир-бирига мутаносиб тарзда бўлади.          Космик кемалар кашф этилгач, юқорига кўтарилиш пайтида мазкур мутаносиблик йўқолиши, ички аъзоларда эзилиш, бўғилиш, юракда сиқилиш, бошда ва қулоқларда оғриқ бўлиши маълум бўлди. Инсон тепага кўтарилгани сари ҳавонинг босими пасаяди, натижада, ички босим кўтарилиб кетади. Бунинг оқибатида юрак сиқилиши, томоқда бўғилиш пайдо бўлади. Агар инсон кўтарилишда давом этаверса, охир оқибат ҳалок бўлади. Шунинг учун фазогирлар, учувчилар махсус жиҳозланган кийим (скафандр) кийиб олиб кўтариладилар.

Бунинг илмий шарҳи қуйидагича:

  • Инсон ҳавога кўтарилгани сайин ҳавонинг босими пасаяди ва инсоннинг ички босими кўтарилади.
  • Ҳаво босимининг пасайиб, нафас олишга етарли кислород бўлмайди.
  • Ҳаво совуқ бўлади ва ҳарорат даражаси ўзгарувчан бўлади.
  • Инсон атмосфера қобиғидан чиқиб, вазнсизлик ҳолатига етиб боради. Бу эса жуда хатарли вазиятдир.

Мана шу ҳолатлар инсоннинг ички аъзоларида ўзгариш содир бўлишига сабаб бўлади. Ошқозон ва ичаклардаги газлар чўзилади. Бу эса ичакларда кучли қисилишларга сабаб бўлади. Гоҳида бу газларнинг кенгайиши қориннинг шишишига олиб келади. Натижада, диафрагма (кўкрак билан қурсоқ ўртасидаги парда) юқорига сурилади. У тепага сурилгач, юрак ва ўпкаларга кучли босиб тушади. Бу босим натижасида инсон ё ҳушидан кетади ёки қаттиқ бўғилади. Бу жараён қон айланиш тизимига ҳам салбий таъсир ўтказади. Баъзан томирлар ва пардалар ёрилиб кетади. Мисол учун қулоқнинг ноғора пардаси ёрилиб кетиши ва бурундан тўхтовсиз қон оқа бошлаши мумкин.

Бу ҳолатлар Қуръон оятларини, Ислом таълимотларини эшитаётган айрим кимсаларда ҳам бўлишини Қуръони Карим баён қилган. Эшитиш асносида ўшандай кимсаларнинг юрагида сиқилиш, томоғида бўғилиш содир бўлади.

“Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир”.

Замонлар ўтиши билан илм юксалгани, ривожлангани сайин Қуръоннинг оятларидаги мўъжизалар мана шу тарзда инсониятга маълум бўлиб бораверади.

 

 

Доктор Мустафо Муслимнинг “Мабааҳис фий иъжаазил Қуръан”

номли асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

516 марта ўқилди

Мақолалар

Top